Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги янги элчиси Ким Хи Сангдан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувда оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилишини маълум қилди. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги ходими фуқарога аукцион савдосида 500 гектарлик яйловни 35 минг долларга эвазига олиб беришни ваъда қилиб, пулнинг 20 минг долларини олаётганда ушланди.
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари бир ойда 935,6 млн долларга ортиб, 1 март ҳолатида 35,36 млрд долларга етди. Ялпи захиралар ўсиши хорижий валютадаги активлар ҳисобига (983 млн долларга ортган) тўғри келди. Олтин захиралари эса 50,4 млн долларга камайган.
Республикада кузатилаётган совуқ ва нам об-ҳаво сабабли водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти соат 18.00 дан вақтинча тўхтатилади.
Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова болаларни эксплуатация қилишни замонавий қуллик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик деб баҳолади. Омбудсман фуқароларни йўлларда тиланчилик қилаётган болаларга пул бермасликка чақирди.
ОТМни тугатган ёки ўқишини кўчирган талабаларнинг айланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинди. Эндиликда бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.
Президент хориж тажрибаси асосида клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтиш кераклигини таъкидлади. «Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди», — деди у. Қолаверса, ягона тиббий маълумотлар базаси «электрон соғлиқни сақлаш» тизими яратилади.
Блогер Асал Ходжаеванинг (Asalhoney) жасади Тошкентдаги уйида қотиллик аломатлари билан топилди. Прокуратура ҳодисани тергов қилмоқда.
Тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5−6-курсларида ўқиётган талабаларга бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Президентнинг сўзларига кўра, бу орқали йилига 7 мингга яқин талаба таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.
Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш вазири лавозимига нима сабабдан тиббиёт ходимлари орасидан эмас, балки иқтисодчи Беҳзод Мусаев тайинланганига изоҳ берди. «Тиббиётчилар жуда кўп ишлади. Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак… Иқтисодиётни ва ҳисоб-китобни билганни вазир қилдим», — деди у.
Президент 2022 йилда бюджетдан тиббиёт соҳасига ажратилган 24 трлн сўмга қўшимча 3,2 трлн сўм маблағ берилишини маълум қилди. У сўзи давомида шифокорларнинг меҳнатини юксак қадрлашини айтди. «Мен шифокорнинг ўғли бўлганимдан бутун умр ғурурланиб юраман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент маҳаллада соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун «Халқ саломатлиги посбони» кўкрак нишони таъсис этилишини маълум қилди. Қолаверса, тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланиши айтилди.
Шавкат Мирзиёев шифокор ва тез ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатилаётганини танқид қилди. «Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир», — деди у. Энди тиббиёт ходимларининг ишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш кодекси ҳам ишлаб чиқилади.
Президент ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар тўлаб берилишини маълум қилди. Янги иш бошлаган ёш шифокорларга эса 1 млн сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.
Республика бўйича мевали боғ ва токзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларини совуқ уришидан асраш бўйича тезкор гуруҳлар тузилди. Улар соҳа олимлари билан биргаликда аграрчилар учун тавсиялар ишлаб чиқади.
2022−2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча «Дамас» ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Жумладан, реанимация машиналари ҳам олиб келинади. Бунинг учун 65 млн доллар жалб қилинади.
Тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади. Қолаверса, хусусий клиникалардан «туризм йиғими» ундириш бекор қилинади.
Шавкат Мирзиёев пенсияга чиққан шифокорларга уйида оилавий шифохона очишга рухсат берилишини маълум қилди. Бу дастлаб Сирдарёда, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади. Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, шифокор ўз уйи ёки ижарага олган биносида тиббий хизмат кўрсатади.
Президент тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг