Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россиядаги фаолиятини тўхтатишларини эълон қилди. Агар ушбу тизимларнинг карталари Россияда чиқарилган бўлса, улар фақатгина мамлакат ҳудудида ишлайди. Бироқ бошқа мамлакатларда ва хорижий онлайн дўконларда ишламайди. Шунингдек, Россиядан ташқаридаги банклар чиқарган карталар ушбу мамлакатда қабул қилинмайди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни текшириш учун мустақил халқаро комиссия тузишга қарор қилди. Ушбу қарорни 32 давлат ёқлади, Россия ҳамда Эритрея қарши, 13 давлат эса бетараф бўлиб овоз берди.
РФ Давлат думаси мамлакат Қуролли кучлари ҳаракатлари ҳақида сохта маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. «Фейк» маълумотларни тарқатганлар 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бир вақтнинг ўзида Россияда маҳаллий ОАВлари ёпиляпти, хорижий янгиликлар нашрлари ва ижтимоий тармоқларга кириш имконияти камайиб бормоқда.
«Газета.uz» Россияда халқаро санкциялар эълон қилинганидан сўнг рубль кескин қадрсизланиб, нақд пул ва валюта тақчиллиги кузатилаётган, нархлар кескин ошган шароитда яшаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди. Улар санкциялар ва курснинг тушиб кетиши даромадлари ҳамда улар ишлаётган компанияларга қандай таъсир кўрсатгани, атрофидаги ҳолат ва Москвадаги вазият ҳақида сўзлаб беришди.
Европадаги энг йирик Запорожье АЭСи ҳудуди Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилди, атом электр станцияси яқинида ёнғин чиқди. Станциянинг асосий жиҳозларига зарар етмаган. Украина президенти Европани «уйғонишга» чақирди. МАГАТЭ можаро туфайли юзага келган ҳар қандай авария жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Apple, BMW, Lego, Ikea, Canon, FedEx каби логистика, рақамли технологиялар, онлайн-дўконлар, етказиб бериш хизматлари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи глобал компаниялар Украинадаги уруш ортидан Россияда ўз фаолиятини тўхтатмоқда.
Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақидаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди. «Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди», — дейилади баёнотда.
163 нафар Нобел мукофоти совриндорлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши очиқ хат билан чиқишди. Улар Россиянинг хатти-ҳаракатларини мустақил Украина давлати ва Украина халқига «президент Путин бошчилигидаги асоссиз ҳарбий тажовуз», деб баҳолаган. Россия томонидан Украина ҳудудига бостириб кирилиши БМТ Низомини қўпол равишда бузиш ва 1994 йилги Будапешт меморандумига нисбатан беписандлик эканлиги қайд этилган.
Вазирлар Маҳкамаси президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг режасини ишлаб чиқади.
Россия президенти Владимир Путин мамлакатдан қиймати 10 минг доллардан ортиқ хорижий валютани олиб чиқишни тақиқловчи фармонни имзолади.
Apple Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобан Россияда ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатди. Қолаверса, Россияда Apple Pay ва бошқа хизматлардан фойдаланиш ҳам чекланди. Компания шунингдек, Украина фуқаролари хавфсизлиги учун мамлакатда Apple maps`да тирбандлик ва авария ҳодисаларини кузатиш функцияларини ҳам ўчирди.
Ўзбекистондаги бир қатор банклар Россиядан пул ўтказмалари тизими фаолиятида узилишларга дуч келди. Марказий банк тижорат банклар уларнинг узлуксиз ишлаши учун чора-тадбирлар кўраётгани, муқобил хизматлар мавжудлигини маълум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги видео мурожаати давомида Харьковга амалга оширилган ракета зарбаси ҳақида гапирди. У ушбу ҳолатни «ниқобланмаган террор» деб баҳолаб, Россиянинг ўзини — террорчи-давлат деб атади.
Россия президенти Владимир Путин санкцияларга қарши курашиш бўйича махсус иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, резидентлар эндиликда хорижда очилган ҳисоб рақамларига хорижий валютани киритиш, шунингдек, хорижий электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳисобварақ очмасдан маблағ ўтказиш имконига эга эмаслар.
Харьков шаҳри маркази — Озодлик майдони, вилоят администрацияси биноси, опера театри, филармония ва турар-жой массивининг бир қисми ракета зарбасига учради. Дастлабки маълумотларга кўра, олти киши жабрланган.
Apelsin рақамли банки хабарига кўра, рублда пул маблағларини юбориш ва қабул қилиш юқори волатиллик сабабига кўра вақтинча чекланган. VISA, Mastercard ва Western Union пул ўтказмалари одатдаги тартибда ишламоқда.
Россия ҳаво ҳудудларида РФ ҳаво кемалари парвозларини чеклаган 37 та давлат самолётлари учун ўз осмонини ёпди.
Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар давомида томонлар «қатор устувор мавзуларни аниқлаб олдилар, улар бўйича муайян қарорлар аниқлаб олинди», деди Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк. У музокараларни «оғир» деб атади, аммо «улар қандайдир мажбурий ультиматумларсиз ўтганини» таъкидлади. Россия делегацияси аъзоси Леонид Слуцкий эса «музокараларнинг асосий натижаси, ушбу музокаралар бўлиб ўтганида ва томонлар бир-бирини эшита олганида», деди.
ФИФА ва УЕФА Россиядаги маҳаллий клублар ва мамлакат миллий терма жамоасини барча мусобақалардан четлатди. Бу санкциялар Россия эркаклар терма жамоаси келаси ой Жаҳон чемпионати плей-офф ўйинларидан ва аёллар жамоаси бу йил ёзги Европа чемпионатидан четлатилганини назарда тутади. Шунингдек, «Спартак» клуби ҳам Европа лигасидан четлатилди, УЕФА эса Россиянинг энергетика гиганти «Газпром» ҳомийлигидан воз кечди.
Владимир Зеленский Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши учун аризани имзолагани, Украина ва Россия музокаралари бошлангани, дунёдаги энг йирик самолёт Россия ҳарбийлари томонидан йўқ қилингани, Австралияда сув тошқинлари оқибатида саккиз кишининг ҳалок бўлгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг