Шавкат Мирзиёев ерларни аукционда сотиш йўли билан 400 млрд сўмлик тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз эканлигини танқид қилди. Президент Тошкент вилоятида 14 гектар ер 3,5 млн долларга сотилганини маълум қилди. «Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?» — деди у.
Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси коронавируснинг омикрон штамми туфайли давлат ва хусусий мактабларда ўқишлар 24 январдан бошлаб бир ой давомида онлайн форматда бўлиб ўтишини маълум қилди. Дарслар Миллий телерадиокомпаниясининг телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали бериб борилади.
2021 йилдан Ўзбекистонда имтиёзли кредитлаш сиёсатини бекор қилиш режалаштирилган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу режаларни кейинга суришга тўғри келди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили имтиёзли шартларда кредитларнинг 24,6 фоизи берилган ва бу 2018 йилга нисбатан 2 баробар камдир. Шу билан бирга, имтиёзли кредит портфели таркибида муаммоли кредитларнинг улуши юқори даражада қолмоқда.
Бош прокуратура 2021 йилда 2804 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилганини, уларнинг жинояти оқибатида эса давлатга 913,7 млрд сўмлик моддий зарар етганини маълум қилди. Мансабдорларнинг 1741 нафари растрата, 269 нафари фирибгарлик, 165 нафари пора олиш ва бериш, 41 нафари мансаб сохтакорлиги каби жиноятни содир этган.
Президент раислигида ўтаётган видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан берилди. Қолаверса, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ишдан олинди.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқот чоғида амалий ҳамкорликни кенгайтириш қолаверса, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни ҳам коронавирусга қарши эмлашга рухсат берилганини маълум қилди. Таъкидланишича, бу бўйича алоҳида кўрсатма тайёрланган ва болалар 0,1 мл доза «Pfizer» вакцинаси билан эмланади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати 2021 йилнинг 1 октябридан бери республика бўйича 56 мингдан кўпроқ бюджет ва хўжалик юритувчи ташкилотларда текширувлар ўтказган. Бунинг натижасида коронавирусга қарши эмланмаган 41 179 нафар ишчи-ходимлар вақтинча ишдан четлатилган, 4 139 та ҳолатда эса иш берувчи жаримага тортилган.
Президент қарори билан «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар ҳамда ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон боғи»га туташ ҳудудда «Заковат интеллектуал ўйинлари клуби» учун алоҳида бино ҳамда «Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси» барпо этилади. Қолаверса, «Заковат» стипендияси жорий этилади.
Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. МБда ўтган йили инфляцияни юзага келтирган асосий омиллар озиқ-овқат ва энергия-ёқилғи маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ўсиши эканлиги таъкидланди. «Инфляцион жараёнлар йил сўнгида ноаниқликлар ва пандемик хатарлар фонида нархларга узоқроқ муддат давомида босим яратиши мумкин», — дейилади регулятор хабарида.
Ҳукумат қарори билан ИИВ тизимидаги «Топилмалар столи» фаолияти тугатилади, унинг ўрнига топилмаларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш бўйича хизматлар ДХМ томонидан кўрсатилади. Топилмалар 6 ойгача сақланади, агар бу вақт ичида эгаси аниқланмаса, ашё давлат мулкига ўтади ва аукционда сотиб юборилади.
Ҳукумат бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт импорти ва сотувида ҚҚСнинг нол ставкасини 30 апрелгача узайтиришни режалаштирмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Jizzax Organic ва Promeat чорвачилик ва гўшт етиштириш соҳасида аҳволнинг қандай кечаётгани, ҚҚСдан озод қилиш қандай оқибатлар ва хавф-хатарларга олиб келиши, гўшт нархи ошишининг олдини олиш учун қандай муқобил ечим таклиф қилишлари ҳақида сўзлади.
Пайшанба куни Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов 200 минг сўмлик банкноталарни ишлаб чиқариш режа қилинаётганини маълум қилди. Янги купюралар 2024 йилдан муомалага киритилиши кутилмоқда.
«Sevimli» телеканалида эфирга узатилган «Сабрия» сериалидаги беҳаё эпизодларга нисбатан билдирилган танқидлардан сўнг, телеканал раҳбари Амира Рашидова муносабат билдирди. «Ëвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз», — деди у. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов эса сериал «ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз» эканлигини тан олди.
Ўтган йили Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида хорижда вафот этган 518 нафар фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, агентлик оғир аҳволга тушиб қолган 321 нафар фуқаронинг ватанга қайтишига ҳам ёрдам берган.
Бунёд Абдуллаев орадан қарийб 1 йил ўтиб, Экология давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимига қайта тайинланди. У 2021 йилнинг февралида ишдан бўшатилганди.
Президент қарорига асосан мактаблардаги ёшлар етакчилари штат бирликлари қисқартирилиб, унинг ўрнига республикадаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Уларга маҳалладаги хонадонлар сонига қараб, 4 млн сўмдан 5 млн сўмгача маош тўланади. Ҳар чоракда энг илғор 100 нафар етакчи эса бир ойлик маошга тенг пул мукофоти ҳамда «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.
«Вақф» хайрия жамоат фонди ўтган йили хайрия, закот, диний ташкилотлар, акциялар, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлардан келиб тушган 69 млрд сўмдан ортиқ маблағни хайрияга йўналтирди. Шундан 36 млрд сўмдан кўпроғи масжидлар ва зиёратгоҳ ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга, қарийб 7 млрд сўми ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам беришга, яна 10 млрд сўми пандемия даврида диний соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлашга сарфланган.
Кетма-кет иккинчи кун антирекорд янгиланди, чоршанба куни яна 1307 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди. Яна 4 нафар бемор вирус асоратлари оқибатида вафот этди.
«Ўзбекнефтгаз» жамияти тизимида 2021 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 717,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 91,9 млрд сўм камомад ва ўзлаштиришлар, 57,8 млрд сўм жамиятга зарар, 219,9 млрд сўм бошқа хато ва камчиликларни ташкил қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг