2019 йилдан бери энергетика вазири сифатида ишлаб келаётган Алишер Султанов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Чиноз туманида банк ходими «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида фуқароларга ажратилган 2 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағларини турмуш ўртоғи ва яқинларининг номларига очилган деҳқон хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб, пулларни нақдлаштириб келганликда гумон қилинмоқда. У, шунингдек, 10 нафар фуқарога уларнинг хабарисиз кредит ажратиб, пулларни ўзлаштиргани маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Самарқанд туризм марказини қуришни тезлаштириш юзасидан масъулларга топшириқ берди. Лойиҳага кўра, ушбу мажмуада конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвон саройи, 8 та меҳмонхона қуриш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунга келиб, меҳмонхоналар, қадимий шаҳарчалар, йўл ва кўприкларни қуриш ишлари олиб борилмоқда (фото).
Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежков устидан ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилди. Бунга Комил Алламжонов ҳимояси остида Ўзбекистонга 4,2 млн долларлик тилла ва бриллиант тақинчоқлар ноқонуний олиб кирилгани айтилган «Бриллиант бола» номли мақола сабаб бўлди. Мазкур ахборотнинг биринчи манбаси эса Eltuz ресурси ҳисобланади.
Наманган вилоятининг Норин туманида маҳаллий ҳокимият Iftihor Kiyim Sanoat кластерини бошқа бир кластер — Uztex Uchkurgan билан уч йилдан буён ишлаб келаётган фермер хўжаликларига бириктирмоқчи бўлмоқда. Кластерларни ўзгартириш бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев томонидан имзоланган йиғилиш ёпиқ баённомасида кўзда тутилган. Uztex 2022 йил учун фермерлар билан тузилган шартномаларнинг бир қисмини молиялаштиргани, бироқ вилоят ҳокими ён беришни истамаганини маълум қилди. Фермерларнинг айтишича, улар жорий кластердан мамнун. Iftihor Kiyim Sanoat эса «бу ерларни сўрамаганликларини» билдирди.
ХКС космонавти Олег Артемьев интернет фойдаланувчилари илтимосига кўра Орол денгизи суратларини эълон қилди. Суратда Ўзбекистондаги Ғарбий ва Шарқий Оролнинг бир-бири билан ингичка сув йўли билан туташгани ҳамда Қозоғистондаги Кичик Оролнинг зумрад ойнадек тургани акс этган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов лавозимидан озод этилди. У UzAuto Motors монополиясига қарши чиққан эди ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Ягона имтиҳон маркази ишга тушгандан кейин давлат имтиҳон марказлари ёпилгани нотўғри бўлганини айтган эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офисига 2021 йилда 18,7 мингдан кўпроқ мурожаат келиб тушди, бу бир йил аввалги кўрсаткичга (14,9 минг) қараганда ошган. Шундан 11257 таси кўриб чиқиш учун иш юритувига олинган. Мурожаатларнинг асосий қисмини мулкка бўлган ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий имтиёз ва нафақалар олиш каби масалалар ташкил этган.
ОТБ прогнозларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши секинлашиб, 4% ни ташкил этиши кутилмоқда. Ўсиш суръатининг секинлашиши мамлакатда хусусий истеъмолнинг қисқариши ва натижада саноат ҳамда хизматлар соҳаси кенгайишининг чекланиши билан изоҳланган. Банк мамлакатга «яшил ўсиш» ва хусусий секторнинг ривожланиши ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессиясида Камал Тарихов Қорақалпоғистон суди раиси лавозимига сайланди. У мазкур лавозимда Гулнара Базарбаеванинг ўрнини эгаллади.
«Андижон» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ва 2 нафар ходими қўлга олинди, улар пост орқали 5,5 млрд сўмлик юкни ноқонуний тарзда олиб ўтилишига ёрдам бермоқчи бўлган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари март ойидаги ноқулай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини ўрганди. Совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинлари зарар кўрмаган.
Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб 610 гектар майдонда қуриладиган бинолар лойиҳалари билан танишди. Уй-жойлар, меҳмонхоналар, кинотеатр, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар тўрт қаватли ва тўрт хил дизайнга эга бўлади. Шунингдек, пиёда ва велосипед йўлаклари, ерости ва ерусти йўллари барпо этилади. Бундан ташқари, президент Олимпия шаҳарчаси лойиҳасини тасдиқлади.
Осиё тараққиёт банки Сурхондарё (111 км) ва Бухоро (87 км) вилоятларидан ўтувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 273,8 млн доллар миқдорида қарз маблағларини ажратмоқда.
6 апрель куни АҚШ, Буюк Британия ҳамда «Катта еттилик» мамлакатлари Россияга нисбатан янги санкцияларни эълон қилди. Унга кўра, «Сбербанк» ва Альфа-банк активлари музлатилади, Россияга инвестиция киритиш тақиқланади. Бундан ташқари, Россия бош вазири Михаил Мишустин, Дмитрий Медведев, Владимир Путиннинг қизлари, Сергей Лавровнинг турмуш ўртоғи ва қизи ҳам санкцияга тушган. Батафсил «Газета.uz» материалида.
Президент қарори билан янги ташкил этилган бош вазир маслаҳатчиси — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси лавозимига Бобир Исламов тайинланди. У 2017 йилдан бери қўмита раиси сифатида ишлаб келаётганди.
Quacquarelli Symonds халқаро рейтинг агентлиги 2022 йил учун «Фан бўйича рейтинги» натижаларини эълон қилди. Унга кўра, «Математика» фани соҳасида эришган натижалари билан Ўзбекистон миллий университети дунёнинг кучли 500 та университети қаторидан жой олди. Шунингдек, турли йўналишлар бўйича дунёнинг Топ-5 та университети эълон қилинди.
11 апрелдан Қозоғистон Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россия билан қуруқликдаги ўтказиш пунктларида чегарани кесиб ўтиш чекловларини бекор қилади. Манфий ПЗР тести ёки ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлиш талаби сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон санкциялар туфайли Россияга автомобиль сотишни тўхтатгани, 30 апрелгача ёпилган «Ғалаба боғи», депутатлик мақоми тугатилган Мурод Назаров, февралда энг кўп олтин сотган Ўзбекистон, ИТСВга ташқи савдо операцияларини тартибга солиш ваколати берилгани, дориларни маркировкалаш 1 сентябрдан бошланиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 6 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,51 сўмга пасайиб, 11 370,56 сўмни ташкил қилди. Шуниндек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг