Январда аҳолининг келгуси бир йил учун инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,4 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг кутилмалари пасайди (-1 фоиз). Аҳоли ҳам, бизнес ҳам келгусида нархлар ошишига энг кўп коммунал хизматлар қимматлашиши сабаб бўлишини қайд этган.
Давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони билан Бош прокуратурага қуёш панелларини ўрнатиш режасининг ижросини таъминлаш топширилди. Энергетика вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда уларни туман ва шаҳарларда ўрнатиш дастурини ишлаб чиқади.
Рақобат қўмитаси ва ССВ Тошкентдаги Nazar Medical шифохонаси болалар терапевтик стоматологияси бўйича тиббий фаолият юритиш учун лицензияга эга эмаслигини аниқлади. Қўмита клиникадаги текширувни бир аёл ва болага сифатсиз тиббий хизмат кўрсатганидан сўнг ўтказган.
Фарғонада Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Январь якунларига кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси декабрга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,7 фоизни ташкил этди. Аҳоли ой давомида энг кўп электр энергияси, газ, гўшт ва тухум нархларида юқори ўсиш кузатилгани қайд этди.
Жарқўрғон тумани Какайди қўрғонида яшовчи Муниса Хаитмуродова Mobiuz ўтказган MobiDRIVE акциясининг учинчи ғолиби бўлди.
Адлия вазирлигида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш услубиёти» рўйхатдан ўтказилди. У норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш жараёнларини услубий жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.
Қарши шаҳрида 17 ёшли қиз ўзини 16 қаватли уй томидан ташлаб ҳалок бўлди. Ҳодисани кўрган фуқаролар уни тўхтатишга ҳаракат қилган, бироқ қиз уларга қулоқ солмаган.
2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг кузатилмайдиган ҳажми 505 трлн сўмдан ошиб, ялпи ички маҳсулотнинг 34,8 фоизини ташкил этди. Яширин иқтисодиётнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келади.
Душанба куни Бухоро вилоятидаги «Бухоро-Урал» магистраль газ қувурида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ авария юз берди. «Ўзтрансгаз» ва Энергетика вазирлиги «ҳолатни бартараф этиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилаётганини» маълум қилди.
Самарқанд вилоятида 27 ёшли аёл эри томонидан калтакланганидан сўнг бир неча кун ўтиб аҳволи ёмонлашган ва шифохонада вафот этган. Зўравонликка учраган аёл дастлаб ҳолатни маҳалла идорасига маълум қилган. Бироқ маҳалла бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бермаган.
Январда Ўзбекистонда расмий инфляция 0,72 фоизни ташкил этди, бу ўтган йилнинг январь ойига нисбатан юқори. Картошка 23,9 фоизга, кунгабоқар ёғи 2,2 фоизга, гўшт 1,1−1,2 фоизга қимматлади. Давлат боғчалари учун тўловлар миқдори 21 фоизга ошди.
2024 йилда Хитойда никоҳлар сони бешдан бир қисмга қисқарди: 6,1 миллиондан ортиқ жуфтлик никоҳдан ўтди. Турмуш қуришга бўлган қизиқишнинг пасайиши узоқ вақтдан бери Хитойда бола парваришлаш ва ўқитишнинг қимматлиги билан боғлиқ. Мамлакат аҳолиси кетма-кет учинчи йил камайиб бормоқда.
«Айритом» чегара божхона постидаги юк автомобилида 2986 дона супурги дастаги ичидан 612 кг «гашиш» гиёҳвандлик воситаси топилди. Машина Ўзбекистонга транзит ўтиш учун кириб келган. Гиёҳвандлик воситасининг қора бозордаги нархи тахминан 16,5 млн долларга баҳоланмоқда.
Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйлаб асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 0…+5 даража бўлади. 12 февралдан ҳарорат аста-секин кўтарила бошлайди, 14 февралга келиб ҳаво +8…+11 даражагача илийди.
Президент фармонига мувофиқ, 2025 йилда «Сояли сайр кўчалари» тармоғи яратилади, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилади.
Anorbank Тошкент марказидаги Энергетика вазирлиги ва «Ўзтрансгаз» компанияси биноларини 439,6 млрд сўмга (34 млн доллар) сотиб олди. Декабрь ойи охирида Энергетика вазирлиги Янги Тошкентга кўчиб ўтиши, у ерда давлат органи ва унинг тузилмалари учун янги бино қурилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Пайариқ туманида Cobalt хавфли бурилиш пайтида «КамАЗ» билан тўқнашди. Оқибатда енгил автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчиси шифохонада вафот этди.
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган кўргазма очилди. Намойишга 70 га яқин фотосуратга қўйилган бўлиб, уларнинг аксарияти муаллифи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, фоторассом Абдуғани Жумадир. Кўргазма 12 февралгача давом этади.
Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади. Йилни юқори даражада ўтказиш бўйича республика комиссияси ҳамда чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг