Қўқонда 14 ёшли ўсмирнинг ИИБ Вояга етмаганларга ёрдам марказида вафот этиши ортидан икки нафар собиқ ИИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Аввалроқ марказ раҳбари лавозимидан озод этилганди, яна икки ходими жанжалнинг олдини олмагани учун ишдан олинганди.
Қўқон шаҳар ИИБ ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум вафот этди. Унинг ўлимига юрак касаллиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида Экология бошқармаси ва ИИБ ходимлари рейд тадбири ўтказиб, 8 нафар фуқаро 60 дона саъвани тўр ёрдамида ноқонуний овлаётганини аниқлади. Уларнинг ҳар бирига 3 млн сўм жарима қўлланди. Қушлар табиатга учириб юборилди.
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида эркак ўзаро жанжал сабаб турмуш ўртоғини уриб ўлдирди. Оқибатда икки нафар вояга етмаган бола етим қолди.
Қува туманида ЙПХ инспектори фуқаролардан пора олишга уринганликда гумонланмоқда. У ўтказилган тезкор тадбир вақтида ўзини носамимий тутиб кетиб қолган. Тўпланган ҳужжатлар прокуратурага оширилди.
Қаршида хавфсизлик камарини тақмаганлик учун белгиланган жаримадан норози бўлиб йўлни тўсган такси ҳайдовчиларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди, яна 12 нафари огоҳлантирилди.
Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари Пахтачи туманида 2 гуруҳ ўртасидаги оммавий жанжалнинг олди олинганини маълум қилди. Тезкор тадбирда 16 нафар шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Андижонда халқаро экстремистик ташкилотларга қўшилиб, уларнинг ҳаракатларида иштирок этаётганликда гумонланган 14 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинди. Уларнинг 4 нафари аёллардан иборат (рўйхат).
Тошкент тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг синфдоши 4 сотих ерни 30 минг долларга сотмоқчи бўлганда ушланди. Нурафшонда эса МЧЖ раҳбари 2 гектар ерни 500 минг долларга сотмоқчи бўлди. ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаг Департамент ва ИИВ ноқонуний ер олди-сотдиси билан боғлиқ бир қанча ҳолатларни аниқлади.
Чироқчи туманида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари ва аҳоли ўртасида можаро келиб чиқди. Фуқаролардан бири инспекторнинг погони ва бодикамерасини юлиб олган. Туман прокуратураси уларга нисбатан жиноят иши очди.
АҚШда яшовчи шериги билан Самарқандда яшовчи фуқарони 40 минг доллар эвазига Туркия ва Лотин Америкаси давлатлари орқали АҚШга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бундай ҳолатлар ҳудудда аввал ҳам қайд этилган эди.
Нишон туман Халқ таълими бўлими бош мутахассиси тадбиркордан мактабнинг эски биносини бузиш ҳуқуқи учун 5400 доллар пора талаб қилгани айтилмоқда. У пулларни олган вақтида ушланган.
Пахтаобод туманида ирригация бўлимида ишлайдиган ака ўзининг кадастр бўлимида ишлайдиган укаси орқали туман ҳокимлиги захирасидаги 10 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун сотмоқчи бўлганликда гумон қилинмоқда. Гумонланувчилар фуқародан 10,1 минг доллар олган вақтида ушланган.
Тошкент шаҳрида 6900 доллар қалбаки купюраларни сотишга уринганликда гумонланган уч киши қўлга олинди. Тошкент вилоятида эса икки фуқаро 11 минг долларни ноқонуний тарзда 125,4 млн сўмга сотмоқчи бўлганида ушланди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасига мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечиш режалаштирилмоқда. Бунда «E-patrul» тизими жорий этилиб, барча маълумотлар ҳодиса жойида планшет орқали текширилади.
Навоий вилоятидаги Лолазор эски тилла конларида Навоий, Самарқанд ва Бухородан келган 54 нафар фуқаро лицензиясиз олтин қазиб олаётгани вақтида ушланди. Улар қазиб олган, таркибида олтин зарралари бўлган қум эса текширув учун Навоий кон-металлургия комбинатига юборилди. Аввалроқ, айни шу ҳудудда 4 кишини қум босиб қолганди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Кегейли туманларида ИИБ бошлиқлари ўзгарди. Шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларининг бир қанча туман ИИБларида ҳам лавозим тайинловлари амалга оширилди.
Ғиждувон туманида гиёҳвандлик моддаси сотганликда гумон қилиниб, ички ишлар бошқармасига олиб борилган фуқаро соғлиги ёмонлашиб, вафот этди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz» га маълум қилишича, «мурдада тан жароҳати ёки унинг излари аниқланмаган». Тиббий экспертиза ўлимга ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлганини айтмоқда.
Андижон-Тошкент йўналишида таксичилик қилувчи фуқаро Тошкентга йўловчи олиб кетиб, бедарак йўқолган. Унинг жасади Тошкентдаги автотураргоҳда турган Cobalt юкхонасидан топилди. Ҳозирда 3 нафар гумонланувчи қўлга олинган.
«Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи ва етакчи мутахассиси тадбиркордан савдо мажмуасини қуришда сарфланаётган сув баённомасини базага киритмаслик учун 2000 доллар талаб қилгани айтилмоқда. Етакчи мутахассис пулларнинг бир қисмини олганида қўлга тушган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг