Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги «махсус операция» давомида 1351 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганлигини, 3825 нафари эса яраланганини маълум қилди. Вазирлик ҳарбий операциянинг биринчи босқичи асосий вазифалари амалга оширилганини айтди. Украина ва НАТО Россия қўшинларининг йўқотишлари бундан бир неча баробар кўп бўлганлигини айтмоқда.
Президент қарорига мувофиқ, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги кексалар билан янада фаол ҳамкорлик қилади. Бунда «тарбияси оғир» ёшлар билан мулоқотда бўлганларга «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ моддий ёрдам кўрсатилади.
Президент қарори билан банкларнинг Uzcard ва Тошкент фонд биржасидаги улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилмоқда.
2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларининг навбатдаги босқичи бошланди. Италия ва Туркия саралашдан чиқиб кетди, Португалия ва Швеция йўлланма учун курашни давом эттиради. Шунингдек, Уругвай, Эквадор, Япония ва Саудия Арабистони терма жамоалари мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш масаласини ҳал қилди. Африкада Салоҳ ва Манэ қарама-қаршилиги кутилмоқда, Шимолий ва Марказий Америка минтақаси учун учта йўлланмага бешта терма жамоа даъвогарлик қилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, электромобилда таксичилик фаолияти билан шуғулланганларни 2040 йилгача лицензия тўловлари ва йиғимларидан озод қилиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, электромобиль ҳайдовчилари муниципал автотураргоҳлардан бепул фойдаланиши мумкин. Автотураргоҳларга электомобилларни тезкор қувватлантирувчи станциялар ўрнатиш таклифи ҳам билдирилмоқда.
Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраеванинг хабар беришича, Самарқанднинг янги аэропорти 1 апрелдан тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади. Ҳозирда аэропорт мажмуасини фойдаланишга топшириш ишлари якунланмоқда.
Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилади. Марказга ягона электр энергетика тизимини бошқариш, ушбу тизимнинг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель ишлашини таъминлаш, авария ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш каби вазифалар топширилади.
Сенаторлар органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади, ҳужжат билан ишлаб чиқариш жараёнига маълум бир талаблар, хусусан қайта тикланадиган табиий ресурслар ва ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича вазифалар қўйилмоқда. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда пестицид, гормон, антибиотик ва кимёвий қўшимчаларни қўллаш тақиқланмоқда.
2 майдан бошлаб Тошкент ва Олмаота ўртасида йўловчи поезд ҳаракати йўлга қўйилади. Рейслар ҳафтасига уч мартадан амалга оширилади.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат органлари очиқлигининг мониторинги юзасидан маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 135 та давлат органидан 80 таси (60 фоизи) 2021 йилнинг IV чорагидаги давлат харидларига оид маълумотларни эълон қилмаган. 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 43 тасида эса веб-сайтнинг ўзи умуман ишламайди.
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳудудидаги атмосфера ҳавосида аммиак моддаси 4 та нуқтада — 1,5 дан 23,6 мартагача, водород сулфиди моддаси 2 та нуқтада — 3,2 дан 4,6 мартагача белгиланган меъёрлардан ортиқлиги аниқланди. Ўрганиш якунида цемент ва гипс ишлаб чиқарувчи 2 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди.
2023 йилда Бухорода Ўзбекистондаги иккинчи Hyatt меҳмонхонаси иш бошлайди. Ушбу тармоқнинг биринчи меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкентда очилган эди, жорий йилнинг март ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги уни сотиш жараёни бошланганини хабар қилди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Даврон Ваҳобов Савдо-саноат палатасига раҳбар этиб тайинланди.
Ўзбекистонда Skype шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузувчилар реестридан чиқарилди. АКТ вазирлиги ушбу реестрга киритилган бошқа хизматларга тақиқни босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
Президент қарори лойиҳасига кўра, 2023 йилдан янги барпо этиладиган турар ва нотурар тижорат кўчмас мулкларида электромобиль қувватлаш станцияларини ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Қолаверса, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги барча АГТКШ ва АЁҚШлари электромобилни қувватлаш станциялари билан таъминланади.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, вазирлик, идора ва барча бюджет ташкилотлари хизмат машиналарининг 2025 йилгача камида 10 фоизи, 2030 йилгача 100 фоизи электромобилларга алмаштирилади. Қолаверса, «тез ёрдам» машиналари ҳам 2023−2026 йилларда электрда ҳаракатланувчи транспортга ўзгартирилади.
Ўзгидромет шанба куни Ўзбекистонга яна нам ва салқин ҳавонинг бир қисми кириб келишини маълум қилди. Шу куни республиканинг шимолидан бошқа барча ҳудудларда ёмғир ёғади. Якшанба куни ёмғир тўхтайди. Дам олиш кунларидаги ҳарорат +15 даражагача исиши кутилмоқда.
MOBIUZ, Tashkent City, «Ўздонмаҳсулот» корхоналари ва қатор тижорат банкларининг давлат улушлари сотилади. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг 3 ойдан кўп фойдаланилмасдан бўш турган объектлари уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT-компаниялар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, IT-парк резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган, қолаверса, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилади. Ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби эса бекор қилинган ҳамда 3 кун ичида «IT-visa» тақдим этилади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар эса зарур инфратузилма билан таъминланади.
БМТ Бош Ассамблеяси «Украинага қарши тажовузнинг гуманитар оқибатлари» резолюциясини қабул қилди. Уни 140 давлат қўллаб-қувватлади, Россия ва 4 давлат қарши чиқди. 38 давлат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди. Резолюцияда Россиядан ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, фуқаро объектлари ва аҳолига ҳужум қилмаслик, шаҳарлар блокадасини тўхтатиш талаб қилинади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг