Ўзбекистон президенти бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов ва бошқа масъул раҳбарларга Тошкент шаҳридаги тирбандликлар муаммосини ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлашни топширди. «Барча раҳбарлар „Шаҳар — пиёдалар учун“ шиорини ўзининг асосий тамойилига айлантириши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ўзбекистонда жамоат транспорти ҳалигача одамларга сифатли хизмат кўрсатадиган тизимга айлангани йўқ. Қамров бор-йўғи 25 фоиз экани — тизимга берилган баҳо», — деб таъкидлади президент. 2024 йилда ҳудудлар учун 1200 та автобус ва электробус харид қилинади.
Экология вазирлиги аэрокосмик тасвирлар орқали 5 ва ундан катта ёшли 254 млн дан ортиқ дарахтнинг рақамли харитасини тузди. 200 мингдан ортиқ дарахт хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилди. Тошкент шаҳрида эса дарахтлар синов тариқасида паспортлаштирилади.
Ўзбекистон президенти қурилишни «коррупциясиз соҳа»га айлантириш чораларини маълум қилди. Шу мақсадда 1 июлдан бошлаб барча қурилиш шартномалари рақамлаштирилади, пудратчиларнинг ишлари фақат электрон ҳисоб-фактура асосида молиялаштирилади ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилади.
Президент 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмагани, ҳокимлар буни режа ҳам қилмаганини айтди. Бош вазирга мазкур туманлар ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Президент қурилиш лойиҳаси, тендер, объектни қабул қилишда коррупция учраб тургани, айрим қурувчи тадбиркорлар яширин ишлашга мажбур бўлаётганини айтди. Энди қурилиш ишларида «ресурс усули»дан воз кечилиб, «ҳажм усули»га ўтилади. Унда пудратчидан якуний натижа сўралади.
Ўзбекистонда 2023 йилда 4 мингга яқин ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланди. Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойлар тўсиб олинган.
Қурилиш вазирлигида Лойиҳа офиси тузилади. У қурилишда лойиҳалаштиришни тартибга солиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича илмий таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани бўйича тегишли вазирлик, идоралар фаолиятидаги қолоқликларни танқид қилди.
Ўзбекистоннинг асосий қисмида душанба ва сешанба кунлари ёғингарчилик кузатилади. Чоршанбадан Тошкент вилояти ва водийдан ташқари республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечалари 0…-5, шимолда −10…−15, кундузи −3…+5 даража бўлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Адиз Бобоев Ҳисоб палатаси раиси лавозимига тайинланди. Меҳриддин Абдуллаев эса раиснинг биринчи ўринбосари бўлди.
Душанба куни соат 10:20 дан Китоб туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг «Тахтақорача» довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунга кучли қор ёғаётгани сабаб бўлган.
Президент ўз тизимида камчиликларга йўл қўйгани учун транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ ЙҲХБ бошлиғи Олим Саидов ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилиб, охирги огоҳлантириш берди.
Кўп миқдордаги пулларни ўзлаштиришда айбланиб, 8 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди. Унинг ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Истанбулдаги бош консулхонага ёки ИИВга мурожаат қилишлари сўралди.
«Газета.uz» хотин-қизлар ҳақидаги стереотипларни парчалаб, илмий, маърифий-сиёсий фаолияти билан тарихда қолган аёллар ҳақидаги ҳикояларни давом эттиради. Бу галги қаҳрамон — дунёнинг энг биринчи ҳарбий учувчи аёли, фаолияти давомида 22 хил учоқда 8000 соатдан кўпроқ парвоз қилган Сабиҳа Гўкчен.
Амир Темур ҳайкали — Тошкентнинг ажралмас рамзларидан бири. Тайёрланишида президент Ислом Каримов ҳам қатнашган ушбу ҳайкал тарихи ҳақида «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов унинг муаллифларидан бири, академик ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ва таниқли журналист Маматқул Ҳазратқулов билан суҳбатлашди.
Тошкентда икки вайнер аёл эридан калтак еб, ота уйига борганда отаси ҳам бунга қизининг ўзини айбдор қилиб, ортга қайтариб юборгани акс этган видео ишлаганди. Суд буни тазйиқ, зўравонлик ва жинс бўйича камситишни тарғиб қилувчи маҳсулот деб топиб, уларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазосини тайинлади.
Шайхонтоҳур туманида KIA ва Malibu машиналари иштирокида ЙТҲ бўлди. Ҳайдовчиларнинг бири жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.
Марғилон шаҳрида бир хонадонда истиқомат қилиб келган эр-хотин, уларнинг қизи ва уч нафар набираси ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди.
Этноспорт ассоциацияси томонидан 2023 йилда халқаро ташкилотлар экспертлари, Ўзбекистон вазирликларининг вакиллари, шунингдек, профессионал ва ҳаваскор ёш спортчилар иштирок этган олтита йирик ва аҳамиятли тадбир ўтказилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг