«Халқ банки» нинг Андижон вилояти Амалиёт бўлимининг 13 нафар ходими жами 4,6 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 11 нафари ҳибсга олинган, 2 нафарига эса гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов аҳолининг 65 фоизи олий таълимга ҳалиям ишонмаслиги ҳақида сўровларни кўрганлигини таъкидлади. Вазир соҳада коррупция камайган бўлса-да, тизим атрофида фирибгарлар кўпайганлигини қайд этди. «Халқ, раҳбарият олий таълимнинг „ювелир“ даражада тоза бўлишини хоҳлайди», — деди у.
Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари қўшни туманда жойлашган фермерга қарашли суғориладиган 35 гектар ерни ҳокимликда ишлайдиган танишлари орқали 90 минг доллар эвазига расмийлаштириб бермоқчи бўлганлиги айтилмоқда. Шундан 40 минг долларни олган вақтида ушланган. Унга нисбатан ЖКнинг 229−6-моддаси билан иш қўзғатилди.
Қашқадарёда туман марказий поликлиникаси бош шифокори тиббиёт бирлашмасига қарашли автотураргоҳ ҳудудидан 20 сотих ер ажратиш эвазига 2000 доллар сўраганликда гумон қилинмоқда. У шундан 500 доллар ва 10 млн сўмни ўз хизмат хонасида олаётганда ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
2021 йилда ички ишлар органларининг 89 нафар ходими 119 та коррупциявий жиноят содир этган. Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробарга кўп. Уларнинг аксарияти ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва пора «олди-берди"си билан боғлиқ.
Асака туман ҳокимлиги масъул ходими иссиқхона қуриш учун 30 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар сўрагани айтилмоқда. У шундан 8 минг долларни олаётган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Transparency International халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага юқорилаб, 180 давлат ичида 140-ўринни эгаллади. Ташкилотнинг ёзишича, сўнгги ўн йил ичида 131 мамлакат коррупцияга қарши сезиларли муваффақиятга эриша олмаган.
Боғот туманида икки фуқаро тадбиркордан 10 млрд сўм кредит олиб бериш эвазига 45 минг доллар сўрагани айтилмоқда. Ушбу пуллардан 15 минг долларини олган вақтида эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Фарғона вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори фуқарога тегишли бўлган гўшт дўконининг орқасида жойлашган 1,5 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 1000 доллар пора олган вақтида қўлга тушгани айтилмоқда. Гумондор процессуал тартибда ушланган.
Шавкат Мирзиёев бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевдан ер муносабатлари соҳасидаги қонунбузарликлар учун йирик амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди. «Катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни хурмат қилишни бошлайман», — деди давлат раҳбари.
Пойтахтда ўтган конференцияда адлия вазири Русланбек Давлетов сўнгги 5 йилда 14 мингдан ортиқ мансабдор шахс коррупциявий жиноятни содир этганини маълум қилди. Шундан энг кўпи туман миқёсидаги амалдорлар ҳисобланади. Вазир шунингдек, бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўлса, ўзаро манфаатлар тўқнашуви ортидан қонун бузилишини айтиб ўтди.
Коррупция одамларнинг раҳбарлар ва муассасаларга бўлган ишончини сусайтиради, тенгсизликни кучайтиради ва барчага зарар етказади, дея таъкидлади БМТ бош котиби Мисрда коррупцияга қарши кураш бўйича Бутунжаҳон конференцияси иштирокчиларига мурожаатида. Форумда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари 29 минг доллар миқдорида пора олган вақтида ушланди. Гумондор ушбу пулларни 2020 йили Олмалиқ прокурори сифатида ишлаган вақтидан бери танишининг тендерда ютишига ёрдам берганини айтиб, талаб қилиб келган.
Антикоррупция агентлиги коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билан чиқди. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасига кўра, коррупцияга оид жиноятлар тоифасига 15 турдаги қонунбузарлик киритилмоқда. Шунингдек, порахўрлик учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шу турдаги жиноятчиларни муддатидан илгари шартли озод қилмаслик ва жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик таклифи билдирилди.
Сўнгги бир ярим йил ичида давлат харидлари соҳасида қонунбузарликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан 21 та жиноий ва 24 та маъмурий иш қўзғатилди. Соҳалар кесимида қонунбузарликларнинг энг кўпи қурилиш ва соғлиқни сақлашга, ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига тўри келмоқда.
Президент томонидан имзоланган қонунга кўра, эндиликда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлади. Илгари фақат хабар берган шахслар назарда тутилган.
«Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи ва етакчи мутахассиси тадбиркордан савдо мажмуасини қуришда сарфланаётган сув баённомасини базага киритмаслик учун 2000 доллар талаб қилгани айтилмоқда. Етакчи мутахассис пулларнинг бир қисмини олганида қўлга тушган.
Душанба куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Янгиобод тумани прокурорининг ўринбосари 8000 доллар олган вақтида қўлга олингани айтилмоқда.
Сенаторлар 2019−2020 йиллар ва 2021 йилнинг биринчи ярмида транспорт соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг 375 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилгани, уларнинг 358 нафари коррупцияда айбланган. Ушбу жиноятлар ортидан 24 млрд маблағ талон-торож қилинган. Қолаверса, Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги 149 нафар ходим жиноят содир этган.
Суд апрель ойида 400 доллар олаётганда ушланган Гулистон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосарини фирибгарликка суиқасдда айбдор деб топди. У 73,5 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг