Термиздаги масжидлар атрофида «ҳижрат» ва «жиҳод» ғояларини тарғиб қилган ҳамда келгусида Сурия ва Фаластиндаги жангларда қатнашишни режалаштирган икки эркак узоқ муддатга қамалди.
Антикоррупция агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва унинг турмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини аниқлади.
Ўтган ҳафтада ОТМларга кириш тест синовлари тартибини яна ўзгартирувчи янги қарорлар қабул қилинди. «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов таклиф этилаётган янгиликларни умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ҳамда ўзгаришларни илмий асослаш зарурлиги тўғрисида ёзади.
Экология давлат қўмитаси Қарши давлат университети ҳудудида 40 га яқин дарахт ноқонуний равишда кесилганини маълум қилди. Университет бунга қадар уч марта дарахтларни кесиш учун рухсат сўраб мурожаат қилган, аммо ҳар гал рад жавобини олган.
Фарғона вилоятининг Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаров Фарғона шаҳрига ҳокими лавозимига тасдиқланди. Унинг ўрнини эса вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Юсуфжон Хусаинов эгаллади.
Қонунчилик палатасида депутатлар «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ҳужжатда киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Давлат хавфсизлик хизматини белгилаш кўзда тутилган.
Президент қарори билан 2022−2024 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Уни амалга оширишга эса жами 76,8 трлн сўм, шу жумладан, 2022 йилда — 23,8 трлн сўм ажратилади. Жорий йилда энг кўп маблағ ижтимоий соҳалар (5,9 трлн сўм), мудофаа органлари ва ёпиқ қисм (4,5 трлн сўм), муҳим объектларни қуриш (3,9 трлн сўм), йўл-транспорт инфратузилмасига (2,7 трлн сўм) йўналтирилади.
Тошкент шаҳри Бунёд кўчасидаги омборхонада ёнғин юзага келди. ФВВ ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, ҳафта давомида илиқ ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Жума куни эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Фарғона водийсидан ташқари) ёмғир ёғади, шимолий ҳудудларда ва республиканинг тоғли ҳудудларида қор ёғиши мумкин.
Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари сифатида 2019 йилдан бери ишлаб келаётган Боҳадир Абдувалиев Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Жаҳонгир Иброҳимовнинг ўрнини эгаллади.
Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов география фани юзасидан бўлаётган муҳокамаларга муносабат билдириб, ислоҳотларни нотўғри талқин қилмасликни, таълимдаги ўзгаришларни сезиш учун камида 5−6 йил кераклигини таъкидлади. «Фарзандингиз сиз каби улғайишини истамасангиз, бизга сиз ўқиган зерикарли ва фойдасиз таълимни ўзгартиришга ёрдам беринг. Ҳеч бўлмаса, халақит қилманг», — деди у.
Энди метрода бўлганингизда қўнғироқ қилишингиз, интернетдан фойдаланишингиз ва йўл ҳақини банк картаси орқали тўлашингиз мумкин бўлди.
Ўзбекистон санъат арбоби, театр режиссёри Жўра Маҳмудов 80 ёшида вафот этди. У фаолияти давомида «Қирол Лир», «Она»,"Қиёмат қарз", «Оғриқ тишлар», «Қаердасан, жон болам» ва бошқа спектаклларни саҳналаштирган.
Суд қарори билан Тошкентда бир ҳайдовчи бошқа машинага ўқ узган ҳолатнинг ҳар икки иштирокчисига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Якшанба куни 1296 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести ижобий натижани қайд этди. Бу кўрсаткич шанба куни қарийб — 1500 га етган эди. Икки бемор касаллик оқибатида вафот этди. Қолаверса, 172 кишида пневмония аниқланди.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон технологияларда анча қолиб кетганлигини таъкидлаб, буни аэропорт терминали зинали қурилганлиги ва яқин ўтмишда трамвайлардан воз кечилганлиги билан тушунтириб берди.
Президентга Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудидаги Зарқайнар кўчасини таъмирлаш лойиҳаси тақдимот қилинди. У ерда «Эски шаҳар руҳини сақлаб қолган ҳолда» туристик марказ ташкил этиш режалаштирилган.
Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида 2022−2026 йилларда ушбу ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида жами 1 млн гектар ерга саксовул, қорабуроқ, қандим ва черкез ўсимликлари экилади. Яшил қопламалар учун 3900 тонна уруғ тайёрланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг номи «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс» деб ўзгартирилиши кутилмоқда. Қонунчилик палатаси фракциялари томонидан кўриб чиқилаётган кодекснинг янги таҳририда далиллар тақдим этиш, исбот қилиш, холислар, видеоконференция шаклидаги суд каби янги тартиблар киритилади. Ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда нақд пулда жарима ундириш бекор қилинади.
Uzbekistan Airways хабар беришича, талабалар 24 январгача бўлган авиақатновларга 50% чегирма билан харид қилинган чипталарни 23 февралга қадар бепул бошқа муддатга алмаштириб олишлари мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг