Сардоба тошқинидан жабр кўрган 4790 нафар хонадон эгаларига 186,6 млрд сўм моддий ёрдам маблағлари пластик карталарга туширилган. Тошқин оқибатида уй-жойларига жиддий зарар етган фуқаролар учун шартнома бўйича 855,4 млрд сўмга тенг 2640 та хонадонли 86 та кўп қаватли турар жой қурилган.
Уч нафар фуқаро Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги мактабда 17 та компьютерни ўғирлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, улар пойтахтнинг бошқа мактабларидаги ўғирликларга ҳам алоқадор бўлганлар.
Бахтиёр Иброҳимов Бош прокуратуранинг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар Чирчиқ шаҳар прокурори сифатида ишлаган. Иброҳимов Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг иши судгача етиб бормасидан ОАВларда айбдор деган фикрни илгари сургани билан кўпчилликка таниш.
1 февралдан нефть маҳсулотларига солинадиган солиқ ставкаларининг ўзгариши натижасида бензин нархлари ҳам ошиши кутилмоқда. Аи-80 бензини ўртача 110 сўмгача, Аи-90 ва ундан юқори маркали бензин нархлари ўртача 60 сўмдан 90 сўмгача қимматлашиши мумкин.
Cotton Campaign 2020 йилда мамлакатдаги пахта йиғим-теримларида мажбурий меҳнатга барҳам беришда «сезиларли ютуқлар» бўлганини қайд этиб, сўнгги 10 йилда илк бор мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳужжатлаштирилмагани айтилди. Шунингдек, коалиция Ўзбекистон пахта кластерлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
2021 йилнинг оҳиригача Қозоғистонда 6 млн аҳоли коронавирусга қарши эмланиши режалаштирилмоқда. Вакцинация жараёнларига фақат 18 ёшга тўлган фуқаролар ўтказилади. Бундан ташқари электрон вакцинация паспорти жорий этилиши кутилмоқда.
Фарғона вилоятида фуқаро таниши билан бирга ўзининг 3 яшар фарзандини 4000 АҚШ долларига сотаётгани аниқланди. Боланинг онаси бундан аввал ҳам шундай ҳолатни содир этгани маълум бўлган. Фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш тартибини, ҳар 10 гектар экиладиган ернинг 1 гектарини ёшларга ажратишни буюрди. Президент буни «инқилобий қарор» деб атади.
Қирғизистоннинг сайланган президенти Садир Жапаров давлат раҳбари лавозимида иш бошлади. У ўзининг инаугурация маросимидаги нутқида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтиришга ваъда берди.
Тошкент вилоятида эркак 2,5 яшар қизалоқни тинчлантириш учун бошига уриб, тан жароҳати етказди. Ҳодиса оқибатида бола вафот этди.
Ўзбекистондаги 129 та ОТМда 500 минг нафар талаба таҳсил олади, лекин улар етарлича ётоқхоналар билан таъминланмаган. Тошкентда 13 фоиз талабалар яшаш жойи билан қамраб олинган. Шавкат Мирзиёев талабалар турар жойлари сонини кўпайтиришни буюрди. «Битта хонада 4 киши бўлсин, плацкартага ўхшаб», — деди у.
Transparency International халқаро ташкилотининг 2020 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 146-ўринни эгаллади. Бу 2019 йил кўрсаткичига қараганда 7 поғонага юқори. COVID-19 пандемияси коррупция авж олган ва авторитар раҳбарлар учун давлат харажатлари устидан назоратни енгиллаштириш ва фуқаролар эркинликларини чеклаш учун баҳона бўлди, дейилади ҳисоботда.
Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти 210 та ҳудудий бўлинмаси билан биргаликда Мудофаа вазирлиги тизимига ўтказилади. Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш ва уларга касб-ҳунар ўргатиш вазифаларини бажармаётганлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 миллион кишидан ортиқ бўлган 18−30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этишини маълум қилди. Ёшлар муаммоларини ҳал этиш учун ҳудудларда сектор раҳбарлари масъул бўлади. 2021 йилда 500 минг нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади.
Ошаётган иш ҳақи ва акциз солиқлари, қоғоз кўринишидаги ойлик йўл чипталари сотувининг тўхтатилаётгани ва бошқалар — 1 февралдан Ўзбекистон қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлади?
26 январь куни имзоланган фармон билан президентга ўз ташаббуси билан исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиш ҳуқуқи берилди. Бунда афв этилаётган шахснинг илтимосномаси бўлиши талаб этилмайди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 2020 йилги «Учинчи томон мониторинги» натижаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистонда ўтган йили тизимли мажбурий ва болалар меҳнати қайд этилмагани маълум қилинди. Бундан ташқари, ҳисобот давомида 46 та мажбурий меҳнат ҳолати аниқлангани, 42 нафар мансабдор жавобгарликка тортилгани айтилди.
Самарқанд вилоятида «Spark» ва «Nexia-3» тўқнашув зарбидан йўлнинг четида турган пиёда уриб юборилди. Фуқаро тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.
Қаршида фуқарони пул эвазига Миллий гвардия тизимига ишга киритмоқчи бўлган шахс 4500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олмоқчи бўлганида ашёвий далил билан ушланди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган текширувлар натижасида жамоат жойларида фуқаролардан 567 та пичок, бир қанча болта, кастет ва биталар топилди. Совуқ қуроллар ўқув даргоҳларидаги ўсмирларда борлиги ҳам аниқланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг