Доҳада U-23 Осиё кубоги гуруҳ босқичи учун қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистон Вьетнам, Кувайт ва Малайзия билан бирга «Д» гуруҳидан жой олди. Мусобақа 2024 йилнинг 15 апрелидан 3 майигача Қатарда ўтказилади.
Сурхондарё вилоятида 23 ноябрь тонгидан буён 3 марта зилзила қайд этилди. Ҳар учала силкиниш эпицентри Қумқўрғон туманига тўғри келди. Зилзила бу туманга яқин ҳудудларда 2−3 балли даражада сезилди.
Ўзбекистонда жисмоний шахслар дори воситаларининг клиник синовларида ихтиёрий равишда иштирок этишлари мумкин бўлди. Тадқиқот раҳбари қатнашувчига синовнинг эҳтимолий хавфи ҳақида батафсил тушунтириш бериши шарт.
Европа Иттифоқи Украина учун ҳарбий ёрдам, дезинформацияга қарши курашни кучайтириш, ядро хавфсизлигини таъминлаш, иттифоққа қўшилиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам ва бошқаларни назарда тутувчи хавфсизлик кафолатлари концепциясини тайёрлади.
Биржада Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқариладиган Аи-80 бензинининг максимал харид ҳажмини кунига 4 тоннагача пасайтирди, деб ёзади Spot. Бу ёқилғи қуйиш шохобчалари ва брокерлар сўраган айни чегарадир. Шу билан бирга, истисно тариқасида, бошқа ишлаб чиқарувчиларга 10 тоннадан сотишга рухсат берилади.
Пойтахтдаги гул дўконларининг бирида 9 ёшда экани айтилаётган қизни маст онаси калтаклади. Ҳолатни болалар омбудсмани ўрганмоқда. «Қизча вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўрилмоқда», дейилади омбудсман хабарида.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги «Чилонзор Оқтепа» ёдгорлиги атрофида қурилиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги у ерда автосервис қуриш учун рухсатнома берилганини таъкидлади. Маданий мерос агентлиги эса ёдгорлик атрофи 3D панжара билан ўралаётганини маълум қилди.
Тошкент ерусти метро линияси остидаги бўш ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қурилади. Ҳокимлик бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидан олинган 17,5 минг гектар ер тадбиркорларга берилмаган ва аукционга ҳам қўйилмаган. Президент вилоят ҳокимларини бу ерлар йил охиригача аукционга чиқарилмаса, қишлоқ хўжалиги тоифасига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирди.
Тошкентдаги ўртача таъмирланган бир хонали уйлар ижараси ўрта ҳисобда 348, икки хонали уйлар учун 437, уч хонали уйлар учун 526 долларни ташкил этмоқда, дея қайд этди МҲТИ мутахассислари. Октябрда барча турдаги хонадонларнинг ижара нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан арзонлаган.
Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси U-17 Жаҳон чемпионати чорак финалида Франция терма жамоасига қарши майдонга тушиши керак. Аммо Франция ўз таркибига аввалроқ Нигер жамоасида тўп сурган ҳужумчини жалб этгани учун дисквалификация қилиниши мумкин.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов президентга берган ахборотида энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтишини маълум қилди. Қайд этилишича, аҳоли ва корхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинган.
ЮНEСКО Бош конференциясининг навбатдаги сессияси 2025 йилда Самарқандда бўлади. У 1985 йилдан бери илк марта Париждан ташқарида ўтказилади. Ташкилотга аъзо давлатлардан ҳеч бири ўз ҳудудида конференцияни ўтказишга таклиф бермагани сабаб охирги сессиялар ташкилот штаб-квартирасида бўлиб ўтаётганди.
«Док-1 Макс» иши бўйича 15 ноябрда бўлган судда Фармагентликнинг судланаётган собиқ раҳбари Сардор Кариев ўзининг собиқ ўринбосарига: «Сен ифлосни деб шу ерда ўтирибман!», деди. Қизи вафот этган жабрланувчилардан бири эса ҳеч кимга даъвоси йўқлигини ва уни ортиқ безовта қилмасликларини сўради.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов депутатларга энергетика инқирозининг олдини олиш учун Тошкентда қишга тайёргарлик қандай кетаётганини сўзлаб берди. Шу мақсадда қозонхоналар таъмирланиб, янги подстанция ва электр линиялари қурилди, мазут захиралари яратилди ва бошқа ишлар бажарилди, деди у.
Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ҳамда Ван И Пекинда икки давлат ташқи ишлар вазирларининг биринчи стратегик мулоқотини ўтказди. Унда сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Миллий гвардия ходимларига резина таёқлар билан бир қаторда махсус таёқлардан ҳам фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Телескопик таёқлар, лойиҳада тушунтирилишича, совуқ қуролли ҳужумни бартараф этиш ва фаол қаршилик кўрсатган тартиббузарларни бўйсундиришда қўл келади.
Шавкат Мирзиёев Бокуда ўтказиладиган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этиш учун 23−24 ноябрь кунлари Озарбайжонда бўлади.
Ўзбекистон бош вазири Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳуқуқини олди. Ўзбекистон президенти кадастр соҳаси учун кадрлар тайёрлаш сифати «замондан орқада» эканини таъкидлади.
Chery Uzbekistan бренди автомобилларнинг барча моделлари нархини пасайтириш ва транспорт харажатларини оптималаштиришни эълон қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг