Facebook давлат назоратидаги ОАВ саҳифалари ва ундаги хабарларни белгилашни бошлади. Бунда компания ОАВ ташкилий тузилмаси ҳақидаги маълумотлар, молиялаштириш манбалари, таҳририят сиёсати каби бир неча мезонларга асосланади. Ҳозирда Russia Today, Sputnik, РИА Новости, China Xinhua News ва Philippine News Agency каби ОАВ саҳифалари белгиланган.
Швеция бош эпидемиологи мамлакатда коронавирус эпидемиясининг бошиданоқ қатъий карантин чекловларини ўрнатилмаганидан афсусланишини айтди. Ҳозирда, мамлакатда коронавирусдан ўлим даражаси дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бўлиб қолмоқда, касалланганларнинг 11,6 фоизи вафот этган.
Жорж Флойд ўлимига алоқадор барча тўртта полиция ходимига айбловлар эълон қилинди. Флойдни тиззаси билан бўғиб турган полиция ходимига 40 йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Беларусь президенти Александр Лукашенко амалдаги ҳукуматни истеъфога чиқариш бўйича қарорга имзо қўйди.
АҚШда Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг бошланган ирқчилик ва полициянинг ўзбошимчалигига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Ўнлаб шаҳарларда комендандлик соати жорий этилди.
2019 йилда Украина президенти Владимир Зеленский ва унинг оиласининг умумий даромади 1,06 млн долларни ташкил этгани маълум бўлди. Декларацияга кўра, Зеленский даромадининг аксарияти тадбиркорлик фаолиятидан келган. Харажатлари эса — қарийб 500 минг доллар бўлиб, асосан президентлик сайлов кампаниясига сарфланган.
Арманистон бош вазири Никол Пашинянда ва унинг оила аъзоларида коронавирус инфекцияси аниқланди. Таъкидланишича, у музокаралар давомида хизмат кўрсатаётган официантдан COVID-19 билан зарарланган. Даволаниш пайтида бош вазир ўз уйидан туриб ишлашни давом эттиришини маълум қилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Унга кўра, федерал органлар Twitter, Facebook, Instagram ва YouTube каби йирик ижтимоий медия компанияларнинг ўз фойдаланувчилари постларини таҳрирлаш ва ўчиришларига йўл қўймайди.
Американинг Миннеаполис шаҳрида фуқаро полиция томонидан қўлга олинаётганида вафот этганидан сўнг норозилик намойишлари бошланиб кетди. Ҳукумат можарога барҳам бериш учун Миллий гвардияга мурожаат қилди.
Boeing орадан беш ой ўтиб, 737 MAX лайнерларини ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйди. Улардан фойдаланиш Индонезия ва Эфиопияда ушбу лайнерлар ҳалокатга учраганидан кейин бутун дунёда тўхтатилган эди.
Об-ҳаво туфайли Crew Dragon космик кемасининг парвози 30 майга қолдирилди. Америкалик астронавтлар 2011 йилдан бери илк маротаба Россиянинг «Союз» ракетасида эмас, Американинг SpaceX компаниясига тегишли Crew Dragon космик кемасида Халқаро космик станцияга отланаётган эди. Ушбу парвоз хусусий компания томонидан амалга оширилган биринчи учувчили парвоз бўлиши мумкин.
Коронавирус пандемияси сабабли дунёнинг турли мамлакатларида миллионлаб одамлар ишсиз қолишмоқда. Турли давлатларда ишини йўқотганларни қўллаб-қувватлаш учун қандай чоралар кўрилаётгани — «Газета.uz» таҳлилида.
Дональд Трампнинг Twitter даги хабарларига биринчи маротаба ишончсиз бўлиши мумкинлиги ва қўшимча текширув кераклиги ҳақидаги махсус белги берилди. АҚШ президенти Twitter ни сўз эркинлигини бўғишда айблади.
Россия президенти Владимир Путин мамлакада коронавирус тарқалиши ўзининг чўққисига чиққанини маълум қилиб, 24 июнь куни Москвада Ғалаба парадини ўтказишга топшириқ берди.
Facebook интернет-савдо платформасини ишга туширди. Ушбу платформа келажакда Amazon ва eBay каби интернет-савдо компанияларига рақобатчи бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Компания овқат етказиб бериш хизматларини ҳам йўлга қўймоқчи.
Исроилда Беньямин Нетаньяху устидан суд жараёни бошланди. Мамлакат тарихида илк бор амалдаги бош вазир суд қилинмоқда.
Покистонда ички рейсни амалга ошираётган самолёт аҳоли яшайдиган ҳудудга қулаб тушди. Самолётда камида 90 нафар йўловчи бўлганлиги айтилмоқда.
Хитой шимоли-шарқида 34 та янги коронавирус ҳолати аниқлангани туфайли бу ҳудудда қатъий карантин чоралари қайтадан тикланди ва 100 миллиондан ортиқ аҳоли карантинга олинди.
АҚШда коронавирус пандемияси оқибатида ишсизлик бўйича ариза берганлар сони 39 миллионга яқинлашди. Ишсизлар сони 40 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Британиянинг Кембриж университети кейинги ўқув йилини ҳам тўлиқ онлайн шаклга ўтказишга қарор қилган дунёдаги биринчи олий таълим муассасаси бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг