Андижонда Андижон давлат чет тиллар институти ташкил этилмоқда. ОТМ биринчи талабаларни жорий йилда қабул қилади. Талабалар иккита чет тили бўйича малакага эга бўлишади.
Президент қарори билан 1 июлдан бошлаб давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 га қадар ҳамда тунги вақтларда хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади. Қолаверса, туркиялик мутахассислар иштирокида учта музей реконструкция қилинади.
Президент қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2022 йил ҳосилидан 2 550 минг тонна буғдой сотиб олади. Олис ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади. Донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш жараёни тезкор ва шаффоф амалга оширилиши учун d-xarid.uz ахборот тизими ишга туширилади.
Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга бир марталик моддий ёрдам тўлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ёрдам икки ҳафта ичида берилиши керак.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида маст ҳолатда бўлган шахсларга камида 10 ўринли тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади. Шунингдек, ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинганларни мажбурий даволашга юбориш ҳуқуқи берилмоқда. Қолаверса, йил охиригача наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин яратилади.
Президент қарори билан «Ишга марҳамат» мономарказларида ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа билан бирга 540 минг сўм миқдорида ҳар ой стипендия тўлаб берилади. Шунингдек, етим болалар иккиламчи бозордан давлат олиб берган уй-жойни расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун бож тўламайди.
Президент қарорига мувофиқ, ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь — Ëшлар куни ва «Ëшлар форуми» доирасида спортнинг 9 та тури бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилади. Бу орқали йил охиригача 6 млн нафар ёшларни спорт билан қамраб олиш режа қилинган. Бундан ташқари, 2023 йил 1 мартдан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари, қолаверса, мактаб ва ОТМлар доирасида ҳам мусобақалар ташкиллаштирилади.
Республиканинг барча туман ва шаҳарларида «Хавфсиз йўл» индекси жорий қилинади. Унда ҳудудларнинг йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ҳолати 29 та индикатор бўйича ҳар чоракда баҳоланади. Шунга кўра, туман ва шаҳарлар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига кўра, Рамазон ойининг бошланиши 2 апрель кунига тўғри келади. Президент муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Президент қарори билан 2022−2023 йилларда синов тариқасида тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини оширган, суғоришнинг янги технологияларини жорий этган фермер ва кластерларга ҳар бир гектар ер учун 1 млн сўмдан субсидия ажратилади. Қолаверса, тупроқ унумдорлигини оширганлик ва эрозиядан муҳофаза қилганлик учун солиқ имтиёзлари ҳам берилади.
Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар учун яратилган шароитлар, сотувга қўйилган MOBIUZ ва Tashkent City, 1 апрелдан тўлиқ ишга тушадиган Самарқанд аэропорти, тугаётган ёмғир мавсуми, Тошкент ва Олмаота ўртасида йўлга қўйилган поезд қатнови, 2030 йилгача вазирлик ва идоралар хизмат машиналарини электромобилга алмаштириш таклифи ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 24 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент қарори билан Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаби ташкил этилади. Гимнастика мактабини ташкил этиш ва жиҳозлаш учун Давлат бюджетидан жами 25 млрд сўм йўналтирилади.
Президент қарори билан боқувчиси хорижга ишлашга кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» рўйхатида турган фуқароларга 540 минг сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Уларнинг ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик араваси, эшитиш аппарати ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун 1,3 млн сўмдан ёрдам ҳам кўрсатилади. Қолаверса, дафтарлардан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан ишлашга кетганларга 10 млн сўмгача микроқарз тақдим этилади.
Президент қарори билан қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига субсидия берилади. Бунда пахта майдонлари учун 8 млн сўм — Қорақалпоғистон ва Хоразмда 12 млн сўм, сабзавот ва полиз экинлари учун 1,5 млн сўмдан 2,5 млн сўмгача, мевали экинлар учун 6 млн сўм, узум майдонлари учун эса 8 млн сўмдан ажратилади. Бунинг учун республика бюджетидан жорий йилда 1 трлн 182,4 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Президент қарори билан жамоатчилик учун очиқ бўлган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестри шакллантирилади. Хорижга илмий экспедициялар уюштирилиб, алломалар ва мутафаккирларнинг ижодига мансуб қадимий ёзма манбалар Ўзбекистонга олиб келинади. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардаги қўлёзмалар харид қилиниб, давлат тасарруфига ўтказилади. Қолаверса, қадимий қўлёзмалар таржима қилиниб, халқчил тилда нашр этилади.
Президент қарори билан бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритаётган, рақобат ривожланган соҳаларда давлат муассасалари тугатилади ёки хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда хусусий секторга сотилади. Антимонополия қўмитаси тегишли таклифларни Давлат тендер комиссиясига киритиб боради.
Президент қарори билан чорвачилик билан шуғулланувчилар томонидан импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари 2025 йилга қадар божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади. Қолаверса, 2023 йил 31 декабргача йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми (4000 сўм) ва сутнинг ҳар бир литри (400 сўм) учун субсидия икки бараварга оширилади.
Президент қарори билан 2022−2023 йилларда 10 дан ортиқ янги турдаги экспертизаларни ўтказиш йўлга қўйилади. Жумладан, видео ва фототехника, видеоларда транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш, газли ва электрошокер қуроллар, автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари портлаши, қолаверса, интернетда булутли сервислар экспертизаси ўтказилади.
Президент қарори билан Ўзбекистонда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадлари учун 2022 йилда Жаҳон банкидан 300 млн доллар кредит маблағлари жалб қилинади. Қолаверса, «Ветеринария фидойиси» ва «Чорвачилик фидокори» кўкрак нишонлари таъсис этилади.
Президент қарори билан 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чала олиш маҳорати ўргатилади ва бу уларнинг шаҳодатномасида қайд этилади. 10130 та мактаб, 323 та болалар мусиқа мактаби, 826 та маданият маркази 7 турдаги миллий чолғулар билан 3 тўпламдан таъминланади. Бунинг учун 205 млрд сўм ажратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг