Ўзбекистонда стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи — «олтин акция» бекор қилинмоқда. Қолаверса, энди унитар корхонада кузатув кенгаши ташкил этилиши ва у корхона бошқарув органи бўлиши мумкин. Кенгаш аъзоларининг ваколат муддати эса 3 йилгача узайтирилди.
Президент фармойиши билан Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси «одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун» лавозимидан озод қилиниб, судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяларининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.
Самарқанд давлат университетининг кечки бўлимида таҳсил олган қиз ўзини ётоқхонанинг 9-қаватидан ташлаб юборди. ОТМ проректори талабанинг университет ўқитувчилари ва талабалари билан ҳеч қандай низоли вазияти бўлмаганини маълум қилди.
Uzcard NFC технологияси бўйича контактсиз тўловни қўллаб-қувватловчи янги турдаги картани тақдим этди. Компания маълум қилишича, мижоз банкка мурожаат қилган вақтдан мазкур картани фаоллаштиришга қадар бўлган муддат 5 дақиқани ташкил этади. Ушбу карталарнинг рақами ҳам одатдагидек 8600 дан эмас, балки 5614 дан бошланади.
ДТМ раҳбари Мажит Каримов жорий йилги тест синовларини ўтказишдаги муҳим ўзгаришларни санаб ўтди. Жумладан, унинг сўзларига кўра, бу йил 2 млн нафарга яқин талабгор тест синовидан ўтказилиши прогноз қилинмоқда. Айни пайтда учта вилоятда тест синовларини йил давомида ўтказишга мўлжалланган бинолар қурилмоқда. Шунингдек, у қоидаларни бузган абитуриентлар 5−7 йилгача тестдан четлатилиши мумкинлигини маълум қилди.
Бухородаги «Ситораи Моҳи Хосса» тарихий музей-мажмуасида товус патини юлиб олган қизнинг онасига болаларни тарбиялаш борасидаги мажбуриятларни бажармагани учун баённома тузилди.
ДХХ Боёвут туманида хорижий корхона ва маҳаллий МЖЧ биргаликда қуён етиштириш ниқоби остида ноқонуний майнинг ферма ташкил этганини аниқлади. Бунинг оқибатида фермада 2020 йилнинг августидан бери 7,7 млн долларга тенг криптовалюта ишлаб чиқарилгани, қолаверса, катта ҳажмдаги электр энергияси учун паст нархда тўлов қилиш орқали давлат манфаатига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани айтилмоқда.
2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига борадиган 32 та терма жамоанинг 27 таси маълум бўлди. Европада саралаш ўйинлари финалида Португалия Шимолий Македонияни, Польша Швецияни 2:0 га енгиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Африкада Жазоир Камерунга ютқазиб қўйди. Салоҳ ва Манэ қарама-қаршилигидан сўнг, Миср Қатарга бормайдиган бўлди.
Тергов ва суриштирув вақтида шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарарни давлат тўлаб беради. Фуқаролик кодексига бу борада тегишли қўшимча киритилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Самарқанд ва Фарғона вилоятларида фирибгарлик йўли билан ер сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Жумладан, Ургутда МТП раҳбари 3,6 сотих ерни 40 млн сўмга сотмоқчи бўлиб, 30,4 млн сўмни комбайнчиси орқали олаётганда ушланди.
Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси Тошкент вилоятида янги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ҳамда Сирдарё вилоятида яна бир ИЭС қурилишини бошлади. Туркия ва Ўзбекистон президентлари рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги ИЭСни ишга туширди ва Ховос туманидаги ИЭС қурилишини бошлаб бердилар.
Ўзбекистон ва Туркия президентлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар мақомини «кенг қамровли стратегик шериклик» босқичига кўтаришга келишиб олди. Музокаралар якунида 10 та ҳужжат, шу жумладан, имтиёзли савдо, мудофаа соҳасида ҳамкорлик ва маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимлар имзоланди. Шунингдек, Режеп Таййип Эрдоған Шавкат Мирзиёевни Туркияга таклиф қилди (фото).
Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамраев дунёда рўй бераётган сўнгги воқеалар Ўзбекистон иқтисодиётига учта канал: валюта курси, инфляция ва молиявий барқарорлик орқали салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади. У валюта курси ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида регулятор қандай чора-тадбирлар кўраётгани хусусида маълумот берди. Бундан ташқари, Марказий банк ЯИМ ўсиши, инфляция ва инвестициялар оқими бўйича прогнозларини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси «Navruz Cup-2022» финалида Уганда терма жамоасини 4:2 ҳисобида енгиб, мусобақа ғолиби бўлди. Элдор Шомуродов ўйинда хет-трикка эришди. Яна бир голга Жалолиддин Машарипов муаллифлик қилди. Мусобақада 3-ўрин Тожикистон МТЖга насиб этди.
Тошкентда мозаикаларни сақлаб қолиш учун махсус материал билан қопланаётганини айтган пойтахт ҳокимлиги, хорижда даволанаётган Абдулазиз Камилов, қизини айиқ қафасига ташлаган аёлнинг иши судга оширилгани, Бош прокуратура ишда вафот этган ходими учун тўлайдиган 951 млн сўм нафақа пули, иқтисодиётга давлат қарзи юки ўсгани, Туркия президентининг Тошкентга ташрифи ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 29 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан бирга Тошкентга келди. Тошкент халқаро аэропортида уларни Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси кутиб олди. Туркия етакчиси Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрди.
Истанбулда Россия ва Украина делегациялари ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди. Украина халқаро хавфсизлик кафолатлари масаласида ўз таклифларини тақдим этди. Унга кўра, Россия Украинани Европа Иттифоқига қўшилишига қаршилик қилмайди, мамлакат хавфсизлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари томонидан кафолатланади. Айни вақтда Киев ҳарбий иттифоқларга қўшилишдан бош тортишга ваъда берди. Россия эса Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаоллик кескин қисқартирилишини маълум қилди.
Ўзбекистон EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation ва Kyuden International консорциуми билан Сирдарё вилоятида 1,6 ГВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномасини имзолади.
Марказий банк таҳлиллари қарз юки бўйича Ўзбекистон молия тизимига таъсир кўрсатиши ва тизимли молиявий заифликларга олиб келиши мумкин бўлган бир қатор хатарлар мавжудлигини кўрсатди. Улар бир қарз олувчига тўғри келадиган кредит шартномалари сонининг ортиши, товар ва хизматларни муддатли тўлов асосида харид қилиш, муаммоли кредитлар ва бошқа омиллар билан боғлиқ.
Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ўзбекистонликларни рўйхатдан ўтмасдан мамлакатда бўлиш муддатини 10 кунгача узайтириш тўғрисида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни қабул қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг