24 кунлик компанияга бериб юборилган «Ёшлар кўли», канализация тизимига уланмаган мактаблар, меъёрдан иссиқ кечган қиш фасли, фаолиятини вақтинча тўхтатган «Муштум» ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
ХДП Юнус Ражабий маҳалласидаги футбол майдони ва яшил ҳудудни бузиб, ўрнида бино қуришга қарши чиққан фуқароларни қўллаб-қувватлади. Аввалроқ «Газета.uz» мазкур вазият ҳақида ёзганди. Партия Тошкент шаҳри ҳокимлигига сўров юбориб, собиқ ҳоким қарорини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.
Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида маст эркак ўқитувчи хотини билан гаплашиш учун мактабга кирмоқчи бўлди. Эркакнинг қўлида болта бор эди. У чақирув бўйича етиб келган Миллий гвардия ходимлари томонидан қўлга олинди.
Қирғизистон ҳукумати жамоат жойларида тамаки чекканлик учун жарима миқдорини уч баравар — 33,5 долларгача оширди. Болаларга тамаки маҳсулотлари сотганлик учун жарима миқдори ҳам оширилди.
Вилоят ҳокими қарори асосида Фарғона шаҳри марказидаги «Ёшлар кўли» 24 кунлик компанияга бериб юборилганди. Давактив агентлиги ўрганишлар натижасида мазкур ҳолатда бир қатор қонун талаблари бузилганини аниқлади. Шу сабабли ер майдони Спорт вазирлиги балансига қайтарилади.
Ҳокимларнинг ер ажратиш ваколати тугаганига 2,5 йил бўлди. Бироқ Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров «Ёшлар кўли»нинг ўрнини «бино ва иншоотларни» берганлик ниқоби остида ажратиб бериб, президент қарорига нотўғри ишора қилди. Ер топширилган компания қарор чиқишидан 24 кун олдин рўйхатдан ўтган.
Канададаги ҳоспис асосчиси Facebook`да беморлардан бири вафотидан олдин «Дюна 2» фильмини кўришни истаётгани ҳақида ёзди. Фильм режиссёри Дени Вильнёв премьерадан 1,5 ой олдин унга ассистенти орқали фильм нусхаси ва компьютерини юборди. Бемор фильмни томоша қилганидан бир неча кун ўтгач вафот этди.
Ўзбекистонда 2023−2024 йилларнинг қишидаги ҳаво ҳарорати 1,5−2,6 даража юқори бўлди. Февраль ўтган қишда энг қорли бўлди, декабрда эса энг паст ҳарорат кузатилди.
Қўқон (Фарғона), Зарафшон (Навоий), Термиз (Сурхондарё), Янгибозор (Хоразм) ва Бўстон (Қорақалпоғистон) шаҳарларида «Болалар ва ёшларга дўстона маҳаллий бошқарув» ташаббуси синовдан ўтказилди. У ҳокимият органларнинг ёшлар манфаатини таъминловчи қарорлар қабул қилишини таъминлашга қаратилган.
Ангрен шаҳридаги 2 та мактабда «Телефонсиз мактаб» тизими жорий этилди. Аввалроқ Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев телефондан фойдаланишни тақиқлаган мактабга 300 млн сўм ваъда қилганди. Ҳокимликка кўра, бу орқали «ўқувчиларнинг эътибори билимларни янада чуқурроқ эгаллашга қаратилди».
Ўзбекистон пойтахтидаги экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди экологик ҳудудларга ажратилади. Транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига қараб уларга ёрлиқ ёпиштирилади. Ёрлиқ рангига қараб айрим экологик зоналарга кириш босқичма-босқич чекланади. Видео.
101 йилдан буён яшаб келаётган «Муштум» журнали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Таҳририят бунинг сабабини «иқтисодий қийинчиликлар», дея изоҳлади. Журнал фаолияти маълум вақтга тўхтатилганига оид хабар тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Лихтенштейн Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 146-давлат бўлди. Бу ҳақдаги ҳужжат Нью-Ёркда имзоланди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва БМТ Тараққиёт дастури Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига сув сифати сенсорлари, фильтрлаш ва тозалаш тизимлари, шунингдек, интенсив балиқ етиштириш учун қуёш сув иситгичларини тақдим этди.
Пойтахт ҳокимлиги қошида Йўлларда ҳаракатни ташкиллаштириш маркази очилади. У қоидабузарликларни қайд этувчи 2 мингдан ортиқ фото ва видео қайд этиш тизимини ўрнатади, транспорт комплекси учун ягона реклама майдони, пуллик тўхташ жойлари ва электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмаси яратади.
Қува туман туманидаги қабристондаги 62 туп арча дарахти туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ўзбошимчалик билан остидан кесиб ташлангани аниқланди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда 1 та ўқувчи ўрнига 1,2 нафар ўқувчи тўғри келмоқда, оқибатда иккинчи ва учинчи сменадаги ўқувчилар сони 2,1 млндан ортиқни ташкил этмоқда, (жами ўқувчиларнинг 33 фоизи) дейилади МҲТИ тадқиқоти натижаларида.
Ўзбекистондаги мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализация тизимига уланган, 70,5 фоизида «водопровод» мавжуд, мактабларнинг 4,6 фоизи умуман яроқсиз ҳолатда, умумтаълим тизимига сарфланаётган давлат бюджети харажатлари номутаносиб тақсимланган, дейилади МҲТИ тадқиқоти натижаларида.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия газининг Ўзбекистонга транзити ҳажмини 2026 йилдан бошлаб аввалроқ режалаштирилган йилига 3 мрлд куб метрдан 11 млрд куб метргача оширишни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда «ТАСС».
Ўзбекистонда БМТнинг расмий статистика сифатини таъминлаш бўйича базавий принциплари миллий статистика тизимига жорий этилилади. Расмий статистикани тайёрловчиларнинг ҳар бирида расмий статистикада сифат ва тарқатиш сиёсатлари ишлаб чиқилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг