Президент қарори билан аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатиш тақиқланади. Бу ҳолатла аризалар кўриб чиқишга ваколатли бўлган судга ўтказилади. Қолаверса, маъмурий судларнинг қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдорлари жаримага тортилади.
Шу йилнинг 1 апрелидан 2025 йил 1 январигача чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланади.
Президент қарорига асосан эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади. Ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет учун мақсадли скринингдан ўтказилади. Қолаверса, 25 ёшдан ошган беморларга инсулин, метформин ва бошқа дори воситалари бепул берилади.
Президент қарори билан Давлат экология қўмитаси 1 декабргача жамоатчилик, илмий-тадқиқот институтлари ва ОАВ вакилларини жалб этган ҳолда Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқади. Бундан ташқари, барча ҳокимларнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосаларига экология ва кўкаламзорлаштириш вазифалари ҳам юклатилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси норасмий валюта операцияларининг олдини олиш учун хусусий валюта шохобчаларининг ишлашига рухсат бериш таклифини илгари сурди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига янги ваколатлар берилди. Эндиликда агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни олиши ва жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа чораларни кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиши мумкин.
Президент қарорига кўра, 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 2022 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлганларни ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги электрон ахборот тизими жорий этилади. Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади.
Президент қарори асосида пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар ер деҳқончилик учун ажратилади. Бунда электрон танлов орқали 1 гектаргача бўлган ер майдонлари ижарага берилади. Қолаверса, фермер ва деҳқонлар 100 млн сўмгача имтиёзли кредит ҳам олиши мумкин.
Yoshlar, Navo ва Kinoteatr телеканаллари ихтисослаштирилган реклама хусусиятига эга бўлган канал сифатида фаолият кўрсатишига рухсат берилди.
Президент миллий телерадиокомпания тизимида Тошкент вилояти телерадиоканали — Nurafshon TV`ни ташкил этиш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Телеканалнинг асосий вазифалари ислоҳотлар ҳамда яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш, ҳудуднинг тарихи, маданияти, санъатини кенг тарғиб қилиш этиб белгиланди.
Президент ҳокимларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига ҳар қандай аралашувини тақиқлашни назарда тутувчи қарорни имзолади. Эндиликда, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар агротехник тадбирлар ўтказиш, кредитлардан фойдаланиш, буғдойни сотиш жараёнларига аралаша олмайди.
Президент қарори билан туман ва вилоят тиббиёт муассасалари учун замонавий тиббий ускуналар харид қилиш ва кадрларнинг хорижда малакасини оширишга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 млн доллар ажратилади. Маблағлар ҳокимликларга қайтариш шарти билан миллий валютада 3 йил муддатга ссуда сифатида тақдим этилади.
2021−2025 йиллар давомида бутун мамлакатда бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турлари бўйича 1164 та спорт майдончаси қурилади. Ҳар йили ушбу спорт турлари ҳамда юриш, югуриш ва мини-футбол бўйича 18 та мусобақа ўтказиш режалаштирилмоқда. Қарордаги дастур ва параметрлар тўлиқ бажарилгунга қадар бюджетдан ҳар йили 104 млрд сўмдан ажратилади.
Президент қарори билан Олимпия захиралари коллежлари негизида Олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ташкил этилади. Ундаги контингент фақат олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича шакллантирилади. Қолаверса, 3 йиллик «специалитет» дастурни амалга оширадиган Олий спорт маҳорати институти ҳам очилади.
Президент қарори билан 1000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритган маҳаллий ва хорижий инвесторларга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашни 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи берилиши мумкин. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар ва солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлар бундан мустасно.
Президент тадбиркорлик субъектларининг валюта хатарларини камайтиришга оид қарорни қабул қилди. Давлат жамғармаси хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганида компенсация тўлаб беради.
2022 йилдан 1 июлдан суғуртанинг барча турлари электрон шаклда амалга оширилса, 2023 йилдан мажбурий суғуртанинг барча турларини қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади. 2022 йил 1 июлдан эса инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозлари чиқарилади.
Президент қарори билан 82 турдаги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божхона божидан озод қилинди. Мазкур ҳужжат давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб қабул қилинди.
Президент қарорига мувофиқ, болаларда юрак нуқсонларини даволаш учун 2021 йилда 10 млрд сўмга 500 та окклюдер харид қилинади, келгуси йилдан уларнинг сони 5 мартагача оширилади. Қолаверса, туман ва шаҳар даражасида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кенг жорий этилади.
Парламент ва Вазирлар Маҳкамасининг муассислигида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсадларига эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олишини, уй-жой билан таъминланишини ҳамда касб эгаллашларини қўллаб-қувватлаш киради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг