2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида рўйхатдан ўтказганларга ўша харид суммасининг 1 фоизи бюджетдан қайтарилади. Кешбэк ҳар ой якунида жисмоний шахсларнинг банк карталарига ўтказилади. Чек бермаганлик ҳолати ҳақида хабар берганларга ундирилган жариманинг 20 фоизи мукофот тариқасида тўланади.
Президент қарори билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида хорижий давлатлар ҳарбий кадрлари ўқитилади. Улар кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинади.
Президент 1 октябргача «Очиқ бюджет» ахборот порталидаги таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 млрд сўм маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, 2022 йилдан ички йўлларни таъмирлашга ажратиладиган 50 фоиз маблағ «Очиқ бюджет» ахборот порталида аҳоли кўп овоз берган ҳудудларга йўналтирилади.
Президент қарори билан Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институти филиали очилди. ОТМда таълим фаолияти 2021−2022 ўқув йилидан бошланади. Таълим кундузги, сиртқи шаклда ҳамда масофавий тарзда йўлга қўйилади.
Хорижда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида президент қарори билан «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилди. Унинг фаолиятини бошлаш учун 5 млрд сўм ажратилади. Фондни Васийлик кенгаши бошқаради, унга эса Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев раислик қилади.
Миллий гвардия президент қарори билан ўзига бириктирилган Меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашади. Ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун «Меҳр дафтари» тизими жорий қилинади.
Президент қарори билан уйга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим болага 1 хонали, улар ўртасида никоҳ тузилган тақдирда 2 хонали уй-жой ажратиш тартиби белгиланмоқда. Бола 30 ёшга тўлгунча уйни сотиш, гаровга қўйиш ва ижарага бериш қўйиш мумкин эмас. Йил якунига қадар 757 нафар болани уй билан таъминлаш режа қилинган. Бунга қадар етим болаларга бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уйлардан ажратиб келинган.
Президент йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони ривожлантириш дастурини тасдиқлади. Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва ҳар бир олимпия захиралари коллежида тегишли бўлимлар, Миллий гвардия ҳузурида Чавандозлар мактаби ва Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилади.
Президент қарори билан бакалавр ва магистрларга Марказий банкнинг асосий ставкасида таълим кредити ажратилади. МБнинг асосий ставкаси пасайтирилса таълим кредити фоизи ҳам камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади. Кредит олиш учун талабаларнинг оила аъзолари кафил бўлишига рухсат берилади.
Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш ва шаффофлигини ошириш бўйича президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади. Ҳужжат билан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинмоқда. Шунингдек, аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади.
2021−2022 ўқув йилидан президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз давлат ОТМларига ўқишга қабул қилинади.
Президент қарори билан, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади. Шунингдек, вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолияти кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформа ишга туширилади.
2022 йил 1 январдан ҳўл пилла ҳосилининг 1 кг учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчиларга субсидия ажратилади. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади. Бундан ташқари, қоракўлчиликни янада ривожлантиришга 200 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Президент қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Барча давлат ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади. 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасидаги тендерлар натижалари очиқ эълон қилинади.
Президент фармони билан Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнида спорт анжомлари ва делегация формасини, жиҳозларини сотиб олиш бўйича шартномалар, шунингдек спорт базаларини ижарага бериш шартномаларини электрон савдолар ва танловларсиз тўғридан-тўғри тузишга рухсат берилди. Бундан ташқари, эълонларни давлат харидлари порталида жойлаштирмасликка ҳам рухсат берилади.
Президент қарори билан cпорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони таъсис этилади. Бунда, ғолиблар I, II, ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирланади.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро кинофестивали фаолиятини тиклаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Мазкур тадбир ҳар йили куз фаслида ўтказилади.
Онкологик касалликлар бўйича энг кўп мурожаатлар пойтахт ва Тошкент вилояти филиалларига тўғри келмоқда. Уларда барча беморларнинг қарийб 37 фоизи даволангани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти шифохоналарини ягона муассаса сифатида бирлаштириш таклифи билдирилди. «Натижада салоҳиятли мутахассислар ва юқори технологик ускуналар бир жойда жамланиб, даволаш сифати ошади, беморлар сарсон бўлишининг олди олинади», — дея таъкидлади президент матбуот хизмати.
Ўзбекистонда 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг контракт пуллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасаси ҳисобидан тўлаб берилади.
Президент қарори билан жорий йилда 457 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, кунлик ишчилар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун «Mening ishim» онлайн-майдони ишга туширилади. Уларнинг фаолият турлари ҳамда хизматлари тўғрисидаги маълумотлар платформа орқали бепул эълон қилиб борилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг