2022 йилда мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида таълим ва тиббиёт тизимига 58 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. Президент қўшимча тарзда яна 12 трлн сўм ажратиш таклифини билдирди. Шунингдек, уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.
2022 йилда Ўзбекистон президентининг Венгрияга расмий ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Венгрия бош вазирининг Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ғалабаси муносабати билан йўллаган мурожаатида айтилди.
Вазир ўринбосари ва вилоят ҳокими ўринбосарларининг интизомий жазога тортилиши, октябрь ойида инфляция 1,3 фоизни ташкил қилиши, «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосарининг журналистларга бўлган босими — «Газета.uz»нинг 1 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Сербияда бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги икки кунида Ўзбекистондан саккиз вакил иштирок этди. Улардан етти нафари рақибларини мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди, Шахобиддин Зоиров турнирнинг 1/8 финалида мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди.
Тошкент шаҳрида янги рақамли банк — «Bank Apelsin» рўйхатдан ўтказилди. У Kapitalbak томонидан 2019 йилда ишга туширилган Apelsin иловасидан келиб чиқди.
Гулистон туманида Миллий гвардия ходимлари хонадонлардан бирида ис газидан захарланиш оқибатида карахт холда бўлган 3 нафар болани қутқариб қолди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ДХХ томонидан Қашқадарё вилоятида «Жиҳодчилар» аъзоси сифатида гумон қилиниб, ушланган масжид имом-ноиби аслида бошқа касб эгаси эканлигини маълум қилди. «Ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаймиз», — дейилади муносабатда.
1 ноябрь ҳолатига кўра дунё миқёсида COVID-19 қурбонлари сони 5 миллиондан ошди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу 1950 йилдан бери урушларда ҳалок бўлганлар сонига тенг. COVID-19 тести ўтказиш имкониятининг чекланганлиги ҳамда одамлар уй шароитида тиббий ёрдамсиз ҳалок бўлаётгани сабабли бу рақамлар ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаслиги мумкин.
Бизнес-омбудсман мутахассисининг таъкидлашича, шу йилнинг 9 ойида 1000 дан ортиқ мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилиб, 225 тасига интизомий жазо қўлланилган. Судларга 28 млрд сўмлик даъво аризалар киритилган. «Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши давлат бюджети учун қўшимча харажат» — деди у.
Оксфорд луғати 2021 йил сўзи деб «вакцина» ёки «вакцинация» маъносини берувчи vax сўзни танлади. «Бу йилги муҳитни яхшироқ акс эттирувчи сўз йўқ», — дея таъкидлади луғат тузувчилари.
Октябрь ойида инфляция 1,3 фоизни ташкил этди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга, пуллик хизматлар 0,5 фоизга қимматлашди.
Фарғона халқаро аэропортидан Сўх туманидаги янги аэропортга дастлабки синов парвози амалга оширилди. Humo Air авиакомпаниясига қарашли лайнер парвози 40 дақиқани ташкил қилди.
Дунё армиялари бўйича Global Firepower Index — 2021 рейтингида Ўзбекистон Қуролли кучлари 140 давлат ичидан 51 ўринни эгаллади. Мамлакат армияси Марказий Осиё бўйича биринчи ўринда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 15,87 сўмга кўтарилиб, 10 690,08 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Наманган вилоятида Damas машинаси иштирокидаги йўл транспорт ҳодисасида 8 киши оғир тан жароҳати олди, икки йўловчи вафот этди. Яна бир ҳолатда эса Damas ҳайдовчиси 71 ёшли фуқарони йўлдан ўтаётганида уриб юборди.
Марказий банк таҳлилларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларнинг муаммоли кредитлари (NPL) ҳажми 5,4 баробар ўсиб, 5,2 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, кейинги ойларда банкларнинг кредит портфелининг сифати босқичма-босқич яхшиланмоқда.
Москва мэрияси қурилиш майдончаларида меҳнат мигрантларидан воз кечиш режасини тайёрлайди. Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, меҳнат ресурслари танқислиги 40%га яқинлашган. Россия пойтахти расмийлари қурилишга камроқ, лекин уч-тўрт марта кўпроқ иш ҳақи билан яхшироқ малакага эга мутахассисларни жалб қилмоқчи.
«Ипак йўли» туризм университети маданий мерос ихтисослигига ҳам эга бўлади ва ШХТнинг туризм, маданий меросни бошқариш ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч ОТМга айланади. Шунингдек, университетнинг Тошкент филиали ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришда масъулиятсизликка йўл қўйган икки нафар вазир биринчи ўринбосари ва уч нафар вилоят ҳокими ўринбосарига интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистонлик чанғичи Комилжон Тўхтаев 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг