Қонунчилик палатаси депутатлари 9 ойда ортиқча тўланган 126 млрд сўм солиқни қайтариш масаласи билан қизиқишди. «Бир ойда 10 трлн солиқ тушумлари тушади, ортиқча тўланган 126 млрд сўм бу нормал рақам», — деди ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев. У, шунингдек, ортиқча тўланган солиқ тадбиркорлик субъекти мурожаати ёки судни қарори билан қайтарилишини маълум қилди.
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев волонтёрлар томонидан товар ва пул олиш, кимгадир нималардир олиб бориш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан шубҳага тушаётганини таъкидлади. «Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб бориб ташаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак», — деди у.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қашқадарё вилоятида бирорта ҳам битирувчиси ОТМга кира олмаган 20 та мактаб директорини ўз лавозимидан четлатди. Юқори натижаларга эришган мактаб директорлари эса рағбатлантирилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 9 ойда табиий газни қазиб олиш 19,6 фоизга, газ канденсати эса 34,7 фоизга тушгани, бу дунё бозоридаги талаб камайиши туфайли кузатилгани айтилди. Депутат Мақсуда Ворисова, — «Ички бозорда талаб кундан-кунга ошиб бораяпти, тадбиркорларни ҳам қиш олдидан газ тармоғидан узишга мажбур бўлаяпмиз, бунга қандай изоҳ берасизлар», — дея савол берди. Энергетика вазири ўринбосари қўшма корхоналар экспортни тўхтатгани ва ишлаб чиқариш шунинг ҳисобига қисқарганини маълум қилди.
30 ноябрдан электрон кундалик учун тўловни амалга ошириш мумкин. Обуна нархи қоғоз кундаликнинг ўртача нархи каби — 9 200 сўм этиб белгиланди. У орқали ота-оналар бир йил давомида боланинг мактаб ҳаётини кузатиш имконига эга бўлади. Ўқитувчилар электрон журналдан бепул фойдалана олади.
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида вояга етмаган қиз (ногирон, 2004 йилда туғилган) 65 ёшли қўшниси томонидан жинсий зўравонликка учради. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотларига кўра, эркак 2018 йилдан бери қиз билан жинсий алоқада бўлган.
«Ўзйўлинспекция» Ўзбекистондаги 26 та аянчли ҳолатга келиб қолгани, уларни сақлашга масъул бўлган корхоналар ҳам зарур чора-тадбирларни амалга оширмаганини маълум қилди. Айрим кўприкларга яқин ўзанларда карьерлар фаолияти ҳануз тугатилмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга ихтисослашган шифохоналардаги беморлар сони ва даволанаётган коронавирус беморлари кўрсаткичлардаги фарқларга изоҳ берди. Унга кўра, расмий статистикага фақатгина махсус лаборатор текширувларда коронавирус тасдиқланганлар киритилади. Шифохоналар статистикасида эса касаллик белгилари мавжуд ёки пневмония бўлганлар, лекин инфекция тасдиқланмаган беморлар ҳам киритилган бўлади.
«Сўх воқеалари» бўйича 22 нафар шахсга нисбатан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Давлат айбловчиси Сўх воқеаларида бир қанча автомашина ва яшаш хонадонларига моддий зарар етганини айтди. Айбланувчиларнинг бир қисми айбига иқрор бўлмаган, айримлари эса қисман иқрорлигини маълум қилган.
«Доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтиб яшовчилар сони тўғрисида маълумотнома»ни [17 форма] электрон тарзда, бир неча дақиқалар ичида олиш имконияти яратилди.
Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан тергов якунланди. Суд ишини Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси кўриб чиқади. Йўлдошеванинг адвокати айбловлар асоссиз эканини айтмоқда. «Ҳозир тақдим қилинган айблов бўйича 20 та эпизод тақдим қилинган», — деди адвокат. У, шунингдек, тарқатилаётган хабарлар Йўлдошеванинг оиласига руҳим босим ўтказаётганини айтмоқда.
Ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 3 йил ичида 100 млн АҚШ долларига тенг кредит ресурлари ажратилди. Ушбу маблағ эвазига 158 минг ҳунармандлар иш билан таъминланди ва 28 мингта лойиҳалар амалга оширилди. Бундан ташқари барча хунармандларга QR кодли махсус гувоҳномалар берилди.
Тергов департаменти ижтимоий тармоқларда тарқалган «Сурхондарёда бир гуруҳ спорт мактаби тарбияланувчилари „самосуд“ уюштириб, катта жанжал келтириб чиқарди» номи остида тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди. «Самосуд» уюштирганларга «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди.
2025 йилга келиб аҳолининг умр кўриш давомийлигини 75,1 ёшдан 76,4 ёшгача ошириш ҳамда семизлиги бўлган аҳоли улушининг ўсишини 23,5% даражасида тўхтатиш режалаштирилган. Ушбу режалар соғлом овқатланишни шакллантириш дастурида белгиланади.
15 мартдан бери коронавирус беморларини даволаш учун қайта профилга киритилган Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникаси одатдаги иш режимига қайтиб, бошқа юқумли касалликларга чалинганларга хизмат кўрсатишни бошлади. Ҳозирда фақатгина «Ўзэкспомарказ»даги саралаш ва тақсимлаш маркази ҳамда Зангиота юқумли касалликлар шифохоналари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Қозоғистонда 58 ёшли Ўзбекистон фуқароси бир йил давомида меҳнат қуллигида ўтказди. Ҳужжатлари олиб қўйилган ва унга жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилинган.
Сирдарёда ўзини тасвирга олишга қаршилик кўрсатган ва ҳайдовчининг телефонини олиб қўйган ЙПХ ходими учун хизмат текшируви тайинланган эди. Натижада Сирдарёда ЙПХ инспектори лавозимидан озод этилди.
2020−2022 йилларда Оролбўйида умумий қиймати 12 трлн 300 млрд сўм бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шундан 523 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилади.
20 ноябрдан 30 ноябргача коллеж ва техникумларга кириш имтиҳонлари ўтказилади. 195 мингдан ортиқ абитуриент учун тест синовлари, 50 минг нафар абитуриент учун эса ёзма имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган.
Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда «Zamin» халқаро жамоат жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат ўз ичига аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва инклюзив таълимни ривожлантириш каби масалаларни олди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг