Халқ таълими вазирлиги мактабларда юқори синфлар учун география фани соатлари қисқариши ортидан ижтимоий тармоқларда тарқалган фан ўқитувчиларининг эътирозларига муносабат билдирди. 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона 3 соатлик «Табиий фанлар» фани киритилган. Қисқараётган 3 соат эса «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга қўшиб берилган. Вазирлик географияга оид мавзулар 96 тага кўпайганини ҳам қўшимча қилди.
Давлат божхона қўмитаси Тошкент туманида 77 кг гиёҳвандлик воситасини қопларда картошка кўринишида яшириб, хорижий давлат фуқаросига етказиб бермоқчи бўлган шахсларни қўлга олди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаденинг маълум қилишича, Ўзбекистон биринчи чоракда COVAX дастури доирасида 11 млн дозадан кўпроқ вакцина қабул қилиб олади. COVAX орқали ҳозиргача етказиб берилган вакциналар ҳажми 10 млн дозадан ошган.
Ўзбекистонда 100 ёш ва ундан ошган фуқароларнинг нафақасига пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100% миқдорида — 289 000 сўм қўшимча тўлов қилинади. 1 январь ҳолатига мамлакатда 570 нафар 100 ёш ва ундан ошган шахс истиқомат қилади.
ТИВ расмий вакили «Жибек жоли» ўтиш пунктида Қозоғистондаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлигини рад этди.
2021 йилнинг 11 ойи мобайнида Ўзбекистон Қозоғистондан 639 млн доллар қабул қилиб олган, 102 млн доллар маблағ эса қўшни мамлакатга жўнатилган. Шу тариқа Қозоғистон пул ўтказмаларининг қарийб 30 фоизи Ўзбекистон ҳисобига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон фан арбоби, академик, профессор Бахтиёр Назаров 77 ёшида оламдан ўтди. У 1986−1994 йилларда «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг бош муҳаррири, президент маслаҳатчиси, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаганди.
Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги марказ Ўзбекистонда илк учувчисиз дрон ишлаб чиқарди. LOCHIN аппарати — разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажара олади. Қолаверса, қурилмадан қишлоқ хўжалигида ҳамда қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ва муҳим объектларни кузатишда фойдаланиш мумкин (видео).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 киши, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштирилиши, озиқ-овқатлар махсус қадоқланган ҳолда тарқатилиши, Саудия қироллигида жорий қилинган 15 фоиз ҚҚС умра тўлови ошишига таъсир этганини маълум қилди. Қолаверса, бу йилги мавсумда Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилингани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев умумий ва ихтисослаштирилган мактабларда фанлар ва чет тилларини ўқитиш сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, ихтисослаштирилган 790 та мактаб босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилиши маълум қилинди.
Душанба куни COVID-19 билан кунлик касалланишлар сони ўтган кунга нисбатан 1037 тадан 935 тага камайди. Коронавирус билан оғриган 4 нафар бемор эса вафот этди.
Президент қарори билан 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади. Норезидент юридик шахслар учун эса 5% ставкада фойда солиғи тадбиқ этилади.
«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски FIFA талқинига кўра 2021 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Криштиану Роналду халқаро футболда барча вақтлардаги энг яхши тўпурарга айлангани учун FIFA`нинг махсус соврини билан тақдирланди. Барча совринлар эгалари.
Индонезиянинг янги пойтахти Нусантара деб номлангани, Швецияда омикрон штаммининг янги мутацияси аниқлангани, Абу-Дабида дрон ҳужуми оқибатида уч кишининг ҳалок бўлгани, Нурсултон Назарбоевнинг жияни ва куёвлари ўз лавозимларини тарк этишгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Маҳаллий Ulkan Mulk компанияси «Билдирсой» дам олиш масканини канат йўли билан бирга 107 млрд сўмга сотиб олди. Харидорга дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий талабларига риоя қилиш мажбурияти ҳам юклатилган.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев мол-мулк солиғининг 2 фоиздан 1,5 фоизга туширилиши ҳалол ишлаб келган тадбиркорлар манфаати учун хизмат қилишини таъкидлади. У айрим тадбиркорлар камроқ солиқ тўлаш учун объект нархини паст кўрсатгани, эндиликда улар ҳам белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўлашларини таъкидлади.
Бирлашган Араб Амирликларининг Quadro IH DMCC компанияси «Пойтахт» бизнес марказини сотиб олиш бўйича танловда ғолиб бўлди. Битим нархи — 164 млрд сўмни ташкил этди. Компания шунингдек, 6 млн доллардан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиш мажбуриятини ҳам олган.
Ўзбекистонда антирекордни қайд этган қоронавирус, Андижонда ноқонуний кесилган 12 туп қимматбаҳо дарахт, IT-танлов ғолибига ишлатилган ноутбук берилгани, Қашқадарёда 500 минг сўм пора олгани учун 5 йилга қамалган шифокор, акциялари очиқ савдога чиқариладиган UzAuto Motors ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 17 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, тиббиёт муассасалари тиббий хизматларни (бундан косметологик хизматлар мустасно) реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод қилинди. Қолаверса, тиббиёт муассасалари эгаллаб турган ерлар солиқ солинмайдиган ер участкалари рўйхатига киритилди, фойда солиғи эса 0% ставкада қўлланиши белгиланди.
Premium Prime Service компанияси оммавий савдо якунлари бўйича Тошкент шаҳридаги «Малика» савдо мажмуасини қўлга киритди. Инвесторга 100 млрд сўм сармоя киритиш ва 250 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти ҳам юклатилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг