Коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида кўпчилик дорихоналарда COVID-19 билан даволаниш учун зарур бўлган воситаларнинг танқислиги ва нархларнинг оширилиши кузатилмоқда. Бу борада 3000 дан ортиқ дорихона ходимлари расмий огоҳлантирилган. Дорихоналарда ҳаттоки дори воситаларини товар чекисиз сотиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Ўзбекистонда кун давомида 598 та коронавирус ҳолати аниқланиб, умумий кўрсаткич 36 мингтага яқинлашди. Касалхоналарда 4,1 минг бемор қолди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимияти ҳудуд раҳбари Карим Камоловнинг вафот этгани тўғрисидаги хабарларни инкор этди. Ҳоким пойтахтдаги Akfa Medline клиникасида даволанмоқда.
Президент меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиаллари хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Депутатлар транспорт воситалари эгаларининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаганлиги учун транспорт воситасини жарима майдонида мажбурий ушлаб туриш амалиётини бекор қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди.
«Technovation Girls» халқаро дастури Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва БМТнинг «Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги» лойиҳаси билан биргаликда Андижон, Наманган ва Фарғонадаги қизлар ва уларнинг устозлари учун бепул онлайн тренингларида қатнашиш бўйича аризаларни 20 августга қадар қабул қилади. Дастур 4 ойлик онлайн-машғулотлардан иборат бўлади.
Оммабоп ўйинлардан бўлган Fortnite App Store ва Google Play да блокировка қилингач, Epic Games компанияси компанияларни судга берди. Павел Дуров ва Марк Цукерберг Apple нинг 30 фоизлик комиссиясини танқид қилиб чиқишди.
Европанинг нефть қазиб олиш соҳасидаги мутахассислари эндиликда миллиардлаб долларлик нефть ва газ захиралари ҳеч қачон қазиб олинмаслигини тан олишди, деб ёзади Bloomberg. Шу жумладан, Буюк Британиянинг BP компанияси август ойи бошида мамлакатларда янги геологик ҳудудларни ўрганишдан бутунлай воз кечишини эълон қилди.
«Темир дафтарга» киритилган аҳолининг муҳтож гуруҳлари давлат томонидан маҳаллалар орқали моддий ёрдам олишмоқда. Субъектив ёндашув ва коррупциоген (коррупцияни келтириб чиқарувчи) омилларнинг олдини олган ҳолда ижтимоий ёрдам сифатини қандай яхшилаш мумкин — Дилмурод Юсупов мақоласида.
Олий таълим муассасаларига кириш учун бўлиб ўтган онлайн қабулда энг ёш деб тан олинган 13 ёшли абитуриент ёшини кичрайтирганликда гумон қилинмоқда. Унинг аслида 16 ёш эканлиги аниқланди.
Ҳафтанинг илк кунларида Ўзбекистонда қисқа муддатли ёғингарчиликлар кузатилиши ва ҳароратнинг бироз пасайиши кутилмоқда. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво бироз булутли бўлади ва ҳарорат +37 даражагача кўтарилади.
2020 йилнинг 7 ойи давомида республика ҳудудида 3012 та ЙТҲ содир этилган. Уларнинг 808 таси ўлим билан якунланган.
Долларнинг расмий курси деярли 15 сўмга қимматлаб, жами 10 246 сўм этиб белгиланди. Бу АҚШ миллий валютасининг учинчи ҳафта ошиши. Евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов коронавирусдан тўлиқ соғайди, ҳамда ўз фаолиятини давом эттириш учун пойтахтдан Навоийга қайтиб келди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусдан тўлиқ соғайиб, воҳага қайтди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳозирда жазони ижро этиш тизимида 22,9 минг нафар маҳкум сақланишини, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келишини маълум қилди. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда. Вазир эндиликда жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони, уларнинг юридик манзиллари, сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар энди махфий ҳисобланмаслигини таъкидлади.
16 август куни Минскда Александр Лукашенко тарафдорлари ва унинг ҳокимиятига қаршилар иштирокидаги намойишлар бўлиб ўтди. Лукашенко тарафдорлари намойишида бир қисми бюджет ташкилотлари ходимларидан иборат бўлган 65 минг киши йиғилди. Оппозиция тарафдорлари намойишида эса 200 минг одам қатнашди — бу Беларусь тарихидаги энг йирик намойиш бўлди.
Ўзбекистонда 184 та янги коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. 2 нафар коронавирус бемори эса вафот этди. Ҳозирда коронавирусдан даволанаётган 813 нафар беморнинг аҳволи оғир, 234 нафари ўта оғир аҳволда.
Ўзбекистонда Ҳаво флоти куни нишонланди. Хонабод ва Чирчиқдаги аэродромларда Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари кўргазмали машғулотлари бўлиб ўтди.
«Коронавирус билан касалланган бемор вафот этса, ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмайди». Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, вафот этган коронавирус беморларини дафн этиш жараёни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг