Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳоким ёрдамчиси 300 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. У маҳаллий фуқарога вилоят тез тиббий ёрдам марказига фельдшер бўлиб ишлашга киритишни ваъда қилганлиги айтилмоқда. Туман ҳокимияти «ҳоким ёрдамчиси аввалги иш жойидаги имконияти туфайли пора олгани, ҳозирги лавозими унга бундай ваколатлар бермаслигини» таъкидлади.
Ҳуқуқшунос Камолиддин Баҳавадинов «тонировка»га қўйилган талаб мантиқсизликдан бошқа нарса эмаслиги ва унга қўйилган нарх «космик» даражада қимматлигини танқид қилди. «Одам ёзда ўзини бироз қулай ҳис қилиши учун 6 ойлик ойлигини емай, ичмай бериши шахсан мен учун мантиқсизлик. Бу инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилиш», — деди у. Қолаверса, машина орқа ён ойнасига парда тақишга рухсат борлиги ва «тонировка» мумкин эмаслигини ҳеч ким тушунтириб бера олмаслигини айтди.
Марҳамат тумани ҳокимининг «Полвонтош» маҳалласи бўйича собиқ ёрдамчиси, 38 ёшли фуқаро ўз хонадонидаги молхонада осилган ҳолда топилди. Унга нисбатан тазйиқ, ҳақорат ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда Nexia автомобили бетон тўсиққа урилиб, пастликка ағдарилган. Машинада ёнғин чиқиб, 4 нафар йўловчи вафот этган. Ҳайдовчи оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Душанбе шаҳрида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон ТИВ раҳбарлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятга эътибори сусайиб бораётганини таъкидлади, гарчи «у ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият кескинлигича қолиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда». У июль ойида Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилди.
Жума куни БАА президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 73 ёшида вафот этди. Амирликда 40 кунлик миллий мотам эълон қилинди.
Forbes’нинг энг кўп ҳақ тўланадиган спортчилар рўйхатида Лионель Месси етакчилик қилмоқда. У ўтган 12 ой ичида умумий ҳисобда 990 млн доллардан кўпроқ даромад олган атлетлар ўнталагида энг даромадли (130 млн доллар) спортчи бўлиб турибди. Мессидан кейин Леброн Жеймс (121,2 млн доллар) ва Криштиану Роналду (115 млн доллар) жой олган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия томонидан Украинада инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги тахминларни текшириш бўйича резолюцияни қабул қилди. 33 та мамлакат тергов учун овоз берди, Хитой ва Эритрия қарши чиқди, 12 мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон бетараф қолди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет «Киевнинг шимолидаги ҳудудларида суддан ташқари қотилликлар кўлами даҳшатли» эканлигини таъкидлади.
Бош вазир Абдулла Арипов Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида автобус ва трактор иштирокидаги аварияда жабрланган ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш учун қўшни давлатга махсус ишчи гуруҳни юборди. Унга фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов бошчилик қилмоқда.
Шанба куни Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида момақалдироқли қисқа муддатли ёмғир ёғади, ҳарорат +20 даражагача пасаяди. Якшанба куни эса ҳарорат +28 даражагача кўтарилиб, ҳаво булутли бўлиши кутилмоқда.
Президент айрим ҳокимлар йиллар давомида ер сотиш билан шуғулланиб келганини айтди. Унга кўра, ер муносабатларида ҳокимларнинг ваколати тугатилганига қарамай, ер участкаларини ноқонуний сотиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Маълум бўлишича, Фарғона вилояти ҳокимлиги ходими ер ажратиш бўйича қарор қабул қилиш учун ҳоким Хайрулла Бозоровнинг имзосини қалбакилаштирган.
Астрономлар галактикамиз марказидаги ўта массив қора туйнук соясининг биринчи суратини эълон қилди. 2017 йил апрель ойида олинган суратлар устида беш йил давомида ишлар олиб борилган.
Бош прокуратура Ўзбекистондаги 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма ўрнатилганини аниқлади. 76 та ноқонуний қурилмани буздириш бўйича ёзма кўрсатма берилди, 63 таси бўйича иш судга оширилди. Қолаверса, 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Президент 2026 йилгача мактаб таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлади. Давлат мактабларига ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш ва алоҳида фанлар бўйича дарсликларни танлашга рухсат берилди. Қолаверса, Тошкент давлат педагогика университети ва унинг таркибидаги ташкилотлар ХТВга тасарруфига ўтказилди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти онлайн медиа ва ижтимоий тармоқларнинг трансчегаравий имконияти туфайли назорат қилиш қийин бўлган алкоголнинг агрессив рақамли маркетингидан огоҳлантирмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва алкогол маркетингини халқаро тартибга солиш дунёдаги ёшларнинг ҳаётини сақлаб қолиши ва яхшилаши мумкин, деб ҳисоблайди ташкилот.
ДТМнинг миллий баҳолаш тизими бўйича чет тилидан сертификатга эга педагогларнинг ойлигига 2025 йил 1 январгача 50 фоиз, 2025 йил 1 январдан 20 фоиз миқдорида қўшимча пул берилади. Устама сертификатнинг амал қилиш муддати давомида тўлаб борилади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда марафон югуриш оммалашиб бормоқда. Югуриш билан олдин шуғулланмаганлар бирданига узоқ масофани забт этолмасликлари мумкин. Марафонга тайёрланишни нимадан бошлаш керак? Қулай спорт кийимлари қандай бўлади? Узоқ масофага югурганда овқатланиш ва сув ичишда нималарга эътибор қаратиш лозим? Марафоннинг инсон организми учун қандай фойдали томонлари бор? Тавсиялар.
Урганч шаҳри марказида автобус ЙТҲга учради. Унинг икки йўловчиси ҳалок бўлди, ярадорлар ҳам бор. Тармоқларда тарқалган видеоларда ўнлаб одамлар ағдарилиб кетган автобусни кўтариб, йўловчиларга ёрдам бераётганини кўриш мумкин.
Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТҲга учради. Ҳодиса оқибатида 47 нафар ўзбекистонлик тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 18 нафари шифохонага ётқизилган. Икки киши ҳалок бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг