Ҳафтанинг ўртасигача Ўзбекистон бўйлаб +15…+17 даражагача илиқ об-ҳаво бўлади. Иккинчи ярмида эса республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғиб, ҳаво ҳарорати +3…+8 даражагача пасайиши кутилмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари Мухтор Темиров 13-Қашқадарё сайлов округи матбуот маркази раҳбари Жаҳонгир Тўйчиевни ҳақоратлади, Daryo мухбири Отабек Қўлдошевга нисбатан эса куч ишлатди. Бунга пресс-тур вақтида ажратилган автобуснинг «олиб қўйилиши» сабаб бўлгани айтилмоқда. Компания матбуот хизмати муносабат билдирди.
Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов дзюдо бўйича ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Яккалик баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнат бўйича ўтказилган мониторингда 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 млн 450 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди. Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди.
Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова ССВ раҳбаридан туғруқдан кейин вафот этган аёлнинг ўлимини яширишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. У мазкур хабарни рад этиб, бу «вазиятни нотўғри талқин қилиш» деб ҳисоблашини таъкидлади.
2018−2020 йилларда жами 4 001 нафар ёшлар спортдаги ютуқлари учун имтиёздан фойдаланиб, ОТМларга ўқишга кирган. Бош прокуратура ўрганишларига кўра, имтиёздан фойдаланувчилар сонини сунъий ошириш мақсадида айрим спорт мусобақаларининг сони орттирилган. Туризм ва спорт вазирлиги бунда асосий айбдор мусобақа бош ҳакамлари эканлигини таъкидлаб, улар спорт федерациялари томонидан белгиланишини қайд этди.
Грузиянинг 20 та шаҳридан 19 тасида муниципал сайловларнинг иккинчи босқичида ҳукмрон партия номзодлари ғалаба қозонди. Мухолифат натижаларни тан олмади, «муросасиз кураш»га ваъда берди ва митинг эълон қилди.
G20 саммитига аъзо давлатлар «сайёранинг энг ёмонлашган экотизимларига алоҳида эътибор берган ҳолда» 2030 йилгача бир трлн дарахт экишни мақсад қилди. Римда бўлиб ўтган саммит доирасида имзоланган декларацияда бу ҳақда айтилмоқда.
ДХХ Қашқадарё вилоятида «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими тарафдорлари сифатида гумонланаётган 12 кишини қўлга олди. Уларнинг орасида маҳалла раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳам бор. Ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Президент имзо чеккан қонун билан шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди, жумладан жарималар миқдори бир неча бараваргача оширилди.
Тошкентда бўлиб ўтган Central Asia Employer Brand Award — EMBRAS 2021 танловида Artel компанияси кўплаб ютуқларга эга бўлди.
«Насаф» Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасида «Сўғдиёна» меҳмони бўлиб, минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Ўйин якунида қаршиликлар сардори Умар Эшмуродов мезбонлар ҳужумчисининг бошига зарба бергани оммавий муштлашув ва ҳар икки жамоа футболчилари иштирокида тартибсизликларга сабаб бўлган.
Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб тест синовларининг 2-блоки, яъни юриспруденсия бакалавриат таълим йўналишига мос фанлар бўйича тарих фани ўрнига ҳуқуқий фанларни киритиш масаласи университет кенгашида кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Ўзбекистонда синов тариқасида 1−5 ноябрь кунлари аҳолини онлайн рўйхатга олиш ўтказилади. Унда мамлакатимиз ичида ва хорижда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари иштирок этишлари мумкин. Онлайн аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1−25 ноябрь кунларига мўлжалланган Ўзбекистон аҳолисини тўлиқ рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилмоқда.
UzAuto Motors’нинг хабар беришича, микрочиплар етишмаслиги сабабли компания жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида харидорларга топширилиши кутилаётган Lacetti ва Labo автомобилларини етказиб бериш муддатини икки ойга узайтиришга мажбур.
Бокс бўйича жаҳон чемпионатининг бешинчи кунида Ўзбекистондан тўрт нафар боксчи баҳс олиб борди. Шахобиддин Зоиров, Мадияр Саидраҳимов ва Абдумалик Халақов ишончли тарзда кейинги босқичга йўл олди. Амалдаги жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов Қозоғистон вакилига имкониятни бой бериб, турнирдаги иштирокини якунлади.
ДХХ «Ислом давлати» билан алоқаси борлиги учун қидирилаётган шахсни Ўзбекистонга қайтарди. Унинг Сурия ва Ироқдаги жангларда ҳамда Марказий Осиё давлатларидан бирида терактга тайёргарлик кўришда қатнашгани хабар қилинди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 728,8 млрд сўмлик буджет маблағларининг сарфланишида молиявий қоидабузарликлар аниқланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 баробарга кўпроқ. Буджет интизомининг бузилиш ҳолатлари асосан халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим тизимлари, шунингдек, автомобиль йўллари қўмитасида юз берган.
2 ноябрдан бошлаб Тошкент — Қарши — Тошкент йўналиши бўйича авиақатновлар қайта тикланади. Парвозлар ҳафтасига 2 маротаба — сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Тошкентнинг Чилонзор туманида президент ташрифи арафасида 55 туп дарахтнинг тубига парваришлангандек кўриниши учун полиэтилен плёнка тўшалиб, керамзит сепилган. Дарахтларда қуриш аломатлари мавжуд. Пойтахт Экология бошқармаси раҳбари ободошлаштириш услубини «колхозча» деб атади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг