Азизхон Умархонов Олмазор тумани ҳокими лавозимига тайинланди. У бунга қадар Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Президент Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши тўлиқ эмланган, дея таъкидлади президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Аммо у давлат раҳбари қайси вакцина билан эмланмаганини айтмади.
Тошкент вилоятида ЙПХ ходими Malibu ҳайдовчисига протокол тузмоқчи бўлганида, унга рация орқали ҳайдовчини қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилади. «Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етиб олинг деб тушунтирвор», — дейди рация орқали мурожаат қилаётган шахс қайси машина эканлигини аниқлаштиргандан сўнг. Мазкур жараён Toshkent телеканали эфирида узатилган.
Мудофаа вазирлигининг вертолётлари томонидан якшанба куни Зоминдаги ўрмон ёнғинини ўчираётганда ҳаводан оловга 30 тоннадан зиёд сув ташланди.
Япониялик дизайнер Ёшимаса Такакура Токио — 2020 Олимпиадасининг барча иштирокчи мамлакатлари учун кимонолар коллекциясини тақдим этди. Либосларда мамлакатларнинг миллий маданиятини ифодаловчи нақшлар, рамзлар ва диққатга сазовор жойларини кўриш мумкин. Ўзбекистон кимоносида «Регистон» ва Алишер Навоий театри акс этган.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 863 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 6 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, якшанба куни 498 кишида пневмония қайд этилди, 3 нафар пневмония бемори вафот этди.
Ўзбекистонда синов тариқасида йўл-патруль хизмати машиналарига 360 градус радиусга эга бўлган масофада қоидабузарликларни аниқлайдиган махсус қурилмалар ўрнатилмоқда. Қурилма тўхташ ва тўхтаб туриш, ҳаракатланиш тезлигини ошириш, светофорнинг тақиқловчи чироғига амал қилмаслик сингари қоидабузарликларни қайд этади ва у орқали ҳайдовчиларнинг яшаш манзилига жарима қўллаш тўғрисидаги қарор юборилади.
Токиода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларининг тўққизинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар енгил атлетика, юнон-рум кураши, бокс ва оғир атлетика бўйича беллашувларда қатнашишди. Боксчи Баҳодир Жалолов ярим финалга йўл олиб, Олимпиада медалини нақд қилган бўлса, қолган спортчилар мусобақада ўз иштирокларини якунлашди.
Бугун Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Дуоба» ҚФЙ Ўриклисой қишлоғи дала майдонида ёнғин содир бўлди. Ёнғинни ўчиришга 4 та вертолёт, ФВВнинг 370 дан ортиқ ходимлари билан бирга Миллий гвардия, ИИБ, Давлат экология қўмитасидан ҳам куч ва воситалари жалб қилинган.
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида «Ваз-2114» (Lada Samara) автомобили ағдарилиб кетди. Оқибатда бир нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 889 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 6 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, шанба куни 512 кишида пневмония қайд этилди, 3 нафар пневмония бемори вафот этди.
Сергели туманида омборхона биноларидан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлди. Омборхонадан ташқари, корхона маъмурий биноси ҳам вайрон бўлди. Бир киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳатланди.
Uzbekistan Helicopters тижорий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган иккита Airbus H125 вертолёти тақдимотини ўтказди. Йил якунига қадар яна иккита вертолёт харид қилиш режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, 4 кишилик мазкур вертолётда 1 соат парвоз қилиш 12 млн сўм атрофида бўлади. Вертолётлар таснифи, соҳадаги монополия ва бошқалар «Газета.uz» фоторепортажида.
«Агарда фуқаро вакцина олишни рад қиладиган бўлса, ҳеч ким унинг қўл-оёғини боғлаб, тиббий муассасага олиб бориб вакцина қилмайди», — деди адлия вазири Русланбек Давлетов. Унинг таъкидлашича, фуқаро рад қилса, ҳуқуқий оқибатлари бўйича масъулиятни ўз зиммасига олиши керак бўлади. У иш берувчи эса эмланишни хоҳламаган ходимини маълум муддат ишдан четлаштириш ва ўша давр учун иш ҳақи тўламаслиги мумкинлигини айтиб ўтди.
Самарқанд вилояти Ургут туманида Lacetti автомашинаси юқори тезликда уй деворига урилди. Оқибатда икки киши вафот этди. Шунингдек, Ургут туманида автобус ағдарилиши оқибатида икки нафар йўловчи ҳалок бўлди.
Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқлардаги бахс-мунозаралардан сўнг, президент сайлови логотипига айрим имловий тузатишлар киритди. Қолаверса, ушбу логотипни яратишга маблағ сарф этилмагани қўшимча қилинди.
Сенаторлар аҳолининг айрим тоифаларини мажбурий профилактик эмлашни қонунийлаштириш ҳамда иш берувчига профилактик эмлашдан ўтишни рад этган (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) ишчини ишга қўймаслик ҳуқуқини беришни кўзда тутган ўзгартишни маъқулладилар.
Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова 56 ёшида вафот этди. У 2020 йил 4 мартдан бери Бўстон тумани ҳокими бўлиб ишлаб келаётган эди.
2021 йилнинг 6 ойи давомида 4,5 мингдан ортиқ дарахт ноқонуний кесилган, натижада ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўмлик зарар етказилган. Сенат раиси Танзила Нарбаева мораторий даврида ҳам дарахтларнинг кесилишига тизимдаги сусткашликлар сабаб бўлаётганлиги таъкидлади. «Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттиряпти», — деди у.
Токиода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларининг саккизинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар дзюдо, бокс ва ўқ отиш бўйича беллашувларда қатнашишди. Боксчилар Элнур Абдураимов ва Шаҳобиддин Зоиров чорак финалга йўл олган бўлса, қолган спортчилар мусобақада ўз иштирокларини якунлашди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг