Самарқандда ПЦР-тести натижасини сохталаштириб сотаётган шахс қўлга олинди. Унинг укаси «ҳолатни расмийлаштирмаслик ва ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш» учун ИИБ ходимига 5 минг доллар бермоқчи бўлганида ушланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Халқ таълими вазирлиги ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан амалга оширилаётган English Speaking Nation ёзги тренинглар дастури доирасида республиканинг турли ҳудудларида 420 дан ортиқ инглиз тили ўқитувчилари интенсив машғулотларда қатнашиб, педагогик ва психологик билимларини такомиллаштиришади.
ДХХ ва прокуратура томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Фарғонанинг Бешариқ туманида 35 сотих, Олтиариқда 20 сотих, Боғдодда 4,75 гектар ерни, Наманганнинг Чортоқ туманида 8 гектар ва Сурхондарёнинг Бандихон туманида 2 гектар майдонни сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Сентябрдан яна 12 та давлат активи, жумладан «Тошкент» ва Hyatt Regency Tashkent меҳмонхоналари, Premier Hall кинозали, Матбуот уйи, «Чотқол» дам олиш зонаси, иккита кичик саноат зонаси ва бошқаларни савдога чиқариш режалаштирилмоқда.
Долларнинг расмий курси 11,57 сўмга кўтарилди ва жами 10 654,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса бироз кўтарилди.
Тошкент маркази аҳолиси Le Grande Plaza меҳмонхонаси яқинидаги катта яшил ҳудудининг тақдиридан хавотирда. Бу ерда 2019 йилда бизнес-марказ қуриш режалаштирилган эди. «Газета.uz» ушбу ер участкаси ажратилган компания раҳбари ва бу ерда ҳар қандай қурилиш бўлишига қарши аҳоли билан гаплашди.
«Кумтор» лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция фактларини тергов қилиш доирасида қидирувга берилган Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев Бишкекка олиб келинди.
Токиода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларининг ўнинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар енгил атлетика ҳамда юнон-рум кураши беллашувларда қатнашишди. Аммо мусобақанинг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон учун медалларсиз якунланди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан кутилаётган учрашуви нима сабабдан қолдирилганига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар 10 мингга яқин мурожаат келиб тушган ва уларнинг 40 фоизи ҳал этилган. Мурожаатлар динамикасидан келиб чиқиб, учрашув куни қолдирилган ва таклифларни қабул қилиш 5 августгача давом этади. Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов эса учрашувда ишбилармонларнинг қайси қатлами иштирок этишини маълум қилди.
Сурҳондарёда вояга етмаган болани дўппослаётган беш нафар йигитни огоҳлантирган ИИБ ходимлари калтакланди. Ички ишлар органлари ходимларга қаршилик кўрсатгани ва енгил тан жароҳати етказгани учун уларга нисбатан жиноят иши очилди.
Тошкент вилоятида қоидабузар Malibu ҳайдовчисига протокол тузмоқчи бўлга ЙПХ ходимига рация орқали чиқиб, ҳайдовчини қўйиб юбориш буюрган командирга интизомий жазо қўлланилди. «O'ZTEMIRYO'LMASHTAʼMIR» корхонасига тегишли машина ҳайдовчиси эса хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўзбек-рус-тожик ҳамкорлигидаги ўқув машғулотларида иштирок этади. 1 август куни ҳарбийлар узоқ масофали марш асосида Тожикистондаги Ҳарб-Майдон полигонига етиб боришди.
Ўзбекистон президенти шу ҳафта Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Туркманистонга боради. Учрашув кун тартибидан савдо-cотиқ, транспорт логистикаси, энергетика ва маданий соҳалар муҳокамаси жой олган. Қолаверса, Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари учрашуви ўтказилиши ҳам режада бор.
Августнинг дастлабки ҳафтасида қуруқ ва ўртача иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Мамлакат бўйича 2−4 августда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди. Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи сақланиб турмоқда.
Қашқадарё вилояти Нишон туманида ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган фуқаро Наркология диспансерида вафот этди. Марҳумнинг яқинлари ИИБ ходимлари уни уриб, куч ишлатганлигини гумон қилмоқда. Ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратораси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар бошқармаларига хизмат текшируви тайинланган.
Азизхон Умархонов Олмазор тумани ҳокими лавозимига тайинланди. У бунга қадар Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Президент Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши тўлиқ эмланган, дея таъкидлади президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Аммо у давлат раҳбари қайси вакцина билан эмланмаганини айтмади.
Тошкент вилоятида ЙПХ ходими Malibu ҳайдовчисига протокол тузмоқчи бўлганида, унга рация орқали ҳайдовчини қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилади. «Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етиб олинг деб тушунтирвор», — дейди рация орқали мурожаат қилаётган шахс қайси машина эканлигини аниқлаштиргандан сўнг. Мазкур жараён Toshkent телеканали эфирида узатилган.
Мудофаа вазирлигининг вертолётлари томонидан якшанба куни Зоминдаги ўрмон ёнғинини ўчираётганда ҳаводан оловга 30 тоннадан зиёд сув ташланди.
Япониялик дизайнер Ёшимаса Такакура Токио — 2020 Олимпиадасининг барча иштирокчи мамлакатлари учун кимонолар коллекциясини тақдим этди. Либосларда мамлакатларнинг миллий маданиятини ифодаловчи нақшлар, рамзлар ва диққатга сазовор жойларини кўриш мумкин. Ўзбекистон кимоносида «Регистон» ва Алишер Навоий театри акс этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг