1 апрелдан IT компаниялар таъсисчилари ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар учун 3 йиллик IT-Visa бериш режалаштирилмоқда. Ушбу виза эгалари Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Тожикистон ҳудудида содир бўлган 4,7 магнитудали зилзила Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ҳам сезилди.
Якшанба куни Ўзбекистонда 22 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, бу шанба кунгидан 47 тага кам (69 та).
1 июнга қадар шахснинг шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилашга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик ҳамда яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Ҳимоя ордери муддати эса 1 йилгача узайтирилади.
Шерали Юлдашев Самарқанд вилоятининг Нуробод туманига ҳоким этиб тайинланди. Туманнинг аввалги раҳбари президент томонидан «фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун» ишдан олинган эди.
ЕТТБ ва Ўзбекистон биринчи валюта своп келишувини амалга оширди. Бунинг натижасида 20 млн долларлик хорижий валютадаги давлат қарзининг бир қисми миллий валютадаги қарзга ўгирилди.
Uzbekistan Airways «Темир дафтар»га киритилган аёллар учун «Илк парвозим» ижтимоий лойиҳаси бошланганини маълум қилди. Унинг доирасида шу вақтгача самолётда учмаган аёллар Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига парвоз қиладилар.
Бухорода ёғингарчилик туфайли XVI асрга оид «Талипоч қалъа дарвозаси» деворининг бир қисми қулаб тушди. Қалъанинг ушбу қисми 2003 йилда қайта тикланган. Маданий мерос агентлиги реставрация ишларида шошма-шошарликка йўл қўйилгани ва малакасиз ҳунармандлар томонидан амалга оширилганини таъкидлади.
Покистондан Ўзбекистонга ҳалол мол гўштининг биринчи партияси жўнатилди. Келаси ҳафта Тошкентга 40 минг долларлик 18 тонна гўшт ортилган контейнер келади. Март ойида яна 50 та контейнер гўшт жўнатилиши кутилмоқда.
Якшанба куни соат 16:00 дан Китоб туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг «Тахтақорача» довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунга сабаб, довондан ўтувчи автомобил йўлининг 1138−1141 километрлари оралиғида кучли ёмғир ёғиши оқибатида қисман ўпирилиш юзага келган.
Ўзбекистон Украинадаги вазиятдан хавотирда ҳамда зўравонликни тўхтатиш ва барча муаммоларни сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилиш зарур, деб ҳисоблайди, дея маълум қилди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов. Шунингдек, у Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди ва Европа ҳамда Осиё ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келаётган Туркияни мисол сифатида келтирди.
2022 йилнинг илк икки ойида мамлакат бўйича тез тиббий ёрдам хизматига жами 2 млн 42 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Энг кўп мурожаатлар Фарғона, Андижон ва Тошкент шаҳрида, энг кам чақириқлар эса Жиззах, Сирдарё ва Навоий вилоятларида кузатилган. Ушбу хизматдаги реанимобил машиналар сони 442 тага етгани айтилди.
«Газета.uz» Украинада уруш бошланганидан сўнг, Ўзбекистонга кўчиб ўтишга қарор қилган Россия фуқаролари билан суҳбатлашди. Улар Россияни нима сабабдан тарк этишгани, Тошкентда нима билан шуғулланаётганликлари, бу ерда қанақа муаммоларга дуч келаётгани ва қандай шартлар асосида уйга қайтиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб беришди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Тошкент-Водий» автомобиль йўлидаги «Қамчиқ» довонида транспорт ҳаракати қайта тикланганини маълум қилди.
«Қамчиқ» довони автомобиль ҳаракати учун ёпилганлиги сабабли йўлда қолиб кетган фуқаролар Оҳангарон, Ангрен ва Орзу вокзалларидан йўловчи поездларида манзилларига етказиб қўйилади. ФВВ ҳайдовчилардан вақтинча довон орқали ҳаракатланмасликни сўрамоқда.
Жума куни Янгийўл туманидан ўтувчи «Тошкент-Термиз» автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётган «Isuzu» русумли автобус ёниб кетди. Шу куни бошқа бир ҳолатда, Тошкент шаҳрида «Lacetti» ҳайдовчиси 60 ёшли пиёдани уриб юборди. Авария оқибатида фуқаро шифохонада вафот этди.
«Қамчиқ» довонидаги икки туннель ўртасидаги автомобиль йўлининг остки тупроқ қисми ўпирилиб кетди. ФВВ ҳолат юзасидан Ангрен шаҳридаги «Ангренленд» кафесида махсус штаб тузилганини маълум қилди. Йўловчилар довонга яқин ҳудуддаги овқатланиш шохобчаларига жойлаштирилмоқда.
Шанба куни Туркманистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. Унда амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам овоз бериб, сайловни тарихий деб атади. Сайловларда 3 нафар партиялар номзоди, 6 нафар мустақил номзод иштирок этмоқда. Тушга қадар сайловчиларнинг 71,9 фоизи овоз бериш жараёнларида қатнашди.
Польша орқали яна 254 нафар ўзбекистонлик, шу жумладан 69 нафар аёл, 37 нафар вояга етгаман шахс ва 14 нафар чақалоқ Украинадан ватанга қайтарилди. 28 февралдан бери эвакуация қилинганларнинг умумий сони 5634 нафарга етди.
Тошкент халқаро аэропортида қўшни давлат фуқароси тамақи қутилари ичига 27,3 минг доллар ва 1,8 млн рублни яширган ҳолда Ўзбекистондан Истанбулга олиб чиқиб кетмоқчи бўлганида қўлга олинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг