Шавкат Мирзиёев пенсияга чиққан шифокорларга уйида оилавий шифохона очишга рухсат берилишини маълум қилди. Бу дастлаб Сирдарёда, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади. Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, шифокор ўз уйи ёки ижарага олган биносида тиббий хизмат кўрсатади.
Президент тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувга 25 мингта савол келиб тушгани, шундан 60 фоиздан кўпроғи шахсий саволлар эканлигини таъкидлади. «Нима учун бу учрашув чўзилди? 85% муаммолар аввал ҳал қилинди. Албатта, ҳамманинг ҳам саволини бирданига ҳал қилолмаймиз. Билим билан, вақт билан ечилади», — деди у.
Президент Шавкат Мирзиёев солиқ органи раҳбарларига соҳадаги янгича ҳисобот ва ўзгаришларни билмаган тадбиркорларни жазолаш эмас, тўғри тушунтириш кераклигини таъкидлади. «Фақат биз тўғри қиляпмиз, деб юришимиз нотўғри… Энг катта муаммоингиз — тушунтириб бермаганингиз», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқотда жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштиришга эътибор қаратдилар.
18 март куни Шавкат Мирзиёев 10 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказади. Очиқ мулоқотга улардан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқотда, жумладан, икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедовни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклади.
Душанба куни президент раислигида ўтган йиғилишда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиачипталари нархининг ошишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш кераклиги айтилди.
1 июнга қадар шахснинг шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилашга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик ҳамда яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Ҳимоя ордери муддати эса 1 йилгача узайтирилади.
Шавкат Мирзиёев Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилганига муносабат билдирди. «Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани», — дея таъкидлади у. Шу боис, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, четга сотувчи корхоналарга экспортёрларнинг имтиёзлари берилиши, дастгоҳлари учун божхона божи ундирилмаслиги маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев глобал бозорлардаги нархларнинг кескин тебранишини ҳисобга олиб, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш лозимлигини таъкидлади. Ҳудудлар раҳбарларига озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, товарларни экспортга етказишда логистика масалаларини тезкор ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент қарори билан боқувчиси хорижга ишлашга кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» рўйхатида турган фуқароларга 540 минг сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Уларнинг ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик араваси, эшитиш аппарати ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун 1,3 млн сўмдан ёрдам ҳам кўрсатилади. Қолаверса, дафтарлардан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан ишлашга кетганларга 10 млн сўмгача микроқарз тақдим этилади.
Президент Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда талабалар учун ётоқхона қуриш ишлари бошланмаганини танқид қилди. Қолаверса, ижарада турувчи талабаларга субсидия бериш учун ректорларга ўтган 2 ойда 24 млрд сўм берилгани, бироқ, атиги 5 млрд сўм ишлатилгани айтилди. «Бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида бундан буён барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилишини маълум қилди. Марказий банк тажрибаси асосида Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари 3−4 курс талабаларни ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилади. Амалиёт якунида уларга доимий иш таклиф қилинади.
Пайшанба куни Исломободда бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни, икки давлат вазирлари эса 10 га яқин ҳужжатни имзолади. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Имрон Хонга Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини совға қилди. «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўл минтақалар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборишини таъкидланди. Ташрифнинг биринчи куни «Газета.uz» материалида.
Пайшанба куни Шавкат Мирзиёев Покистонга жўнаб кетди. Ташриф давомида Покистон бош вазири Имрон Хон билан савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт, логистика, инфратузилма ва туризма соҳалари юзасидан фикр алмашилади. Қолаверса, учрашувда халқаро ва минтақавий маслалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқот чоғида геосиёсий вазиятнинг ҳозирги кескинлашуви шароитида савдо-иқтисодий алоқалар ҳолатини атрофлича муҳокама қилди. Шунингдек, президентлар янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби ўринбосари — Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди. Томонлар «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси доирасида кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, ёшларни экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, «қайноқ нуқталар»дан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Президент Шавкат Мирзиёев 3−4 март кунлари Покистонга давлат ташрифини амалга оширади. Иккитомонлама музокараларда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг