Россиянинг Ozon маркетплейси Ўзбекистон ҳудудида фаолият бошлади. Компания 2024 йилда мамлакатда ўзининг логистика инфратузилмасини, жумладан, омбор мажмуалари ва етказиб бериш хизматларини, шунингдек, брендланган топшириш пунктларининг франшиза тармоғини ривожлантириш ниятидалигини маълум қилди.
Янгиҳаёт туманида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 устига дарахт қулаб тушди. Оқибатда 26 ёшли йўловчи қиз бош мия очиқ жароҳати билан вафот этди. Экология бўлими дарахт соғлом бўлгани, ёмғир сабабли таги бўшаб қолганини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилги давлат бюджети лойиҳасида «декрет пули» прогнози қисқарганини изоҳларкан, 2023 йилда хусусий секторда ишлаётган 130 минг аёлга 300 млрд сўм ажратиш режалаштирилгани, бироқ 9 ойда атиги 12 минг аёлга 24,6 млрд сўм нафақа берилганини қайд этди.
ДХХ Бекобод туманида 250 млн 800 минг сўм миқдоридаги 100 минг сўмлик қалбаки купюралар сотилишининг олдини олди.
Марказий банк Brio Group МЧЖнинг (Oson бренди) тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензиясини тиклади. Компания лицензиясининг амал қилиш муддати 17 октябрда тўхтатиб қўйилганди. Ундан аввал эса Oson`га қонун талабларини бузгани учун жарима санкцияси қўлланган.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ХIХ Осиё ўйинларига бағишлаб ўтказилган «Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси»ни 86 мингдан ортиқ киши томоша қилди. Унда Ўзбекистоннинг 20 та музей экспонати, жумладан, анъанавий ўзбек сўзанаси, чопон ва заргарлик буюмлари намойиш этилди.
Антикоррупция агентлиги 93 та вазирлик, идора ва ҳокимликда эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларнинг фақат 52 фоизи очиқланаётганини аниқлади. Аксарият ҳолларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар харажатларига оид маълумотлар бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйилган.
АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, Россия билан урушда 70 минг Украина аскари ҳалок бўлган, яна 120 минг нафари яраланган. The Economist мақоласида Украинада ишсизлик урушдан олдинги даражадан юқорилигича қолаётгани, қурилиш, тоғ-кон саноатида кўпроқ хотин-қизларнинг меҳнатга кириб келаётгани қайд этилган.
Маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказларини очган тадбиркорларга давлат гранти ажратилиб, 1 нафар аёл учун 3 млн сўмдан ошмаган миқдорда пул тўланади. Маблағлар Оила ва хотин-қизлар жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Uzum Market`да 11.11 акциясининг биринчи кунлари натижаларига кўра, фойдаланувчилар 130 мингдан ортиқ буюртма расмийлаштиришган. Буюртмалар кўпроқ Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро аҳолиси томонидан берилган.
Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Бирлашган Қиролликнинг янги ташқи ишлар вазири этиб тайинланди. У 2010−2016 йилларда Британия ҳукуматини бошқарган ва Brexit тўғрисидаги референдумдан сўнг истеъфога чиққан эди.
Ўзбекистон Марказий банки томонидан ўтказилган сўров натижалари аҳоли билим олиш ва саёҳатга кўпроқ маблағ сарфлай бошлаганини кўрсатди. Респондентларнинг келажакдаги харажатлари таркибида таълим биринчи ўринни эгаллади.
«Газета.uz»нинг Ўзбекистонда саратон билан оғриганлар қандай вафот этаётгани ҳақидаги мақоласидан сўнг Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкентдаги катталар ҳосписи қурилишига ҳамда Taskin болалар ҳосписига ташриф буюрди. Улар ҳоспис ва паллиатив ёрдам парламент назоратига олинишига ишонтиришди.
Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун янги воситаларни жорий этиш мақсадида бизнесни ривожлантириш компанияси ташкил этилмоқда. У капитални молиялаштириш, хизмат ипотекаси ва бошқа ёрдамларни кўрсатади. Компания бюджетдан 1,2 трлн сўм ва 100 млн долларлик кредитлар олади.
Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига 19 та тур қўшилди. Миллий тақинчоқлар, атлас ва адрас ишлаб чиқариш, қўзиқоринларни йиғиш, уйда етиштириш ва сотиш ва бошқалар шулар жумласидан.
Янгиҳаёт туманида «12-Автобус саройи»га тегишли MAN автобуси ёниб кетди. Ҳодисага электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган.
Чехия ва Ўмоннинг Ўзбекистондаги янги элчилари ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
8 декабргача Asakabank`да миллий валютадаги депозитларга оширилган фоиз ставкалари амал қилади.
Китоб туманида фуқаро 21 туп қайрағоч дарахтини ноқонуний равишда кесиб ташлагани аниқланди. Ҳолат бўйича 180 млн 840 минг сўм зарар белгиланди.
Саудия Арабистонида ўтган Араб-ислом саммитида Ғазодаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш муҳокама қилинди. Унда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов аъзо давлатларни Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа масканлар дахлсизлигини таъминлашда имкониятларини сафарбар этишга чақирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг