Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва кадастр бўлимининг собиқ ходими 1000 доллар пора олаётган вақтда қўлга олинди. Улар тадбиркорга турар-жой биноси қуриш учун рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилишган.
«Global Money Week-2022» доирасида Марказий банк томонидан 12−15 апрель кунлари ёшлар учун молиявий саводхонлик бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинади. Маҳорат дарслари ҳар бир вилоятнинг «Ёшлар марказ"ларида ўтказилади. Дарсларда қатнашувчиларга пул билан тўғри муносабатлар ҳақида билим ва кўникмалар берилиши айтилди.
UzAuto Motors санкциялар режимига амал қилиш доирасида Россияга автомобиль сотишни тўхтатди, деб хабар берди Eurasianet.
Бутунжаҳон олтин кенгашининг ойлик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон февраль ойида 22 тонна олтин сотган ҳолда дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. 1 март ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин захиралари 339 тонна ёки 20,72 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Ҳафтанинг пайшанба кунидан бошлаб республиканинг турли ҳудудларида шамол тезлиги ошиб, 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда чанг тўзони ҳам бўлиши мумкин. Кучли шамол 11 апрелгаа давом этиши тахмин қилиняпти.
Россиялик таниқли сиёсатчи, Россия Либерал-демократик партиясининг доимий раҳбари Владимир Жириновский вафот этди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева коррупциявий жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилганини маълум қилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри порахўрлик эмас, балки фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайгани айтилди.
Google trends маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар охирги бир йил ичида асосан Hyundai ва Kia автобрендлари ҳақида маълумот излашган. BMW`га асосан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчилар қизиқса-да, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам ушбу брендга қизиқиш катта.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2023 йилга қадар Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилди. Қолаверса, «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт»даги давлат улуши Экспортни рағбатлантириш агентлигига берилди. Бундан ташқари, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 500 минг долларгача кредитлар ажратилади.
Президент фармони билан 1 апрелдан маҳаллий корхоналарга Европа Иттифоқига юқори қўшилган қиймат маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизи, қўшни давлатларга ташишда эса харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади. Қолаверса, божхона омборида 6 ой турган товарларга имтиёз қўллашни тақиқловчи тартиб ҳам бекор бўлди.
Москвадаги турар жой мажмуаси қурилиш майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари оммавий муштлашди. Жанжалга «аҳмоқ» деган сўз сабаб бўлгани айтилмоқда. Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими вазият назорат остида эканини маълум қилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 41 нафар тожикистонлик ва 85 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигранти ҳибсга олинганини маълум қилди. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисида давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти танқид қилинди. Жиззах вилоятидан бошқа барча ҳудудлар сайтида очиқ маълумотлар уч ойгача янгиланмагани таъкидланди. ОАВ ва жамоатчилик билан тизимли алоқаларни йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ва Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаров огоҳлантирилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан депутат Мурод Назаровнинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. У ўз аризасига кўра депутатликдан кетган.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими 2022−2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилинади. Биринчи босқич 1 сентябрдан бошланади.
Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида уч нафар ходим бензин паридан заҳарланиб, ҳушини йўқотди. Улар Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимига ётқизилган.
Метеорологлар март ойида Антарктидада рекорд даражадаги юқори ҳароратни (ўртача ойлик даражадан 40 даража юқори) ва қитъага хос бўлмаган ёмғирларни қайд этишди. Антарктидадан катталиги Рим ёки Нью-Йоркка тенг муз бўлаги ажралиб чиқди.
Тошкентнинг Олмазор туманидаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейи таъмирланаётгани туфайли боғга кириш 30 апрелгача тўхтатилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда савдо баланси дефицити ортиб бормоқда. Меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажман қисқариши хавфи кучаймоқда, Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири Россияда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг пасайиши кутилмоқда, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатга экспортига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Иқтисодиёт фанлари доктори, ЖИДУ профессори Нишонбой Сирожиддинов Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш имконини берувчи иқтисодий сиёсат йўналишларини таҳлил қилади.
Январь-март ойларида улгуржи истеъмолчилар томонидан 28 млн кубдан ортиқ табиий газ ноқонуний ишлатилгани маълум қилинди. Бу билан газ таъминоти корхоналари манфаатларига 25 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оқолтин МФЙда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида зиддият юзага келди. Вилоят ИИБ фермер ўз дала майдонини шудгор қилаётганда аҳоли вакиллари қаршилик кўрсатганини маълум қилди. Фуқаролар эса фермер еридан аҳолига тарқатиляпти, деб эшитиб келганларини таъкидлади. «Халққаям ер берсин, болаларимиз Россияда ишсиз юрибди», — деди можаро иштирокчиларидан бири.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг