Навоий вилоятига тайинланган ҳоким, ИШИДга қўшилмоқчи бўлган 18 ёшли қиз қамалгани, ис газининг навбатдаги қурбонлари, банкоматдаги пулларни ўғрилагани айтилаётган «Туронбанк» ходимлари, кўтарилаётган ковид статистикаси, Чорсу бозоридаги тўй фотосессияси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Китобни тайёр ҳолга келтиришда фақат унда номи қайд этилган инсонлар эмас балки, «фронт орти» — китобнинг бирор ерида исми ёзилмайдиган кўплаб инсонларнинг ҳам меҳнати ётади. «Газета.uz» мухбирлари «Ғафур Ғулом» ва «Шарқ» нашриёти босмахоналаридан китобни тайёрлаш жараёни ҳақида репортаж тайёрлади.
Жорий йилнинг сентябрида Москвадан Тошкентга кўчиб келган Доминик Мажинтас ва Евгения Рибакова Чорсу бозорида тўй фотосессиясини ўтказишди. Уларнинг суратлари тармоқларда жуда машҳур бўлди. Улар «Газета.uz»га бу ғоя қандай туғилгани ҳақида сўзлаб беришди.
UzAuto Motors компанияси Davinci 2022 мукофотининг «Иш изловчилар орасида энг талабгир иш берувчи» номинациясида ғолиб бўлди.
Тармоқларда мактаб ўқувчиларининг оммавий муштлашуви акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса Миробод туманидаги 125-мактабда содир бўлганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан безорилик бўйича жиноий иш қўзғатилди.
23 декабрдан Asialuxe Travel Мальдив оролларига чартер рейсларни амалга оширишни бошлайди. Компания у ерга қандай етиб бориш, меҳмонхона топиш ва оролларда қандай вақт ўтказиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.
ПМТИ мутахассисларининг фикрича, ўзбек аёлларидаги иқтисодий фаолликнинг пастлиги уй-рўзғор ишлари билан банд бўлишга боғлиқ. Қолаверса, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39% кам маош олади ва улар 30 ёшда мартабага эриша бошлайди.
Қашқадарё вилоятида 2022 йилнинг 9 ойида 552 та коррупцион жиноятлар (ўтган йилга нисбатан 114 тага кўп) содир этилди. Муротжон Азимов вилоятда ҳокимлик, молия ва ғазначилик бошқармаси ходимларидан 34 нафари тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатида ишлаётганини очиқлади.
Ҳукумат қарори билан давлат хизматлари марказлари орқали статистик маълумотларни олиш имконияти яратилади. Бироқ таркибида давлат сирлари ва қонунчилик билан қўриқланадиган сир мавжуд маълумотлар берилмайди. Ҳар бир маълумот учун БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Гулистон туманида электр трансформатор остига кириб қолган итни қутқармоқчи бўлган 2-синф ўқувчисини ток урди. Бола бош, қорин, қўл ва оёқ қисмидаги жароҳати билан шифохонага ётқизилди.
Миробод туманида «Туронбанк» кассири ва масъул шахслари банкоматдаги 348 млн сўмга яқин нақд пул ва 7600 долларни талон-торож қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди.
Юнусобод туманида Сурияга кетиб, ИШИД террористик ташкилоти сафига қўшилишни мақсад қилган 18 ёшли қиз 5 йилга қамалди. У ташкилот раҳнамоларининг маърузаларини тинглаб, унинг ғоявий таъсирига тушиб қолган. Қиз кетиш учун «қизил паспорт» олгани ва буни яқинлари билмаганини маълум қилди.
Адлия вазирлиги раҳбарияти ННТларни халқаро грант лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари билан ҳамкорлик қилишга чорловчи ҳукумат қарорини бекор қилишга чақирган ННТ ва фаоллар билан учрашди. Томонлар ҳужжат қайта ишланиши кераклиги борасида бир тўхтамга келди.
Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
24 ноябрь куни Ўзбекистонда 95 киши (бир кун олдин 98 киши) коронавирусга чалингани маълум бўлди. Энг кўп касаллик Тошкент шаҳрида аниқланди.
Жума куни Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +15…+17 даражагача, жанубда эса +20 даража атрофида бўлади. Дам олиш кунлари Қозоғистондаги совуқ антитциклон массалари таъсири ҳаво ҳарорати кундузи +8…+13 даража, кечаси +3…+8 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Президент қарори билан тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида биржа тизимида ҳам аккредитация қилиш тартиби жорий этилади. Шунингдек, 1 декабрдан бошлаб 13 ой муддатга монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар ишлаб чиқарган товарларни ички бозорда фақат биржа орқали сотиш белгиланди.
Фарғона вилояти Бувайда туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улар 3 кунлик ёш келин-куёв бўлгани ва эр ўзи ясаган печкалардан бирини уйга ўрнатгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди.
22 ноябрь куни Фарғона туманида аёл уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолди. Орадан икки кун ўтиб, унинг мурдаси Қирғизистоннинг Баткен вилоятидаги ариқдан топилди. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Uzbekistan Airways Конституция куни муносабати билан барча авиақатновлар учун 8% чегирма эълон қилди. Чегирма 25 ноябрдан 8 декабргача бўлган сотув даврида амал қилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг