Маданий мерос агентлиги Тошкентдаги 150 дан ортиқ фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар бўлган уйларни давлат ҳимоясига олиш ишлари амалга оширилаётганини маълум қилди. Мозаикалар маданий мерос обектлари рўйхатига киритилгач, уларга зарар етказганлар жазоланади.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов, Ботир Қобилов ва Отабек Бакировнинг Тошкент инвестиция форумидаги унинг нутқи юзасидан фикр-мулоҳазалари билдирилган «Газета.uz» материалига жавоб қайтарди. «Дарсликдаги нормалар ҳеч бир давлатда бевосита ишламайди».
1 март ҳолатига кўра, банкларнинг муаммоли кредитлари (NPL) миқдори 265 млрд сўмга пасайиб, 17 трлн 212 млрд сўмга тенг бўлди. NPL камайишида «Ипотека-банк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Халқ банки» ушбу кредитларнинг бир қисмидан ҳалос бўлгани асосий роль ўйнади.
Ўзбекистонга келаётган Туркия президенти, «Очиқ бюджет» порталида маблағ ажратишга овоз бериш жараёнини «тиланчилик» деб атаган «Адолат» партияси вакили, Сурхондарёда картошкага ўхшатиб қадоқланган 154 кг «гашиш», Украинадаги уруш барчани бирлаштирганини айтган Харьковдаги «Наврўз» ресторани бошқарувчиси, Қарши шаҳар ҳокими ҳар икки кунда ўзи қабул қилган битта қарорни бекор қилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 28 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 12,57 сўмга пасайиб, 11 474,30 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Йирик компаниялар Россияни тарк этиши фонида Ўзбекистон минтақавий саноат ва тижорат ҳабига айланиш учун ноёб имкониятга эга, деб ҳисоблайди тадбиркор Зафар Ҳошимов. «„Хавф ва таҳдид сотувчилари“ бизни яна қўрқитишига ва ўтмишга қайтаришига йўл қўймаслигимиз керак», — деди у.
Судьялар олий кенгаши 2021 йилда 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилгани, яна 220 нафар судья камчиликларга йўл қўйгани учун интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида эса, 22 нафар судья ишдан олинган, 80 нафарига интизомий чора қўлланилган.
28 март ҳолатига e-qaror.gov.uz электрон тизимида 221 та вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари қабул қилган 76 мингга яқин ҳоким қарорлари ҳақида маълумот мавжуд. Ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳокимиятлар бир йил ичида кунига ўртача 177 та қарор қабул қилган. Қарши шаҳар ҳокими эса ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни бекор қилади.
«Адолат» партияси вакили Гулнисо Саидова «Очиқ бюджет» порталида фуқаролар муаммолар ечими бўйича ташаббусларни таклиф этиб, бунга овоз тўплаш жараёнини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, «бу ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказоларга давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиланчиликдир». Сўнгги уч ойнинг ўзида платформада 69,7 минг ташаббусга 5,9 млнта овоз берилган.
Швейцария компанияси Давлат экология қўмитасига электролиз орқали сувни 99,99% гача вируслар, шу жумладан COVID-19, бактериялар ва бошқалардан тозалайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклиф берди. Экоқўмита ҳамкорлик имкониятларини тегишли вазирлик ва идоралар билан кўриб чиқишини маълум қилди.
Сурхондарё вилоятидаги «Айритом» чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган юк машинасига ортилган 22 тонна картошка орасига 154 кг «гашиш» яшириб қўйилгани аниқланди. Ушбу гиёҳвандлик моддаси картошкалар кўринишида қадоқланган.
Бир неча ҳафтлардан бери ўққа тутилаётган Украинанинг Харьков шаҳрида маҳаллий аҳоли «Наврўз» ўзбек ошхонаси ресторанида бепул тушлик олишлари мумкин. Бу — ресторан эгаси ва Харьковдаги ўзбек диаспораси раҳбари Шаҳобиддин Юсуповнинг ташаббуси. «Газета.uz» унинг ҳамкасби, ресторан бошқарувчиси Мейдан Мухамедьяров билан суҳбатлашди.
Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Lacetti ҳайдовчиси ЙПХ ходимларининг кўрсатмасига бўйсунмасдан, қочишга уринди. Автомобиль салони кўздан кечирилганида, кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. Ҳайдовчини ушлаш акс этган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.
Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистонга 60 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига мамлакатда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш даражасини 90 фоизга, ҚҚС ундиришни 75 фоизга етказиш, солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш вақтини икки баробарга қисқартириш мақсад қилинган.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 29−30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилди.
Март ойи охиригача республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат сешанба куни баъзи ҳудудларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат жанубда +25 даражагача кўтарилади.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими катта мутахассиси фуқарога уй олиш учун субсидия ажратиб бериш эвазига 1200 доллар пора олганликда гумон қилинмоқда. Тезкор тадбир давомида унинг ёнидан «марихуанна» ва уни истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама ҳам топилгани айтилмоқда.
Uzbekistan Airways Наманган — Олмаота — Наманган йўналиши бўйича янги авиақатновларни йўлга қўймоқда. Парвозлар ҳафтада икки марта амалга оширилади.
Музработ туманида корхона раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш учун ажратилган 220 минг доллар кредит маблағини ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Унинг асл баҳоси 737,8 млн сўм бўлган бино нархини сунъий равишда ошириб, уни 2,5 млрд сўмга гаров таъминоти сифатида қўйгани ҳам аниқланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг