Ўзбекистонда 246 033 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар коронавирусга қарши Pfizer/BioNTech вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди. Вакцинациянинг юқори кўрсаткичлари Фарғона, Наманган ва Андижон ҳудудуларида.
Қирғизистон Энергетика ва саноат вазири ўринбосари Таалайбек Ибраев Тоқтогул сув омборининг сув сатҳи «ўлик чегара» даражасигача тушиши эҳтимоли катталиги туфайли Марказий Осиё давлатларини кутилаётган сув танқислигидан огоҳлантирди. Унинг фикрича, «вазиятни ўнглаш учун Қирғизистон электр энергетика тизимига қўшни давлатлардан ёрдам олиш зарур».
Япония ҳукумати Ўзбекистонда пахтачилик ва ўғит саноатини модернизация қилиш учун қарийб 2 млн доллар ажратди. «Умид қиламизки, кўпроқ хорижий сармояни жалб қилиб, шу жумладан, япон компаниялари иштирокида, ушбу соҳаларда савдони жонлантириш имконияти яратилади», — деди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Ёшинори Фужияма.
АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг COVID-19 га чалиниш хавфи кўрсаткичлари рўйхатида Ўзбекистон «ҳозирги вазият номаълум бўлган мамлакатлар» гуруҳида қолмоқда.
Пойтахтда ёзувчи Назир Сафаровнинг барельефини ўғирлаганликда гумон қилинган икки шахс қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
АКТ вазирлиги бир қатор ижтимоий тармоқларга вақтинчалик кириш имкони бўлмаганига «Ўзбектелеком» АК ускуналаридаги носозлик сабаб бўлганини маълум қилди. Хабар кейинроқ ўчирилди.
Янги қабул қилинган ҳукумат қарорлари, «Ўзкомназорат» Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Odnoklassniki`нинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаши, мазкур ҳолатдан президентнинг хабар топиши — «Газета.uz»нинг 3 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
«Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев «нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун» эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши айтилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «„Ўзкомназорат“ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топгани» ҳақида хабар берди.
Ўзбекистонда шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчилар реестрига TikTok, Twitter, ВКонтакте va Skype`дан ташқари Telegram, Facebook, Odnoklassniki, YouTube va бошқалар киради. Ўзбекистонда ушбу ижтимоий тармоқларнинг фаолияти чекланган.
Қашқадарёда Термиз туман судида судья билан жанжаллашиб қолган воқеадан сўнг қўзғатилган жиноят иши бўйича Effect.uz интернет-нашрининг уч журналистига ҳукм чиқарилди. Улардан бири уч йилга озодликдан маҳрум этилди, икки нафарига турли муддатларга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Тошкент аэропортида 200 га яқин киши Истанбулга уча олмади. Маълум бўлишича, сайёҳлик компанияси келишмаган ҳолда рейс учун чипталар сотган. Транспорт вазирлиги захирадан самолёт ажратди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports.
Ўзбекистонда барча мактабгача таълим ёшдаги ва 1-синф ўқувчиларини гриппга қарши бепул марказлашган ҳолда эмлаш режалаштирилмоқда.
Марказий банк келгуси уч йилда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий ва муқобил сценарийларини тақдим этди. Уларни аниқлашда МБ илк бор иқлим ўзгаришларини ҳисобга олди. Регулятор келгуси йилларда инфляциянинг узоқ муддатли омилларини бартараф этиш зарурлигини қайд этди.
Хўжа Порсо жоме масжидининг тарихий биноси бузилганлиги ҳолати юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентлик фуқаро ўз уйида қуёш фото электр станциясини ўрнатиб, унда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиш бўйича ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан шартнома имзолади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 16,94 сўмга пасайиб, 10 695,06 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё туманида юк ташувчи мототцикл, енгил ва юк машиналари иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 3 киши оғир тан жароҳати олди.
ОАВ вакиллари Basalt Wool МЧЖ иқтисодий самарадорлиги, замонавий ишлаб чиқариш қуввати билан яқиндан танишди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, Россия ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун консуллик муассасаларига мурожаат қилиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг