Термиздаги «Aлпомиш» кураш мажмуаси биноси томининг қарийб ярми фавқулодда вазият туфайли қулаб тушди. Қурилиш вазирлиги бузилган том қисми яроқсиз ҳолатга келганини маълум қилди.
Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг эскирганини текшираётган ҳокимлик, пора билан ушланган яна бир ҳоким ёрдамчиси, ОАВ ва кинолардаги аёл сиймосини ўрганишга чақирган Масс-медиа фонди, талабалар турар жойлари қурмоқчи бўлганларга бериладиган 50% субсидия, ўзини осиб ўлдирган 2 қашқадарёлик мактаб қизи ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 7 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Мўйноқда бўлиб ўтаётган Стихия мусиқий фестивали доирасида маҳаллий туроператор Дилфуза Кутлимуротова Оролбўйи ҳудудига бир марта келган одам табиатнинг қадрига етиб кетишини таъкидлади. «Тошкентда дарахтларни кесишаяпти — Мўйноқда эса битта баргнинг қадри баланд, ҳаттоки болалар тегинмайди», — деди у. Унинг сўзларига кўра, ўз вақтида бу ерда на сув, на электр энергия, на йўл бўлган. 2017 йилдан бери туманда инфратузилма яхшиланиши ортидан маҳаллий аҳоли билан бирга туристларнинг ҳам сони орта бошлаган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 12 мингта кўп қаватли уйнинг эскирганлик даражасини ўрганмоқда. Инвентаризация уч ойда якунланиши ва камчиликларни бартараф этиш режаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Антикоррупция агентлиги «Култепа», «Вардонзе ёдгорлиги» ва «Қулоқтепа» маданий мерос объектларига етказилган зарар сабабларини бартараф этишни сўраб, Туризм ва маданий мерос вазирлигига тақдимнома киритди. Агентликнинг таъкидлашича, қонунбузарликларга Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинмагани ва етарли назорат ўрнатилмагани сабаб бўлган.
Тошкент ҳокимлиги Туркиянинг Outdoor Factory компанияси нима учун пойтахтдаги учта давлат музейини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудратчилик ишларини бажариш ҳуқуқини тендерсиз олганини тушунтирди.
Қамаши тумани ва Қарши шаҳрида мактабда ўқийдиган қизлар ўзини осиб, вафот этгани маълум бўлди. Ҳозирда прокуратура ушбу ҳолатлар бўйича текширув ўтказмоқда.
Давлат хусусий шерикчилик асосида талабалар турар жойларини қуришни истаган тадбиркорларга бажарилган ишнинг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади. ТТЖлар лойиҳаси тендер орқали аниқланади.
2022 йилда 34 та маданий мерос объектини реставрация қилиш режалаштирилган бўлиб, бу борадаги ишлар қиймати 75 миллиард сўмни ташкил этади. Объектлар орасида Бухородаги Арк қўрғони, Масжиди Калон, Амир Олимхон мадрасаси, Толипоч қалъаси қолдиқлари, шунингдек, Қорақалпоғистондаги, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги ёдгорликлар бор.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси қабул қилинса, айрим корхоналар ўзларининг охирги бенефициар эгаларини ошкор қилишлари талаб этилади. Шунингдек, вазирлик ушбу қонун коррупция ва пул ювишга қарши курашда қандай ёрдам беришини тушунтирди.
Масс-медиа фонди Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигига мурожаатида Ўзбекистонда эълон қилинаётган янгилик, ток-шоу ва кино маҳсулотида аёл сиймосининг «мамлакат гендер сиёсати ва халқаро талабларга» мувофиқлигини малакали экспертизадан ўтказишни сўраган.
Учтепа тумани прокуратураси терговчиси 50 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Солиқ қўмитаси январь-март ойлари учун истеъмолчиларга яна 4,2 млрд сўм кешбэк тўлаб берди. Йил бошидан буён истеъмолчиларга тўланган сумма 72,3 млрд сўмга етди.
Вилоят ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан талаб юқори бўлган ерлар бўйича очиқ танлов ўтказади. Фуқаролардан ерни танловга чиқариш бўйича таклифларни кўриб чиқиш муддати 3 иш куни этиб белгиланди. Бундан ташқари, танловга чиқарилган ерни олмоқчи бўлган талабгорлар 1 мартдан кейин хориждан келган меҳнат мигрантлари бўлса, закалат пули тўлашдан озод этилади.
Сиёсий вазият сабаб «Челси» клубини сотишга қарор қилган Роман Абрамович уни америкалик ва швейцариялик миллиардерлар гуруҳига сотиш бўйича келишувга эришди. Умумий келишув суммаси 4,25 млрд фунтни ташкил этди. Энди келишувни Британия ҳукумати ва Англия Премьер-лигаси раҳбарияти тасдиқлаши керак.
4 май куни кечаси «Қамчиқ» довонида кузатилган сел оқибатида поездни электр қуввати билан таъминловчи таянч устуни қулаб тушган. Тезкор штаб томонидан электр таянч устуни ва йўл остидан қўшимча сел ўтказгич қурилди.
Давлат меҳнат инспекцияси 2021 йилда меҳнат билан боғлиқ 52,5 мингта қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади. 75 нафар мансабдор шахс мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун жаримага тортилган. Уларнинг орасида энг кўпи мактаб директорлари бўлган.
Президент 2023 йилда электротехника маҳсулотлари экспортини 1 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди. Ҳудудларда умумий қиймати 100 миллион доллардан кам бўлмаган электротехника лойиҳаларини ишга тушириш, Тошкент шаҳридаги «Технопарк» каби кластерлар ташкил этиш, мисни қайта ишлашни кўпайтириш, «Электроаппарат», «Технопарк», Artel ва Uzkabel каби қўшма корхоналарда тажриба-конструкторлик ва R&D марказларини ташкил этиш ва бошқа чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркордан 35 минг доллар пора олаётган вақтида ушланди.
Энергия самарадор уй — бу қандай уй? Жуда кам миқдорда энергия истеъмол қиладиган, ўз истеъмоли учун энергияни ўзи ишлаб чиқарадиган, иссиқ сув билан таъминланган ва иссиқликни йўқотмаслик хусусиятига эга бўлган қишлоқ ёки шаҳар турар-жой биносини тасаввур қилинг. Ўзбекистонда илк бор ана шундай намунавий уй БМТТД ва ГЭФ маблағлари ҳисобидан Нурафшонда қуриб битказилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг