Шанба кунидан Тошкент шаҳридаги Самарқанд дарвоза, Кўкча дарвоза ва Қоратош кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ҳокимият бу вақтда йўллар ёпилмаслиги, балки транспорт ҳаракати қисман чекланишини маълум қилди.
«Тошшаҳартрансхизмат» йўловчилар энди автобус ва электробусларга олд эшикдан чиқиб, орқа эшикдан тушиши ҳақида маълум қилди. Бу уларга қулайлик яратиш ва транспорт маданиятини шакллантириш мақсадида жорий этилгани айтилди.
Туркиянинг «TURKTAV» жамғармаси ўзбекистонлик тадқиқотчиларга Усмонлилар империясининг тарихий архивларга кириш имкониятини тақдим этди. Бу орқали ўзбек олимлари Ўзбекистон тарихига оид бир қатор ҳужжатларни тиклашлари мумкин. Жамғарма 55 минг қўлёзмани рақамлаштирган бўлиб, улар қаторидан Туркистон хонликларининг фармонлари, мактублар, Усмонлилар давлати билан муносабатларига оид ҳужжатлар жой олган.
Ҳукумат 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этишга қарор қилди. Дастлаб, буни 2019 йилда амалга ошириш режалаштирилган эди, аммо жамоатчилик норозилиги туфайли муддат 2024 йилга қолдирилганди. Кам таъминланган оилаларга формани харид қилишга кўмаклашилади.
Соғлиқни сақлаш вазири «фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйгани» учун «O‘zmedimpeks» ДУК раҳбари Диёрхон Каттаходжаев ҳамда вазирлик бошқармаси масъул ходимини ишдан бўшатди.
Меҳнат вазирлиги хорижда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни кўриш таклифини билдирди. Улар қаторидан «50×50» дастури доирасида 40,5 млн сўмгача ҳамда ҳар бир мигрант учун иш берувчига 405 минг сўмдан субсидиялар ажратиш, 1 гектаргача ерни 30 йилга ижарага бериш, қолаверса, 50 мингдан ортиқ мигрантни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ўрин олган.
Ўзбекистон ҳукумати давлат-хусусий шерикликни иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва ялпи ички маҳсулот ўсиши омилларидан бири деб ҳисоблайди, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. 2026 йилгача ДХШ лойиҳаларига 14 млрд доллар тўғридан-тўғри сармоя жалб этиш, 2030 йилга бориб эса ЯИМ ҳажмини 160 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
1 май ҳолатига Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 745 млн долларга кўпайиб, жами 35,9 млрд долларни, шу жумладан валюта қисми 13,5 млрд долларни, олтин қисми эса 21,3 млрд долларни ташкил этди.
Парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Унга амалдаги Конституцияни ишлаб чиқишда қатнашган, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раислик қилади. Комиссия «жамият — ислоҳотлар ташаббускори» ғояси асосида иш олиб боради.
Ўзгидромет шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг шимолий ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 28 м/с гача кучайишидан огоҳлантирди. Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига дам олиш кунлари деярли барча ҳудудларда ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши, тоғли ҳудудларда сел келиши кутилмоқда.
Хориждан қайтган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига «маҳаллабай ишлаш» тизими асосида хизматлар кўрсатиш режалаштирилаяпти. Президент қарори лойиҳасига кўра, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, меҳнат инспектори ёрдамчиси ва маҳалла раиси уларнинг эҳтиёжларини аниқлаб, онлайн платформаларни тўлдиради. Шунга кўра, уларга ишсизлик нафақаси, субсидия ва стипендия берилади.
Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон миллий павильони очилди. Мамлакат медиа маҳсулотларни суратга олиш учун кинокомпаниялар ва телеканалларни жалб қилишни кўзлаяпти. Келиб чиқиши Эрондан бўлган канадалик режиссёр Мустафо Кешвари Ўзбекистонда Умар Хайём ҳақида фильм суратга олишни режалаштирмоқда.
ЎзА раҳбарининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланди. 2019 йилда давлат тилини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган департамент раҳбари лавозими ноябрдан бери вакант эди.
Президент ҳузуридаги тақдимотда геология соҳасини ривожлантириш, фойдали қазилмалар захиралари ва ерости сув ресурсларини кўпайтириш, уран, литий, алюминий, магний ва бошқа ноёб металларни қазиб олишга инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига мувофиқ, туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларининг Реинтеграцияси марказларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Марказлар мигрантларга иш топиш, ўз бизнесини бошлаш, субсудия ва имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашади.
Экстремал об-ҳаво ҳолати — Ердаги иқлим ўзгаришининг кундалик «юзидир», дейилади Жаҳон метеорология ташкилотининг янги ҳисоботида. Глобал энергия ишлаб чиқаришни зудлик билан ўзгартириш орқалигина иқлим ҳалокатининг олдини олиш мумкин. БМТ қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш режасини таклиф қилди.
Депутат Расул Кушербаев «Ўзкомназорат» га Twitter блокланишини асослантирилган ҳолда тушунтириб бериш ва тармоқдан чекловни олиб ташлаш чораларини кўриш масаласида сўров киритди. Унинг сўзларига кўра, бу каби чекловларнинг ижобий тарафидан салбий оқибатлари кўпроқ.
Ўзбекистонга олиб келинадиган футбол бўйича Жаҳон кубоги, маҳаллий бюджетлар очиқлиги талабларини бузган пойтахт ва 7 та ҳудуд ҳокимиятлари, Навоийда 1,4 млрд сўмга қиммат нархда сотиб олингани спорт анжомлари, Ўзбекистонда қуриладиган 2606 км бетон қопламали ички йўллар, логистика мамлакатда заиф нуқта эканлигини айтган Туризм ва маданий мерос вазири ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 19 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
6,5 ва 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган блогерлар Отабек Сатторий ва Фозилходжа Арифходжаев Навоий вилоятидаги колонияларда сақланмоқда. Отабек қурилиш молларига нақш босаётган бўлса, Фозилходжа уста бўлиб ишлаяпти. Бу ерда шунингдек, «Аҳмадбой» номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоев ўз жазосини ўтамоқда. Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан иборат ишчи гуруҳ маҳкумларни сақлаш шароитлари билан танишди.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон яқин вақт ичида тез-тез бориб туриладиган мамлакатлардан бирига айланиши, бироқ, ҳозирда «транспорт логистикасидек заиф нуқтаси» борлигини таъкидлади. У шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар доирасида ички туризмни ривожлантириш учун «Ягона туристик бренд» яратиш кераклигини айтди. Бундан ташқари, ШҲТ мамлакатлари доирасида туристик компаниялар ва сайёҳларга кешбэк тақдим этиш таклифи илгари сурилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг