Шавкат Мирзиёев бундан буён ўзига юклатилган вазифаларни бажара олмаган вазир истеъфога чиқишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вазирлар ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаришини айтди. Президент маълум қилинишича, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25−30 фоизга қисқаради.
Президент халққа мурожаатида Нукус воқеаларига ҳам тўхталиб ўтди. «Бизнинг эзгу мақсадимиз — биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 млрд доллардан ошганини маълум қилди. «Бу каби рақамлар, бундай натижалар илгари бизда бўлмаган эди. Бу ҳам халқимизнинг бирдамлиги, халқимизнинг меҳнатсеварлиги натижасида эришилди», — деди президент.
Президент Мирзиёевнинг айтишича, йилга ном танлаш учун аҳолидан тушган «20 мингга яқин таклиф» муҳокама қилинган. «Жуда кўп ўйландик», деди у. Давлат раҳбари 2023 йилга берилган номни изоҳларкан, Юсуф Хос Ҳожибдан иқтибос келтирди: «Заковат бор жойда улуғлик, билим бор жойда буюклик бўлади».
Сурхондарё вилоятида Nexia ва Nexia-3 ўзаро тўқнашиб кетди. Оқибатда икки нафар фуқаро вафот этди. Ҳодиса светофор ишламаётган чорраҳада юз берди.
Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, UzAuto Trailer корхонаси устав фондидаги 100 фоиз давлат улуши 561,1 млрд сўм эвазига Татаристоннинг «Химград» технополис саноат паркига сотилди. Корхонани мустақил баҳолаш ишлари PricewaterhouseCoopers томонидан амалга оширилди.
Онкология марказининг пойтахт ва Тошкент вилояти филиаллари сотувдан олиб ташланганди. Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилишича, марказнинг ўзи ҳам савдодан олиб ташланган.
Ўзбекистон президентининг парламентга мурожаати соат 11:00 дан бошлаб давлат ва хусусий телеканаллар, радио ва интернет орқали жонли эфирда намойиш этилади (каналлар рўйхати).
Тижорат банклари 20 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 250 — 11 300 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксар банкларда 11 345 сўм.
«Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти ярим йил давомида Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида социологик тадқиқот ўтказди. Унда зўравонликка учраган 18−34 ёш оралиғидаги 420 нафар респондент қатнашди. Аёлларнинг 39,4 фоизи эрга гап қайтаришни зўравонлик ҳолатига сабаб қилиб кўрсатган.
Ўзбекистон президенти электромобиллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Харидорларга маҳаллий электромобилларни харид қилишда кредит фоизларининг бир қисми қопланади. Шунингдек, давлат идоралари ва ҳокимликлар учун электромобиллар харид қилинади.
2023 йилда давлат қарзи $32,6 млрд бўлиши прогнози, Ўзбекистонга келадиган Қозоғистон президенти, Марказий Осиёнинг Россияга бўлган қарамлигини юмшатишга ёрдам беришини айтган ЕИ, янги Экопартия раҳбари, ҳафта ўртасида қор, оқланган қатағон қурбонлари ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Олий суд 4 та жиноят иши бўйича сургун қилинган, отилган ва мол-мулки мусодара қилинган 173 нафар қатағон қурбонлари номини оқлади. Уларнинг аксарияти Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида яшаган. Бир нафари эса Эрон фуқароси бўлиб, у ССРИ ҳудудидан депортация қилинган.
2024 йилдан бошлаб барча янги савдо, кўнгилочар ва бизнес марказлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва автомобиль йўллар бўйидаги инфратузилмаларда мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станциялари жойлаштирилади. Икки йил ичида 2400 та станция қурилади.
Тошкент ҳокимлиги аҳолини давлат экспертизасидан ўтмаган янги уйлардан квартира сотиб олишдан огоҳлантирди. Пойтахт маъмурияти шаҳар марказида қурилиши режалаштирилган DahO мажмуасидаги квартиралар давлат экспертизасидан ўтказмасдан сотувга қўйилганини маълум қилди.
2023 йилдан бошлаб тадбиркорлар учун ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши натижасида улар ихтиёрида қўшимча 13 трлн сўм айланма маблағ қолиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича ҚҚС имтиёзлари бекор қилинади.
Молия вазири Тимур Ишметов қуйи палатанинг навбатдаги йиғилишида келгуси йилда бюджет даромадлари 311 трлн сўм миқдорида, харажатлар эса 344 трлн сўм миқдорида режалаштирилганини маълум қилди. Консолидациялашган бюджет миқдори 32,5 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3% тақчиллик билан шакллантирилди.
2021−2022 йиллар давомида лифтларда 4 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва натижада 5 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган. Ҳозирда мавжуд лифтларнинг 290 дан ортиғи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган, капитал таъмирталаб.
Бангкокда (Таиланд) ўтказилган кикбоксинг бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 24 та — 10 олтин, 9 кумуш ва 5 бронза медалини қўлга киритди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг