Шавкат Мирзиёев халқнинг пули самарасиз сарфланаётгани, ҳали ўғриликлар ва коррупция кўплигини таъкидлади. У пойтахт маҳаллаларини асфальтлаштиришни мисол қилиб келтирди. «Йўлларга катта қилиб ярим метрли бордюр қиляпти. Барака топгур, машиналар пойга ўйнайдими, бунча катта қилиб, бордюр қилиб нима қиласан?» — деди президент. Тошкентликлар бир неча ойлардан буён шу каби бордюрлардан шикоят қилиб келмоқда.
2021 йилнинг биринчи ярмида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳуқуқбузарликлари бўйича жиноий ишлар қўзғатилди. Умумий зарар миқдори 592,5 млрд сўмга баҳоланди, ваҳоланки бу кўрсаткич ўтган йил давомида 500 млрд сўмни ташкил этган эди. Энг кўп ҳолатлар — ССВ, ХТВ ва банк секторида.
Жиззах вилоятидаги туман прокурори жиноят ишига алоқадор шахсни камоққа олмаслик учун 2 минг доллар сўраган. Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари судланувчига тайинланган жазони оғирроқ жазо турига ўзгартиришга ҳаракат қилиб, биринчи енгилроқ жазони ўз кучида қолдириш учун 10 минг доллар талаб қилган. ДХХ бошқа шунга ўхшаш коррупция ҳолатлари ҳақида ҳам хабар берди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасалари муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14,9 млрд сўмга, яъни 5 млрд 643 миллион сўм қимматроққа дори воситалари харид қилганини аниқлади. «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан 500 млрд сўм миқдорида зарар етказилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилиб, етказилган зарар 450 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг қайд этишича, қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали коррупционерларга жиноий жазони ўташда енгиллик берилмайди. Масалан, коррупцион жиноятни содир этганлар муддатидан олдин озодликка чиқарилмайди, уларга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилмайди.
Охирги тўрт ярим йил ичида 9546 нафар шахс турли кўринишдаги коррупцион жиноятларни содир этган. Бунинг оқибатида давлат ва фуқаролар манфаатларига 3 трлн 200 млрд сўмга яқин зиён етказилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов даромад ва мол-мулкларни мажбурий декларация қилиш тизими нима учун давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандларини қамраб олиш билан чекланаётгани, бошқа қариндошлари ҳозирча ҳисобга олинмаётганига изоҳ берди. У тизим нима сабабдан давлат хизматчиларининг харажатларини ҳисобга олмаслиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Президент қарори лойиҳасига кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшимча чораларни амалга ошириш кутилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш қатъиян тақиқланган мансабдор шахслар ва ходимлар рўйхатини белгилаш, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви сабабли шартномалар ҳақиқий эмас деб топиш, давлат органларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ва бошқа чоралар таклиф этилди.
2022 йил бошидан давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши кутилмоқда. Бунда фақат 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкнинг келиб чиқиш манбаси тасдиқланади. Декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.
Президент фармони лойиҳасига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган мансабдор шахсларга жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда. Антикоррупция агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилади. 2022 йил 1 январга қадар «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Адлия вазирлиги коррупцияга қарши кураш бўйича президент фармони лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Унга кўра, коррупцион жиноятни содир этганларнинг очиқ электрон реестрини юритиш, уларнинг давлат хизматида ишлаши ва сайловларда қатнашишини тақиқлаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг кучайтирилиши кутилмоқда.
«Энди тизим бундан ҳам қаттиқ бўлади, мана шуни билинглар. Қонун устувор — жазо муқаррар бўлиши керак. Одамлар Ўзбекистонда коррупция йўқлигига ишониши керак. Ҳамма ҳоким хулоса қилиши керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президент коррупциянинг олдини олиш учун соҳаларни рақамлаштириш зарурлигини қайд этди.
2 йил давомида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги 100 га яқин мансабдор коррупциявий жиноятни содир этгани учун жавобгар бўлган. Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарлари 240 млн сўм, Наманган «Таъмирлаш тиклаш хизмати» корхонаси мансабдорлари 250 млн сўм ва Сурхондарё Сув таъминоти бошқармаси ходимлари 540 млн сўмни ўзлаштирган.
Ангренда 3 500 АҚШ доллари эвазига Жисмоний тарбия университетига киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди. Шунингдек, пойтахтнинг Миробод туманида 1 500 АҚШ доллар эвазига Москва давлат университетининг филиалига киритмоқчи бўлган шахс аниқланди.
Самарқанд вилоятида фуқарога 13 минг АҚШ доллари эвазига 15 гектар ер майдонини олиб бермоқчи бўлган туман солиқ инспектори ва фермер қўлга олинди.
ДХХ ва прокуратура ходимлари Жиззах шаҳар молия бўлими бошлиғи, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Ойбек Нурматовни қўлга олишди. У шаҳардаги ижтимой соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб бериш эвазига тадбиркордан 2000 доллар талаб қилгани айтилмоқда.
Президент вилоятлар ҳокимларига ҳафтада бир марта банк ва солиқ органлари раҳбарлари билан шахсан суҳбатлашиб, улар фаолиятига баҳо беришни топширди. Шавкат Мирзиёев банк ва солиқ идораларини иқтисодиётимиз учун катта тўсиқ деди. У «халқимизга ўзимиз хизмат кўрсатишни ўрганишимиз» учун банкларнинг чет эллик инвесторлар томонидан хусусийлаштирилишига рухсат бермаётганини таъкидлади.
2020 йилда 2,5 мингдан зиёд бюджет муассасасида 301 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-тарож қилинган. Қурилиш соҳасида 124 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 41 та ва таълим соҳасида 81 та коррупциявий омиллар аниқланди. Карантин муассасаларини қуришда 367 млрд сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
Шавкат Мирзиёев «жуда катта коррупцияга берилиб кетган» раҳбарларни охирги марта огоҳлантирди. Президент Самарқанд ва Андижон мисолида мутасаддиларни коррупцияга қарши етарлича кураш олиб борилмаётгани учун танқид қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг