Арманистон КХШТ фаолиятини молиялаштиришни тўхтатади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ани Бадалянга таяниб «Интерфакс» маълум қилди.

Бадаляннинг аниқлик киритишича, Арманистон 2023 йил ноябрида қабул қилинган КХШТнинг 2024 йил учун бюджети ҳақидаги қарорга «қўшилишдан тийилади».

Шу билан бирга, Арманистон ташкилотнинг аъзоси бўлиб қолмоқда, деди ТАСС’га КХШТдаги манба.

Сўнгги ойларда Арманистон КХШТ тадбирларида иштирок этишдан бош тортди. 2023 йилда мамлакат вакиллари ноябрь ойида Минскда бўлиб ўтган икки машғулот ва ташкилот саммитида иштирок этмаган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 2024 йил февралида Ереван ташкилотдаги аъзолигини ҳақиқатда музлатиб қўйганини айтди.

Пашинян бир неча бор КХШТни Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можародаги позицияси учун танқид қилган — унинг фикрича, сўнгги йилларда Қорабоғдаги жангларга жавоб бермаган ташкилот Ереван олдидаги мажбуриятларини бажармаяпти.