27 март куни Жаҳон банки ўзининг янги — «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» ҳисоботининг асосий хулосалари ва тавсияларини тақдим этди.

Ҳисобот Олий Мажлис Сенати, Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Буюк Британия Ташқи ишлар, Миллатлар ҳамдўстлиги масалалари ва тараққиёт бўйича вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган. Тадқиқот тез орада Жаҳон банки веб сайтида эълон қилиниши керак. Ҳисоботни тайёрлашда Буюк Британия ҳукумати молиявий кўмак берган.

Фото: Жаҳон банкиФото: Жаҳон банки

Бундай тадқиқотлар Жаҳон банки томонидан маълум бир мамлакатда гендер тенглиги ҳолатини баҳолаш учун ишлатиладиган ўзига хос диагностика воситаси бўлиб хизмат қилади. Улар маълумотларни таҳлил қилади ва гендер тенглиги муаммолари билан боғлиқ асосий муаммолар ва имкониятларни аниқлайди.

«Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» ҳисоботида гендер тенглигининг асосий йўналишлари, жумладан, аёлларнинг иқтисодий фаолият ва имкониятлар, таълим тизими ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилган. Шунингдек, унда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажрашиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки билан боғлиқ вазият ўрганилади. Бундан ташқари, ҳисоботда Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурга таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатларига оид ижтимоий меъёрлар ва кутилмалар таҳлил қилинади.

Ҳисоботдан ўрин олган мамлакатдаги гендер ҳолатининг баҳосида, агар аёллар мамлакат иқтисодий ҳаётида эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади (ЯМД) тахминан 29 фоизга ошиши мумкинлиги қайд этилган. Ушбу фойдаланилмаган иқтисодий салоҳият 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин.

Жаҳон банки экспертлари мамлакатда гендер тенглигига эришиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этди. Бироқ тегишли чора-тадбирларнинг самарали ижроси ҳозирча етарлича таъминланмаган.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги турли соҳаларда, жумладан, меҳнат бозорига кириш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги тасаввурлар ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида намоён бўлмоқда.

Ушбу муаммоларга ечим топиш давлат ва жамият иштирокида комплекс ва мувофиқлаштирилган ёндашувни, жумладан, қонунчиликни янада такомиллаштириш, тегишли давлат ва жамоат институтларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Ҳисоботнинг асосий хулосалари ва тавсиялари тақдим этилган тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси, ҳукумат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этиб, мамлакатда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилди.

гендер масалалари, жаҳон банки, ялпи миллий даромад

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси етакчи иқтисодчиси Девид Найт ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича ривожланиш директори Сара Купер тадбир иштирокчиларига мурожаатлар қилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган сиёсат, қонунчилик ва институционал чора-тадбирларни қайд этиб ўтди.

гендер масалалари, жаҳон банки, ялпи миллий даромад

Ютуқлар қаторида мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришган натижалар ҳам қайд этилган. Жумладан, тенг қийматдаги иш учун аёлларга эркаклар билан тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи низомлар қабул қилинди. Айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида ушбу низомларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.

Бундан ташқари, аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Мамлакатнинг юқорида таъкидланган соҳалардаги муваффақиятлари Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» йиллик ҳисоботида қайд этилган. Унда 190 мамлакатдаги гендер тенглиги билан боғлиқ вазият баҳоланади. Ўзбекистон бошқа 18 та давлат қаторида юқорида қайд этилган аёллар ҳуқуқларини кенгайтирувчи ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида мамлакат 2022 йил октябрь ойидан буён гендер тенглиги бўйича қонунчиликни такомиллаштиришда энг юқори натижаларга эришган бешта иқтисодиётдан бирига айланди.