Европа Иттифоқи етакчиларининг Россияга қарши санкцияларни узайтиришга қарор қилгани, Япониядаги касалхонада чиққан ёнғинда 24 кишининг ҳалок бўлгани, Хитой АҚШни савдо қоидаларини бузганликда айблагани, Жанубий Корея коронавирус туфайли чекловларини кучайтириши ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ўзбекистонга 400 млн ажратган Жаҳон банки ҳамда 162 млн доллар қарз берган Осиё тараққиёт банки, Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин қабул қилган қўшма баёнот, коррупциявий жиноятни содир этган 14 мингдан ортиқ мансабдор, нархи арзонлашган «АИ-80» бензини, 2022 йилда кутилаётган хавф-хатарлар, янги 50 минг сўмлик банкнотадаги хатони тан олган МБ ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 17 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Капитализациясига кўра Ўзбекистоннинг энг қиммат банклари маълум қилинди. Trastbank энг қиммат банк дея топилди. Ундан кейинги ўринларда Ўзсаноатқурилишбанк ва Ipoteka-bank қайд этилган.
18 декабрь куни Истанбулда «Ўзбекистон ёшлари форуми — Туркия» ўтказилади. Форум иштирокчиларининг лойиҳаларини ёшларга доир қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон ҳукумати қарори учун таклиф сифатида киритиш мўлжалланган.
Жаҳон банк Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишини тезлаштириш мақсадида 400 млн доллар кредит тақдим этади. Бунда Ўзбекистонга 30 йилдан ортиқ муддатга паст фоизли 250 млн долларлик имтиёзли кредит, шунингдек, қайтариш муддати 12 йилдан ортиқ бўлган 150 млн доллар миқдоридаги кредит бозор фоиз ставкасида тақдим этилади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,90 сўмга пасайиб, 10 821,32 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси кўтарилди, рубль курси эса пасайди.
Осиё тараққиёт банки илк бор давлат кафолатисиз Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати корхонаси — Korzinka супермаркетлар тармоғига 12 млн доллар миқдорида кредит ажратди.
Тошкент вилоятида экология соҳасига оид масалаларни кўриб чиқишда тизимли равишда камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят Экология бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилди. Қолаверса, мурожаатларни кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйгани учун 14 нафар масъулга «хайфсан» берилди.
Марказий банк 50 минг сўмлик банкнот намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилгани, аммо мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилганлигини тан олди ва бефарқ бўлмаган барчага миннатдорчилик билдирди. МБ ушбу янги кўринишдаги пуллар эмиссия қилинмагани, ҳозирда хатолик бартараф этилаётганини қўшимча қилди.
Сеулда Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқасини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Музокаралар якунида эса Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин стратегик шерикликни чуқурлаштиришга оид қўшма баёнотни қабул қилди. Қолаверса, АКТ, «ақлли» қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид меморандумлар, Иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда тиббий ускуналар етказиб бериш тўғрисида битим имзоланди.
Шанба куни кундузги ҳаво ҳарорати +17 даражагача пасаяди, якшанба куни эса Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келиши натижасида ҳудудларда ёмғир ёғади ва ҳаво бироз совийди.
Bloomberg таҳлилларига кўра, 2022 йилда иқтисодий ўсиш учун энг йирик хавф-хатарлар — омикрон, кескин инфляция, АҚШ Федерал резерв банки асосий ставкаларининг ўсиши, Хитойнинг таназзул ёқасидаги гигант компанияси Evergrande, Тайвань, ривожланаётган бозорлар инқирози, Brexit музокаралари, еврозона инқирози, Яқин Шарқдаги озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши бўлиши мумкин.
Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан (сешанба) 10 январга (душанба) қадар давом этишини маълум қилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси норасмий валюта операцияларининг олдини олиш учун хусусий валюта шохобчаларининг ишлашига рухсат бериш таклифини илгари сурди.
Пойтахтда ўтган конференцияда адлия вазири Русланбек Давлетов сўнгги 5 йилда 14 мингдан ортиқ мансабдор шахс коррупциявий жиноятни содир этганини маълум қилди. Шундан энг кўпи туман миқёсидаги амалдорлар ҳисобланади. Вазир шунингдек, бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўлса, ўзаро манфаатлар тўқнашуви ортидан қонун бузилишини айтиб ўтди.
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Светлана Рашидова — Шароф Рашидовнинг қизи 70 ёшида вафот этди.
Жума кунидан «Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли республикадаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларида «АИ-80» маркали бензин нархи 6500 сўмгача арзонлаштирилди.
Президент қарори билан республикада гидроэнергетикани ривожлантириш дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2030 йилда республикадаги гидроэлектр станциялари қувватини 3416 МВтга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, хусусий инвесторлар қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз ҳамда 5 МВтгача бўлган гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона энергетика тизимига уланмаган ҳолда истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлди.
Июль ойида Тошкент вилояти Қибрай туманида бир оиланинг тўрт аъзоси (ота, икки қизи ва ўғил) ҳамда уйда ишлаган қурувчини ўлдирган қотилга умрбод қамоқ жазоси тайинланди. У махсус тартибли колонияда жазо ўтайди.
Осиё тараққиёт банкининг 162 млн долларлик лойиҳаси доирасида Бухоро, Мискин, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи 465 километрлик темир йўл линияси электрлаштирилади. «Бухоро-Хива» линиясининг электрлаштирилиши йиллик йўловчи ташиш ҳажмини 2026 йилга келиб уч ярим баробардан зиёдга оширади. Лойиҳа натижасида йиллик юк ташиш ҳажми 2026 йилда жами 11,8 миллион тоннага етиши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг