Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа тумани суди 12 март куни бўлиб ўтган ёпиқ мажлисда вояга етмаган болага жинсий жиноят содир этганликда айбдор деб топилган шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда ўз ваколатлари доирасида суд ҳужжатларини болалар ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ўрганган болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати хабар берди.

Суд судланувчини Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисми «в» банди (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш / 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) айбдор деб топди.

Болалар омбудсмани идорасининг «Газета.uz»га ойдинлик киритишича, қиз нотаниш эркак билан лифтда бўлган вақтида эркак унга (ечинмаган ҳолда) ножўя ҳаракатлар қилган.

«Бундай тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликнинг янги тартибига биноан мазкур ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг маҳкумга нисбатан жазони юмшатишнинг ҳеч бир чораси қўлланмайди ва у жазони тўлиқ ўтайди», — дейилади хабарда.

Болалар омбудсмани бугунги кунда Ўзбекистон судларида «бола ҳуқуқларини ишончли таъминлаш борасида алоҳида қатъият ва боланинг энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга устуворлик ёндашуви мустаҳкамланиб бораётгани»ни таъкидлади.

«Бундай ёндашув янада барқарор давом этиши ва бу борада республикада ягона суд амалиёти шаклланиши зарур», деди у.

«Газета.uz» қонунларга киритилган, аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар ҳақида ёзганди. Улар устида бир йил давомида вазирлик ва идоралар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фуқаролик фаоллари, жумладан, Nemolchi.uz лойиҳасининг бир гуруҳи ишлаган.