Президент Қашқадарё вилоятида шакллантирилган 11,3 трлн сўмлик 1 125 та ҳудудий лойиҳа билан танишди. Хусусан, саноат соҳасида 296 та, хизмат кўрсатишда 449 та, қишлоқ хўжалиги тармоғида 380 та корхона ташкил этилиши кўзда тутилган. Натижада 19 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади.
2021 йилда магистрал электр тармоқлари бўйича $140 млнлик 6 та лойиҳа амалга оширилади. Шу билан бирга, 15 минг км электр узатиш тармоқлари ва 4 мингта трансформатор янгиланади. Натижада 5 минг 377 та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади. Президент лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
16 мартдан Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги мактаблар онлайн ўқиш режимига ўтказилади. Бунга ўқувчи ва ўқитувчилар орасида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатининг кескин ошгани сабаб бўлган. Ўқиш жараёнлари бир марталик карантин муддатига масофавий тарзда амалга оширилади.
Толибонларнинг AҚШ тинчлик режасини рад этишгани, Хитойнинг Гонгконг тўғрисидаги баёноти учун G7 давлатларига норозилик билдиргани, Европа Комиссиясининг Буюк Британия устидан Брексит битимини бажармаганлиги учун юридик жараёнини бошлагани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
АҚШда «Грэмми» мусиқий совринининг турли хил номинациялар бўйича ғолиблари эълон қилинди. Йилнинг энг яхши аудиоёзуви (record — запись) деб Билли Айлишнинг «Everything I Wanted» қўшиғи, энг яхши альбом деб эса Тейлор Свифтнинг «Folklore» пластинкаси топилди. Қозоғистонлик диджей Иманбек Зейкенов SAINt JHN’нинг «Roses» қўшиғи учун яратган ремикси учун йилнинг энг яхши ремикси совринини қўлга киритди.
Қурилиш вазирлиги Навоий вилоятида ноқонуний равишда қурилаётган бинолар ҳақида маълум қилди. Қурилаётган биноларда ҳудудий инспекцияни хабардор қилмаслик, техник ижро ҳужжатлари юритилмаганлиги ҳолатлари аниқланган.
Санитария ва эпидемиология Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари пойтахтда коронавирус билан касалланиш сони, айниқса мактаб ўқувчилари, талабалар, ташкилот ва муассасалар ходимлари орасида кўпайганлигини маълум қилди. Туман бўлимларига пандемия бошланганидан буён 106 ўқувчида аниқланган мактабларда карантин талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича кўрсатма берилди.
Самарқандда ўз танишининг уйига ўғриликка тушган фуқаро хонадон эгасининг икки нафар фарзандини ўлдириб қўйди. У болаларни алдаб, ўз уйига оборган ва белкурак билан бош қисмларига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг, уларнинг жасадларини ёқиб юборгани айтилмоқда. Унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Долларнинг расми курси 9 сўмга қимматлади ва жами 10 528 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам бироз кўтарилди.
14 март куни бўлиб ўтган «Сўғдиёна» — «Турон» учрашуви бош ҳаками Виктор Серазитдиновнинг мазкур учрашувдаги фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди ва ҳакамлик фаолиятидан номуайян муддатга четлатилди. Шунингдек, махсус инспекция томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиб чиқиш ишлари бошланди.
Баҳорги таътил 20 дан-28 мартгача давом этади. 29 мартдан ўқув йилининг 4-чораги бошланади.
Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг «Кёнгнам банки» ваколатхонаси Марказий банк томонидан аккредитация қилинди.
Анжей Малиновский Beeline Uzbekistan бош директори бўлади. Олдинроқ Арташес Давтян ушбу лавозимни эгаллаши ҳақида хабар берилган эди, аммо компания уни ишга олиш жараёнини якунлай олмади.
Тошкент вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган Низамов Сайфиддин Хатирчи туманига ҳоким этиб тайинланди.
Ўзбекистон Суперлигасида «Сўғдиёна» — «Турон» учрашуви бўлиб ўтди. Ўйиннинг 52-дақиқасида баҳсли ҳолат юзага келди ва ушбу ҳолат хақида ўйиндан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Турон» бош мураббийи футболдаги коррупция ҳақида ва адолатсизлик ҳақида гапирди.
Ҳафтанинг иккинчи ярми бошидан Эрон ҳудудларидан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши бошланади ва ҳаво ҳарорати кескин кўтарилади.
Ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўзбекистонликлар ўзларини бахтли ҳис қилишлари учун йилига 21 960 доллардан кўпроқ маблағ топишлари керак. Бахт учун энг кам пул «талаб қилинадиган» мамлакатлар деб Суринам (6 799 доллар), Аргентина (8 788 доллар), Ангола (8 921 доллар) ва Қирғизистон (8 997 доллар) топилди.
Асака туманида собиқ фермер ҳокимлик захирасидаги 50 сотих ерни танишлари орқали иссиқхона қуриш ва шоличилик учун ажратиб беришини ваъда қилган. У бунинг учун 10 минг доллар талаб қилган. Кешилган пулнинг 5 минг долларини олаётгани вақтида Бош прокуратура ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда карантин талабларига риоя қилиш қатъий назоратга олинишини маълум қилди. «Тошшаҳартрансхизмат» жамоат транспортида йўловчиларга тиббий ниқоб тақиш талаб этилиши ҳақида хабар берди.
«ILGA Europe» халқаро ташкилоти Ўзбекистонда бесоқолбозликни тақиқловчи қонун нормаларини чиқариб ташлаш таклифини билдирди. Бунга Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз муносабатини билдирар экан, «агар бу инсон ҳуқуқларига зид, дейишса тупурдим бундай ҳуқуқига», дея таъкидлади. Депутат «бу каби мантиқсиз, аксилтабиий таклифни берганлар бизга асли ким экани ва мақсади нима эканлигини тушуниб олаверинг», дея қўшимча қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг