Ўзгидромет томонидан Тошкент шаҳрида кундузи ўтказилган қор намуналари таҳлиллари қордаги ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори сезиларли даражада эмаслиги ва инсон саломатлигига зиён етказмаслигини тасдиқлади. Шунингдек, ёғинлар ёққанда биринчи ярим соатда ташқарида бўлиш тавсия этилмаслиги, чунки бу вақтда асосий ифлосланиш миқдори атмосферадан ювилиши айтилди.
Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтаҳур туманларида электр энергияси таъминоти узилишлар кузатилмоқда. Бунга Зангиота туманидаги «Хасково» подстанциясида қисқа туташув натижасида ўчиш сабаб бўлган.
Навоий вилояти Конимех тумани Лолазор номли чўл ҳудудида бир гуруҳ фуқаролар тупроқ таркибидан тилла қумларини кавлаб олиш вақтида 4 нафар фуқаро қум босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланганидан кейинги илк икки томонлама ташрифи 19 ноябрь куни Россияга бўлади.
«Тошкент сув таъминоти» Олмалиқ шаҳар филиали бошлиғи ва етакчи мутахассиси тадбиркордан савдо мажмуасини қуришда сарфланаётган сув баённомасини базага киритмаслик учун 2000 доллар талаб қилгани айтилмоқда. Етакчи мутахассис пулларнинг бир қисмини олганида қўлга тушган.
Президент фармони билан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти тартибга солинмоқда. Эндиликда кластерлар махсус комиссия хулосаси асосида Ҳукумат қарори билан ташкил қилинади ва 30 йилга битим тузилади. Томонлардан бири қарши бўлса, мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаса ёки кластерга аъзо фермерларнинг 66 фоизи мурожаат қилсагина битим бекор қилинади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,46 сўмга кўтарилиб, 10 755,26 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Афғонистонда 2021 йилда афюн етиштириш ҳажми 8 фоизга ўсиб, 6,8 минг тоннага етди. Бу эса 320 тонна соф героин дунё бўйлаб бозорларга киришини англатади, дейилади БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоботида.
Қирғизистонда кузатилган зилзила Ўзбекистон ҳудуларида ҳам сезилди. Жумладан, Хонободда 3−4 балл, Қўрғонтепада 3 балл, Жалақудуқда 3 балл, Пахтаободда 3 балл, Асакада, Норин, Марҳамат ва бошқа туманларда 2 баллик силкинишлар қайд этилди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин валюта захираси 35,21 млрд долларни ташкил этган. Ўтган ой билан таққослаганда, захиралар 797,1 млн долларга ёки 2,3 фоизга ўсган. Бунга жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши сабаб бўлган.
Қаттиқ қор ва ҳаво ҳароратининг кескин тушиши сабабли Тошкент аэропортида қатор рейслар кечиктирилди. Дубайга учган HY-333 рейсининг самолёти йўловчининг қариндоши вафот этгани сабабли учишдан бош тортгани сабабли кечиктирилганлиги маълум бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев йил охиригача Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда Қозоғистон давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқотда келишувга эришилди.
Россиянинг яна саккизта олий ўқув юрти Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш ниятида, улардан учтаси яқин кунларда ўзбекистонлик талабаларни қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда иккинчи Россия-Ўзбекистон таълим форумида муҳокама қилинди.
Чоршанба куни эрта тонгда пойтахтда ифлос қор ёғди. Ўзгидромет бунга 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлганини маълум қилди. Шунингдек, бу инсон саломатлигига зиён етказмаслиги айтилмоқда.
Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги сув қувури ётқизилиш вақтида тупроқ ўпирилишидан 2 киши ҳалок бўлган эди. Ҳолат юзасидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов республикадаги барча маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимига молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран ўтказилаётганига изоҳ берар экан, «бу ноқонуний», дея таъкидлади. «Ҳеч кимни мажбур қилишга ҳаққи йўқ… Тазйиқлар бўладиган бўлса мурожаат қилиши мумкин», — деди у. Вазир шунингдек, касбни эркин танлаш конституциявий ҳуқуқ эканлигини эслатиб ўтди.
Абдуғаффор Қирғизбоев Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланди. Университетнинг собиқ ректори Алишер Умаров лавозимидан озод этилди.
17 ноябрь куни «Халқаро талабалар куни» нишонланади. Талабалик — олтин давр, дейишади. Чиндан ҳам бу давр «олтин»ми, талабаликнинг қандай қийинчилик ва машаққатлари бор? «Газета.uz» турли университетларда ўқийдиган талабардан мазкур саволларга жавоб олди.
Президент фармони билан 2018 йилдан бери халқ таълими вазири сифатида ишлаб келаётган Шерзод Шерматов АКТ вазири лавозимига тайинланди. Унинг ўрнига эса 2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси лавозимида фаолият юритган Бахтиёр Саидов вазир бўлди.
Тошкентда биринчи қор ёғмоқда. Эрта тонгдан ёғган қор лой қатлами билан қоплангани кузатилмоқда. Кейинроқ у яна оқ тус олиб, кучайди. Дарахтлар шохлари намликнинг оғирлиги туфайли баъзи жойларда қулаб тушди. «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин пойтахт бўйлаб сайр қилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг