Балиқчи туманида пахта қабул қилиш масканидаги хирмонда ёнғин содир бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёнғинда 12 кг пахта ёнганини айтмоқда. Лекин воқеа акс этган видеода бир хирмон тўлиқ ёниб, ёнғин иккинчи хирмонга ҳам ўтганини кўриш мумкин.
UzAuto Motors компанияси оммабоп автомобиллар бўлган Lacetti, Damas, Labo ва Cobalt нархларини оширгани маълум бўлди. Бироқ компания бу ҳақида расмий маълумот бермаган.
Тошкент шаҳридаги «Йўловчи поездларини таъмирлаш» ҳудудида 1 дона чўл бургутини тутқунликда сақлаган шахслар аниқланди. Уларга нисбатан 4 950 000 сўм жарима қўлланилди.
2024 йилда Ўзбекистонга 10 млн сайёҳ келиши кутилмоқда, деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов Самарқанд Глобал инвестиция форумида. Тадбир доирасидаги кўргазмада Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди ва Марказий Осиё давлатларининг туристик-инвестицион стендлари намойиш этилди. «Газета.uz» фоторепортажи.
Япония элчихонаси томонидан Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 35-сонли мактабгача таълим ташкилотига болалар ва ошхона мебеллари ҳамда дарслар учун аудиовизуал жиҳозлар совға қилинди.
Тошкент шаҳрида 17 октябрь куни Миллий гвардия ходими ўзини ўзи отиб қўйди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув бошланди.
Самарқандда 17 ёшли ҳайдовчи Nexia автомобилида ЙТҲ содир этди, оқибатда ўзи ва икки дўсти ҳалок бўлди. Машина бетон тўсиққа урилгач, қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва ёнғин юз берган.
Uzbekistan Airways туризм ойлиги муносабати билан 60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан катта аёлларга ички авиақатновлар учун 25 фоизли чегирма эълон қилди. Чегирма 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар амал қилади.
Тошкент вилоятида Солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистонда эса Давлат меҳнат назорати инспекцияси ходимларини пора олаётганда қўлга олингани айтилмоқда.
ҲАМАСнинг Исроилдаги ҳужумлари натижасида 1990-йилларда у ерга кўчиб кетган беш нафар асли ўзбекистонлик ҳалок бўлган. Уларда амалдаги Ўзбекистон паспортлари бўлмаган. Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси Исроил ТИВнинг ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги хабарига шундай изоҳ берди.
Фарғона туманида бир гуруҳ маҳаллий аҳоли контрабанда олиб кетаётгани айтилаётган автомобилни тўхтатган чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга жароҳат етказди. Кучлар тенг бўлмагани сабабли ҳарбийлар қурол ишлатган. Натижада икки киши ҳалок бўлди.
Поезд чипталари арзонлиги сабаб чайқовчилар билетни сотиб олиб, устига яна қўйиб сотмоқда, деди «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов. Чипталар арзонлиги учун қўлма-қўл бўлиб кетмоқда. «Арзон тариф қиламиз деб, коррупцион тизимни ўзимиз яратдик», — деди у.
Деҳқонобод туманида 43 та эчкиэмар эса ўлдирилиб, териси шилиб олган шахс аниқланди. Унга нисбатан 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги ноқонуний бино ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланганини маълум қилди. Ҳокимлик шаҳар ҳудудида маиший ва тижорат биноларига эга бўлган аҳолини ҳужжатларнинг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлигини яна бир бор синчиклаб текширишга чақирди.
Пойтахт марказидаги «Москва» кўп қаватли уйлари аҳолисига биноларнинг ташқи қиёфасини янгилаш режалари ҳақида маълумот берилгани уларда хавотир ва саволлар туғдирди. Шаҳар ҳокимлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, кўрсатилган эскизлар ҳали тасдиқланмаган ва лойиҳа аҳоли билан муҳокама қилинади.
Фарғона шаҳри ҳайвонот боғидаги зебра нобуд бўлди. 12 йил яшаган жонзот қариб ўлгани айтилмоқда. Мазкур боғда йил бошида жирафа ҳам нобуд бўлганди.
Тошкент халқаро аэропортида бешинчи расмий споттинг-тур бўлди. Унда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидан, шунингдек, Россия, Қозоғистон ва Беларусдан 50 га яқин споттер қатнашди. Фото.
Ўзбекистон мактабларида кузги таътил 4 ноябрдан бошланади. II чорак ўқишнинг биринчи куни 10 ноябрга тўғри келади.
Қашқадарё вилоятининг Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, автобусдаги портлаш оқибатида 8 киши касалхонага ётқизилган, улардан 4 нафари реанимацияда. 16 нафар жабрланганларга амбулатор ёрдам кўрсатилди.
Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг