Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси 2021 йилда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш вақтида қўлга олинган уч опа-сингил билан боғлиқ вазиятни назоратга олганини маълум қилди. Ҳибсга олинганларнинг опаси уларни Ҳиндистон фуқароси алдаганини таъкидлаган.
Чилонзордаги ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси, шунингдек, фармацевтика, малакани баҳолаш ва тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш каби марказлар ташкил этилади. Шифокорлар тегишли ҳудудда энг кўп тарқалган касалликлар бўйича курсларда ўқитилади.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари бўйича халқаро қоидаларга амал қилаётганини, Қозоғистон ёрдамида Россияга икки хил мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотлар экспорт қилинаётгани ҳақидаги хабарлар «ҳақиқатга тўғри келмаслигини» билдирди.
Тармоқларда Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли экани айтилаётган аудио тарқалди. Унда прокурорнинг МФЙ раисларидан солиқ пулини талаб қилгани ва уятсиз сўзлар билан ҳақоратлаганини эшитиш мумкин. Ҳолатни вилоят прокуратураси ўрганмоқда.
Тижорат банклари 21 июнь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 435−11 490 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 490−11 545 сўм.
Сенат галдаги ялпи мажлисда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисидаги қонунни, Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш битимини ва Покистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик битимини ратификация қилиш ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади.
Қурбон ҳайити намози вақтлари, Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатига киритган АҚШ, Тошкент вилоятида иш вақтида пичоқланган экоинспектор, Андижонда 2 кишини чақмоқ ургани, ОТМга онлайн қабул, тадбиркорларга солиқ ставкаларини пасайтириш режаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинда Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Музокараларда Хитой томони Россияга ҳалокатли қуроллар етказиб бермасликка ваъда беришини, Тайван масаласида эса ён бермаслигини маълум қилди. АҚШ томони эса Шинжон ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарди.
Фарғонада мушукни тириклайин ёқиб юборган шахсларга нисбатан тайинланган БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси бекор қилинди. Ҳолат судда кўриб чиқиладиган бўлди.
Булунғур туманида йўл ёқасига экилган, қарийб 50−55 йиллик 9 туп қайрағоч кесиб ташланди. Ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 744,6 млн сўм зарар етган.
Қонунчилик палатаси депутатлари давлат байроғидан фойдаланиш бўйича қўшимчалар киритилган қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Унда байроқни хонадонларга осиб қўйиш, кийим-кечакларга ёпиштириш, оилавий ва бошқа тадбирларда ишлатиш мумкинлиги белгиланган.
2023 йилнинг дастлабки 5 ойида 1,6 млн нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга чиқди. Статистика агентлиги фуқаролар асосан қариндошларини йўқлаш ва дам олиш мақсадида сафарга чиқаётганини маълум қилди.
Зангиота туманида 14 ёшли қиз 9 метрлик қудуққа тушиб кетди. У ФВВ қутқарувчилари томонидан олиб чиқилди ва шифохонага ётқизилди.
АҚШ Россияга қарши санкциялар доирасида Алишер Усмоновни «қора рўйхат»га киритди. Шунингдек, рўйхатга тадбиркор Геннадий Тимченко, Давлат думаси депутати Сулаймон Керимов ва бошқа бир қатор йирик тадбиркорлар ҳам киритилган.
Мусулмонлар идораси Қурбон ҳайити намози вақтларини эълон қилди. Ҳайит намози Тошкент шаҳрида соат 05:15 да, бошқа ҳудудларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.
Пахтаобод туманида 2 кишини чақмоқ уриб, 17 ёшли йигит вафот этди. Воқеа жойида бўлган аёлнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳодиса вақтида у қизи ва марҳум билан далада чопиқ қилаётган бўлган. 15 ёшли қиз шифохонага ётқизилган ва аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.
Фарғона вилоятида С ва D тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 1 200 АҚШ долларини олган шахс қўлга олинди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери 9000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, 16 000 га яқин киши жароҳатланди. БМТ маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган жойлардан маълумот йиғиш қийинлиги сабабли ҳақиқий рақамлар анча юқори бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг 11 та вилоятидаги 47 та «шароити оғир» бўлган туманда тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Солиқ имтиёзларини назарда тутувчи қонун лойиҳасини депутатлар концептуал жиҳатдан қабул қилди.
Фарғона вилоятида мушукни ёқиб юборган уч эркакнинг ҳар бири БҲМнинг 3 баравари миқдорида жаримага тортилди. Ҳолатда жиноят ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқилиши учун асос бўлсада, ундай бўлмади. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ҳаракати прокуратурадан жазони қайта кўриб чиқишни сўради.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг