Қозоғистонда ғишт заводларида меҳнат қуллигида сақланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ ҳолат Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан назоратга олинди. Ушбу фуқаролар ватанга қайтарилиши, зарур ёрдамлар кўрсатилиб, Ўзбекистонда иш билан таъминланиши билдирилди.
Тошкент-Андижон йўловчи поездида турк сайёҳи жойини алмаштириш учун вагон кузатувчисига 100 минг сўм бергани ҳақида видео тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» ҳолатни ўрганди, бироқ айбдор ходимни аниқлай олмаганини маълум қилди.
Навоийдаги Сентоб қишлоғи UNWTO`нинг энг яхши туризм қишлоқлари рўйхатига киритилди. Номзодлар рўйхатига Ўзбекистондан яна 4 та туризм қишлоғи ҳам киритилганди.
Самарқанд шаҳридаги 20 та мактабда туризм соатлари йўлга қўйилиши мумкин. Улар тажриба тариқасида мактабдан ташқари таълим сифатида жорий қилинади. Кейинчалик соатлар Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзда ўқув дастурларига киритилиши режалаштирилмоқда.
Қўшкўпир туманида 19-мактаб ўқувчиларини шоли ўримига жалб қилган фермер суд қарори билан 3,3 млн сўм жаримага тортилди. Аввалроқ болаларни мактаб директори мажбурий меҳнатга жалб қилгани айтилганди, бироқ ҳолат ўз тасдиғини топмаган.
Хоразм вилоятида 3 ноябрдан совуқ сув ва оқова хизматлари нархи ошади. Йил охиригача вилоят аҳолисини марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олишни 90 фоизга етказиш, мавжуд сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш режалаштирилган.
Қозоғистонда 60 дан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қуллигидан қутқарилиб, вақтинчалик сақлаш маркази ва ҳостелга жойлаштирилди. Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари улар билан учрашди. Фуқаролар паспорти қайтариб берилса, ватанга қайтиши ва иш берувчига эътирози йўқлигини билдирди, дейилади хабарда.
Сергели тумани «Қурувчилар» мавзесидаги портлашда хонадонларга шикаст етган кўплаб фуқароларга зарар ҳалигача тўлиқ қоплаб берилгани йўқ. «Газета.uz» аҳоли, жумладан, портлашда ҳалок бўлган боланинг яқинлари билан суҳбатлашди. Туман ҳокимлиги келтирилган ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўради.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 15 октябрдан парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар бир йилда камида бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, муҳтож аҳоли мурожаатларини кўриб чиқадиган «ишонч телефони» ишга туширилади.
Asialuxe Travel миллий туроператори мактаб таътили пайитида Дубайда унутилмас тарзда саёхат қилиш ва янги уфқларни кашф этишга ёрдам беради. Бундан ташқари у ерга Тошкент ва Фарғонадан тўғридан-тўғри рейслар орқали бориш мумкин.
Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган Олтинкўл туманида яшовчи 3 нафар фуқаро қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
2021 йилда Ўзбекистонга олиб келинган асал таъмли «Док-1 Макс» сиропи таркибида ҳам заҳарли этиленгликоль моддаси бўлган. Бу Marion Biotech дориларини қабул қилган камида 65 боланинг ўлими бўйича суд мажлисида маълум қилинди.
Қозоғистон полицияси Чимкентдаги ғишт заводларида ноқонуний равишда ушлаб турилган 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини меҳнат қуллигидан озод қилди. Заводлар эгалари қўлга олинди.
Экологик ҳуқуқбузарларни жаримага тортиш ваколатига эга бўлган Миллий гвардия ва ИИО, хусусан, чиқиндиларни нотўғри жойга ташлашнинг олдини олиш мақсадида рейдлар ўтказишни бошлади. Бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида 1354 рақамига қўнғироқ қилиб ёки Tozalik лойиҳаси боти орқали ҳам хабар бериш мумкин.
Нидерландиялик сайёҳ Том Гронд пора эвазига чипта синфини «кўтариб берган» поезд бошлиғи ишдан бўшатилганидан афсусдалигини айтди. «Компания ойнадаги аксига қараши керак», деб ёзган сайёҳ чипта тоифасини ошириш учун барча расмий уринишлари зое кетгани учун пора беришга мажбур бўлганини билдирди.
Мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун 4 та йўналишда танлов фанлари белгиланди. Улар қайси йўналишни танласа, ўша фанлар чуқурлаштириб ўқитилади. Кейинги ўқув йилидан танлов фанлари кўпаяди.
Сурхондарё вилоятида йўловчи поезди Spark билан тўқнашди. ЙТҲга енгил автомобиль ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузгани сабаб бўлди. Автомобиль ҳайдовчиси вафот этган. Поезд йўловчилари жабрланмаган.
Қибрайда 2019 йилда 13 ёшли қиз 27 ёшли қўшниси томонидан зўрлангани ҳақида хабар берилган эди. Суд жиноятчига нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Самарқандда ўтказилаётган UNWTO тадбирлари доирасида Ўзбекистон вилоятлари хорижий компаниялар билан қатор келишувларга эришди. Хивада Khiva city туризм маркази, Қашқадарёда 3 метрлик дор йўли, Наманганда сунъий кўл ва Самарқандда 3та акванариум ва бошқалар қурилиши режалаштирилмоқда.
Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг 600 нафарга яқин талабаси курсдан қолдирилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг ОТМ ректори изоҳ берди. Унинг ёзишича, 532 нафар талаба академик низом талабларини қўпол равишда бузган. Ректор уларнинг масаласи таҳлил этилишини қайд этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг