Урганчда чорраҳага ўрнатилган реклама мониторида порнографик мазмундаги видеолавҳа намойиш қилинди. Дастлабки тезкор-суриштирув ишларида уни мониторга эгалик қилувчи хусусий фирма ишчиси «эҳтиётсизлик оқибатида» монитор хотирасига юклагани маълум бўлди.
Бектемир туманида тақиқда бўлган 2 гектар ерни 800 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс олдиндан 80 минг долларни олган вақтида ушланди. Унинг тақиқни тегишли органлар орқали ечиши ва қурилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришига ишонтиргани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
ЕТТБ Украинадаги уруш Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатишини прогноз қилмоқда. Банкнинг минтақа мамлакатлари бўйича қайта кўриб чиқилган прогнозларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ 6 фоизга эмас, 4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Россия иқтисодиётида юзага келадиган турғунликнинг минтақа мамлакатлари иқтисодиётига таъсири 2023 йилда ҳам сақланиб қолади.
Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва ташқи хатарларни юмшатиш чоралари, ЙПХ ходимини суратга олишга қаршилигини айтган Светлана Артикова, Рамазон ойининг бошланиши, Урганчда қуриладиган Ал-Хоразмий шаҳарчаси, валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захиралар етарли эканини таъкидлаган Шавкат Мирзиёев, тиббиёт ходимларининг ҳижоб кийиши бўйича тақиқ олиб ташлангани ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 31 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига кўра, Рамазон ойининг бошланиши 2 апрель кунига тўғри келади. Президент муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ўзгидромет томонидан Когон туманида кучли шамол ва ёғингарчиликни прогноз қилишда кўмаклашувчи метеолокатор ўрнатилди. У 200 км радиусда мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ходисалари тўғрисида, жумладан булутлар оқими, шамол тезлиги ва йўналиши, ёғинлар миқдори ва тури, унинг давомийлиги ҳақида маълумот беради.
Тошкентда илиқ кунлар бошлангани муносабати билан 1 апрелдан иссиқлик таъминоти ўчирилади.
Президент бюджет харажатларини 10 трлн сўмга қисқартириш зарурлигини таъкидлади. Шунга кўра, йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш тақиқланди. Қолаверса, улар молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошламаслиги керак.
Президент жаҳондаги нобарқарор вазиятда Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва ташқи хатарларни юмшатиш бўйича топшириқлар берди. Жумладан, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божлари қайта кўриб чиқилади, тадбиркорларга 10 трлн сўм «револьвер» кредитлар берилади. Йил якунигача Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётганларнинг дебитор қарздорлиги учун жарима ва пеня қўлланилмайди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Ўзбекистон билан «Бухоро — Мискин — Урганч — Хива» темир йўл линиясини электрлаштиришга қаратилган 108 млн долларлик кредит шартномасини имзолади.
Шавкат Мирзиёев Жиззах, Самарқанд ҳамда Тошкент шаҳрида захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли, шакар нархи кескин ошганини танқид қилди. «Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган?», — деди у. Таъкидланишича, Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилади.
Президент видеоселектор йиғилишида валюта бозори барқарорлашгани, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланганини айтди. «Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли», — деди Шавкат Мирзиёев. Таъкидланишича, экспертлар жаҳондаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, бош вазир бошчилигида Республика штаби тузилади.
«Гулистон нефть базаси»да 24,7 млрд сўмлик дебитор қарздорликнинг 9 млрд сўми «умидсиз» қарздорликка айлангани маълум бўлди. Шунингдек, жамиятда 3,2 млрд сўмлик камомад ҳамда 2,7 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳам аниқланди.
2020 йилдан бери Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Диёр Имомхўжаев 4 йил муддатга ташкилотга бош директор этиб сайланди.
Меҳнат вазири Нозим Хусанов мамлакат ютуғининг 50 фоизи болалар ва мажбурий меҳнатга чек қўйишга эришилганида бўлса, қолган 50 фоизи уни сақлаб қолишга боғлиқлигини айтди. Сенат раиси Танзила Нарбаева эса «одамлар яратилган шароитлар, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя тизимидан қониқиши кераклигини» таъкидлади. Бунга эришиш учун Ўзбекистон халқаро Better Work дастуридан фойдаланишни режалаштирмоқда. Шунингдек, айрим соҳалар босқичма-босқич 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилиши ҳам мумкин.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова ҳам йўловчи, ҳам «погонли шахс» сифатида ЙПХ ходимларини хизмат вақтида тасвирга олишга қарши эканини маълум қилди.
Миллий олимпия қўмитаси таркибида спортчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Атлетлар комиссияси тузилди. Унга 7 нафар спортчи кирди. Дмитрий Шокин комиссияга раҳбар этиб тасдиқланди, Оксана Чусовитина ва Бекзод Абдураҳмонов эса унинг ўринбосарлари бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тиббиёт ходимларига ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юришга тақиқ олиб ташланди.
Коррупцион схемаларнинг давлат, жамият ва тадбиркорликка етказадиган зарари мамлакат ривожланишига тўсиқ бўлади. ТДЮУ «Бизнес ҳуқуқи» кафедраси мудири Хусаин Раджапов давлат харидларида учраши мумкин бўлган коррупцион схемаларни таҳлил қилди ва ушбу қоидабузарликларга қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирди.
Ўзбекистон январь-февраль ойларида қиймати 5,9 млн долларлик 228 та электромобиль импорт қилди. Уларнинг 95 фоизга яқини Хитойдан келтирилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 150 тага кўпроқ электромобиль олиб келинган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг