Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда йигит бир қизни мажбурлаб, тегажоғлик қилаётгани ва калтаклаётгани видеоси тарқалди. Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани маълумот берди.

Қайд этилишича, болалар омбудсманига 2024 йилнинг 24 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро О.Ю. дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда Чироқчи туманида яшовчи вояга етмаган қиз Б.Б.га (2006-йилда туғилган) нисбатан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу видеога олингани ва тасвирни тарқатиш билан таҳдид қилинаётгани билдирилган.

Аниқланишича, 2023 йил июль ойида Б.Б.га Ш. Х. томонидан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу ҳолат бошқа шахс — Ж.М. томонидан телефон орқали видеотасвирга олинган. Кейинчалик Ж.М. видеотасвирни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, қиздан товламачилик йўли билан пул олган, аммо шундан кейин ҳам видеотасвирни тарқатиш билан таҳдидни давом эттириб, товламачилик қилиб келган.

Мазкур ҳолат бўйича Б.Б. (2006 йилда туғилган) 2024 йилнинг 30 март кунига келибгина туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббиёт, криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган.

2024 йилнинг 8 апрель куни Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) ва 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши Қашқадарё вилояти прокуратураси назоратида экани, болалар омбудсмани эса бу борада ўз кузатувини давом эттириши таъкидланди.

Болалар омбудсмани ОАВда интернет орқали вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар юзасидан фото ёки видеотасвирларни очиқ ҳолда тарқатиш шахс, шу жумладан, бола манфаатларига мутлақо зидлигини ва бунинг учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик кўзда тутилганини эслатди.