2 йил давомида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги 100 га яқин мансабдор коррупциявий жиноятни содир этгани учун жавобгар бўлган. Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарлари 240 млн сўм, Наманган «Таъмирлаш тиклаш хизмати» корхонаси мансабдорлари 250 млн сўм ва Сурхондарё Сув таъминоти бошқармаси ходимлари 540 млн сўмни ўзлаштирган.
Президент видеоселекторда уй-жой ширкатларининг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 трлн сўмдан ортиб кетганини танқид қилди. Уларнинг кредит муддати узайтирилгани билан 52 фоизи сўндирилмагани айтилди. «Бу банкларнинг пули-ку. Сизлар банкларга „пул бер“ деб ўрганиб қолгансизлар, уларни қайтариш ҳақида ким ўйлайди?», — деди давлат раҳбари.
Тошкентда 24 ёшли кар-соқов бўлган аёлни калтаклаб, тан жароҳати етказган шахс қўлга олинди. Жабрланувчига ҳимоя ордери берилди.
Шавкат Мирзиёев видеоселекторда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари барча ҳудудларда ҳам бирдек сифатли олиб борилмаётганини танқид қилди. Йиғилишда қолоқликлар мавжуд вилоятларга президент Администрацияси, Ҳукумат, Ҳисоб палатаси ва вазирликлар масъул раҳбарлари йил якунига қадар бириктирилиши таъкидланди.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги Акмал Бурхонов Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашни 10 баллик тизимда баҳолади. «Қилинган ишларни 10 баллик тизимда баҳолаш керак бўлса, қўрқмасдан 8 балл берган бўлардим», — дейди у.
Cенатнинг 15 ялпи мажлисида Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ҳужжат Пекин Декларацияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришга кўмаклашади. Сенаторлар стратегия хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка барҳам беришига ишонтирмоқда.
Тошкентнинг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида пойтахт ҳокимлиги шаҳарнинг қадимий 12 та дарвозаси ва қалъа девори ўрнини аниқламоқда. Тошкент ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти директорининг ўринбосари Камолиддин Файзуллаев эски хариталарни излаш ва шаҳарнинг бир ярим аср давомида қандай ўзгаргани ҳақида гапириб беради. Хариталарнинг қисми биринчи маротаба эълон қилинмоқда.
Бош вазир Абдулла Арипов МДҲ ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш мақсадида Минск шаҳрига ташриф буюрди. Ҳукумат раҳбарлари аввалига, Беларусь президенти Александр Лукашенко қабулида бўлишган. «Беларусга интернет орқали бўлаётган ҳужумларга қарамасдан, ўзингиз кўриб турганингиздек, бу ердаги вазият тинч», — деган у.
Долларнинг расмий курси 8,38 сўмга пасайди ва жами 10 580,65 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари ҳам бироз пасайган.
Ўзбекистон ҳукумати аҳоли жон бошига ЯИМни ҳозирги пайтдаги 1700 доллардан 2025 йилгача 2500 долларга ва 2030 йилгача бўлган муддат ичида 4200 долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Қорақалпоғистонда жайрон овлаган икки браконьер «Жанубий Устюрт» табиат боғи инспекторларининг машинасига ҳужум қилди. Овчилар қурол билан таҳдид қилиб, машина ғилдиракларини тешишган ва ходимларнинг телефонларини олиб қўйишган. Орол денгизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Ховос туманида 22 ёшли аёлни поезд уриб юборди. У олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентда реклама баннерларининг бузилиши масаласини ўрганган бизнес-омбудсман пойтахт халқ депутатлари кенгашининг бу тўғрисидаги қарорининг лойиҳаси адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаганлигини аниқлади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети билан ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзолади. Мамлакатда мазкур таълим муассасасининг филиали очилади.
Молия вазири Тимур Ишметов 2020 йилда давлат бюджетига қанча даромад тушганини очиқлади. Йил бошидаги прогнозга нисбатан давлат бюджетига ҚҚСдан 13 трлн сўм кам маблағ тушган. Вазир камомадлар ниманинг ҳисобига қопланганлигини ҳам маълум қилди.
Дам олиш кунлари илиқ ҳаво кириб келиши кучаяди, жуда иссиқ об-ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати 36−39 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 40−42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Тошкентда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилади, вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида болалар гематологияси ва онкология бўлимлари очилади. Республика гематология ва онкология ва радиология марказлари янги биноларга кўчиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланади. Туман поликлиникаларида аёлларни оммавий текширувдан ўтказиш учун «Онко-назорат» хоналари ташкил этилади.
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан 40 йилга 100 млн доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан эса 30 йилга 100 млн доллар қарз олади. Маблағлар Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш лойиҳаси доирасида сарфланади. Жумладан, 35 млн долларга 1000 та тез тиббий ёрдам машинасини харид қилиш режалаштирилган.
2020 йилда Ўзбекистон ташқи қарзи 21,1 млрд долларни ташкил этди. Сенат мажлисида молия вазири Тимур Ишметов ташқи қарз нималарга сарфлангани ҳақида маълумот берди.
Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Танзила Нарбаева қарздор корхона ва ташкилотлардан қарзни ундиришнинг ўрнига, мукофот пули учун уларни банкрот деб эълон қилишга интилаётган суд бошқарувчиларини танқид қилди. Молия вазири Тимур Ишметов эса мазкур тартиб ўтган чоракдан тўхтатилгани ва қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Ушбу тартиб, президентнинг 2019 йил 1 февралдаги қарори билан белгилаб берилганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг