Наманганда заҳарланган 70 дан ортиқ бола, ундан қаттиқ ташвишга тушган президент, заҳарланиш ортидан таркибида йод бўлган «Антиструмин» №100дан фойдаланиш тақиқлангани, лотин алифбосидаги 4 та ҳарфнинг шакли ўзгариши, газ, электр энергияси таннархи ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Россия Қора денгиз флотининг босиб олинган Севастополдаги штаб-квартираси ракета ҳужумига учради. Бинонинг томи ва юқори қавати вайрон бўлган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумда Украинани айблади. Украина ҳарбийлари эса ушбу маълумотни тасдиқлади.
Наманган вилоятида 71 нафар бола заҳарланганидан сўнг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганишлар якунига етгунига қадар таркибида йод бўлган «Антиструмин» №100 маҳаллий дори воситасидан фойдаланишга тақиқ жорий этилди.
5 та кинопремера, очиқ осмон остидаги кинонамойишлар, «Ҳумо» хоккей клуби матчлари, MotorFest2023 автофестивали, Geek Con Tashkent фестивали, Анҳор боғида ретро-кеча, плоггинг-югуриш, концертлар, кўргазмалар, спектакллар, болалар учун тадбирлар ва дам олиш кунларидаги бошқа қизиқарли тадбирлар.
Ўзбекистон президенти Чуст туманида 70 дан ортиқ боланинг заҳарланиши билан боғлиқ вазиятдан «қаттиқ ташвишда», дея маълум қилди унинг матбуот котиби. Давлат раҳбари мунтазам равишда вазият юзасидан ҳисоботлар олиб, масъулларга алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқлар бермоқда.
Yangi O‘zbekiston bog‘i`da 16 сентябр куни Coke Studio Fest бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек хонандалари билан бир қаторда Artik ва Asti, Andro ва DJ Afrojack ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этишди.
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси лойиҳаси эълон қилинди. Унда 4 та ҳарфнинг шакли ўзгариши кўзда тутилган: o‘, g‘, sh ва ch. Лойиҳа бўйича янги ўзбек алифбоси 28 та ҳарф, 1 та ҳарф бирикмаси ва тутуқ белгисидан иборат бўлади.
Ўзбекистон Марказий банки томонидан доллар курси ўзининг тарихий максимал қийматини янгилади ва 12 200 сўм чегарасидан ўтди. Йил бошидан буён миллий валюта 8,6 фоизга қадрсизланди.
Тоғли Қорабоғдаги вазият туфайли Ереванда уч кундан бери оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар Арманистон бош вазирининг истеъфога чиқиши ва тан олинмаган республикадан келувчилар қабул қилинишини сўрамоқда. Полиция 80 дан ортиқ намойишчини ҳибсга олган.
Ўзбекистонда 1 кВт/соат электр энергияси таннархи 970 сўмни (2022 йил май ойидан +21,2% ошган), газнинг бир кубометри 1890 сўмни (+35%) ташкил қилмоқда, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги. Куни кеча Энергетика вазири бир кВт/соат электр энергияси нархи 800 сўмдан ошганини айтганди.
Суриядаги террорчилик ташкилотига қўшилган 36 ёшли ўзбекистонлик эркак узил-кесил 9 йилга қамалди. У яқин дўстининг таклифи билан халқаро террористик ташкилотга қўшилган ва бир гуруҳ шахсларни Сурияга жўнатишни ташкиллаштирган.
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга сафари давомида у ердаги ўзбекистонликлар билан учрашганди. Учрашувда қатнашган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов тадбир тафсилотларини маълум қилди. Давлат раҳбари уларни кузатиб боришини таъкидлаган ва уларни «очиқ гапиришга» чақирган.
22 сентябрь куни Тошкент шаҳри суди биносига бомба ўрнатилгани ҳақида маълумот тарқалди. Пойтахт ИИББ хавотирга берилмасликни сўраб, Тошкент шаҳри суди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда машғулотлар ўтказилаётганини маълум қилди.
АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда Украина раҳбари Владимир Зеленский билан учрашди. Шундан кейин Қўшма Штатлар етакчиси Украинага 325 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Байден буни «бутун дунёдаги мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик учун киритилган сармоя» деб атади.
Фарғона вилояти Фурқат туманида Хитой компанияси билан йиллик қуввати 1000 дона бўлган электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, электромобилларни қувватлаш ускуналарини ва электробусларга аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Август ойи охирида Урганч шаҳридаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг зўрланиши бўйича иш судга қайтарилди. Олий суд сайтидаги маълумотларга кўра, қўшимча тергов ўтказилганига қарамай, собиқ амалдорларга қўйилган айбловлар ўзгаришсиз қолди.
Тошкент аэропортида такси хизмати учун жойлар техник шартларга қўшимчалар ва тушунтиришлар киритилгани сабабли қайтадан кимошди савдосига қўйилди. Ҳар учала лот бўйича савдолар 3 октябрь куни E-auksion.uz сайтида бўлиб ўтади.
Бир қисми Ўзбекистонга ўтган Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиб келинади. Бу бўйича келишувга Фарғона вилояти ҳокимининг Хитойга ташрифи давомида эришилди.
Маданий мерос агентлиги ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқарилиши айтилган «Шарқ» ва ЎзА бинолари маданий мерос объекти эканини ва хусусийлаштириш мумкин эмаслигини маълум қилди. Уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича Давактив агентлигига огоҳлантириш берилди.
Шанба ва якшанба кунлари ҳаво кам булутли ва қуруқ бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари +11…+16 даражани ташкил этади, кундузи +25…+30 даражагача исийди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг